Уйнинг ҳақини тўлиқ бермаган одам эгалик даъвоси билан чиқа оладими?

16.04.2018 17:00 436

Савол

Куёв қайнотасининг ҳовлисини олди. Келишувда қайнотасига 1 хонали ва қайнисига 3 хонали уй олиб бериши керак эди. Қайнотасига “Сизга ўзимиз қараймиз”, деб унга аталган уйни олиб бермайди. Лекин у кишига қарамайди. Қайнисига эса Туркиядан қайтганидан кейин 3 хонали олиб бериши керак эди. Аммо бу шарт ҳам бажарилмайди. Мазкур келишувга 9 йил бўлди. Ўшанда фақат 6500 доллар берган холос. Энди яқинда қайнотасининг вафотидан кейин қайнисига уйни бўшатиб қўй, уй меники, сенга 2 хонали уй олиб бераман деяпти. Унинг 3 нафар ўғли бор. Фарзандлари отасининг нотўғри иш қилаётганини билишяпти. Бироқ отасига қарши чиқса, оқ бўлишдан қўрқишяпти. Хуллас 80 минг долларлик уй эвазига 20 минг долларлик уй олиб бермоқчи. Саволим, у одам 9 йилдан бери уйнинг ҳаққини тўлиқ бермай турган ҳолатда уйга эгаликни даъво қилишга ҳақлими? Ўз навбатида унинг фарзандлари отасига билдирмай уйни тоғасига қайтариб бериш йўлини тутишса бўладими? Яна бир савол, 6500 долларини бериб, келишувни бекор қилиш мумкинми?


Жавоб

Агар сиз айтганингиздек келишув бўлиб, савдо охирига етган бўлса, байни бузмаслик керак. Бу ҳолда отангиз уч ва бир хоналик уйни олиб беришлари шарт. Чунки Аллоҳ таоло: "Эй иймон келтирганлар! Аҳднома-шартномаларга вафо қилинг!" дейди ("Моида" сураси, 1-оят).

Аммо масала ёзганингиздек чигаллашиб, байъ қилганлардан бири вафот этиши туфайли келишувга риоя этилмаётган бўлса, судга мурожаат қилишлари ёки олим кишилар даъвогарларни сулҳга келтиришлари керак бўлади.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад