Қўшнимнинг симсиз (wifi) интернет тармоғидан унинг розилигисиз фойдаланишим мумкинми?

22.01.2018 17:30 3010

Савол

Қўшнимнинг симсиз (wifi) интернет тармоғидан унинг розилигисиз фойдаланишим мумкинми?


Жавоб

Парол қўйилган бундай тармоқдан фойдаланашингиз шаръан жоиз эмас. Чунки эгаси унга парол қўйиш билан бошқаларнинг киришига тақиқ қўйишни хоҳлаган. Унинг изнисиз бундан фойдаланиш одамларнинг мол-мулкига тажовуз ва ботил йўл билан ейиш сирасига киради. Бундай қилишдан Аллоҳ таолонинг: "Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли" деган "Нисо" сураси, 29-ояти ва Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Вадо хутбасидаги: "Албатта қонларингиз ва молларингиз худди бугунги кунингиз, бу ойингиз ва бу шаҳрингиз ҳаром бўлганидек сизларга ҳаромдир" деган сўзлари билан қайтарилганмиз (ҳадисни имомлар – Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Энди парол қўйилмаган wifi тармоқларига келсак, омма тўпланадиган жойларда улардан фойдаланишга шаръан монеълик йўқ. Чунки улар айнан шу мақсадда ўрнатилган. Аммо хусусий шахсларнинг паролсиз тармоқларидан фойдаланишнинг асли жоиз эмас. Илло эгаси очиқ рухсат берган бўлса ёки урфда фойдаланиш одат бўлган бўлса, бу ҳолатларда уларни ишлатиш жоиз ҳисобланади.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад