1100 дан зиёд киши Ўзбекистон фуқароси бўлди

15:20 13.03.2018 387

Аслида, бир одам кўнглига йўл топишнинг ўзи мураккаб. Бутун халқ дарду ташвишларига малҳам бўлиш, орзу-умидларига қанот бағишлаш эса ниҳоятда қийин ва айни дамда жуда улуғвор иш.

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш, чегара муносабатларини тартибга солиб, оға-ини, қардош-биродар бўлиб яшаган халқларнинг азалий муносабатларини қайта тиклаш, уйсизларга уй бериб, муҳтожларга мурувват кўрсатиш, давлат идораларини тўла-тўкис халқ учун хизмат қилдириш... Узоқ йиллар давомида ўз ечимини кутган бундай оғриқли муаммоларни ҳал этиш шунчалик осон, деб ўйлайсизми?! Табиийки, буларнинг барчаси — юксак ақл-идрок, донишмандлик, оқилона сиёсат, фидойилик ва матонат маҳсули.

Биз “Инсон қадри улуғ” рукни орқали одамларимиз ҳаётида муҳим бурилишлар ясаган ана шундай янгиланишлар мазмун-моҳияти, уларнинг оддий одамлар ҳаётидаги ифодасини туркум мақолаларимиз орқали ёритишни мақсад қилдик. Шулардан дастлабкисини бугун газетхонлар эътиборига ҳавола этаяпмиз.

Одамларни рози қилиш — энг муҳим талаб

“Инсоний вужуддан мақсад — бахт-саодатга эришувдир”, деб ёзган эди Абу Наср Форобий. Шарқ Уйғониш даврининг буюк мутафаккири фикрича, фозил одамлар шаҳри аҳолиси айнан шундай тақдирга муносиб. Хўш, орадан 1100 йил ўтиб бу кўҳна ҳикмат ўз аҳамиятини йўқотдими? Албатта, йўқ!

Юртимизда кечаётган янгиланишлар моҳиятига теранроқ назар ташласак, улар авваламбор, инсон қадр-қиммати, шаъни, манфаатига хизмат қилаётганига амин бўламиз. Зеро, каттаю кичик раҳбарлар олдига қўйилган давр талаби битта: одамларни рози қилиш! Бунинг учун халқ орасига чуқурроқ кириб бориш лозим. Давлатимиз раҳбарининг қатъий даъвати — шу!

Ушбу жараёнда аёнлашадики, юртдошларимизни қийнаб келаётган кўплаб масалалар ечилмай қолаётган экан. Қаранг, астойдил киришилгани туфайли уларни самарали ҳал этиш йўллари кўзга ташланди. Халқ давлат идораларидан кўп ҳолларда мамнун. Чунки жамиятда адолат ва ҳақиқатни амалда таъминлаш устувор аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари опа-сингилларимиз байрами кунидаги нутқида кўнгилларни беҳад шод айлаган эзгулик хусусида алоҳида тўхталиб ўтди: ўтган бир ярим йилга яқин вақт ичида мамлакатимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1 минг 100 дан ортиқ шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олди!

Шу ўринда чуқур мулоҳаза юритиб кўрайлик. Узоқ йиллар Ватан ичида “беватан” ҳаёт кечирган бундай қисмат эгалари ҳақида биз нималарни биламиз? Улар ким? Қандай умр кечиришди?

Тақдирларни ўзгартирган воқеа

Ўзбекистон Республикаси паспортининг охирги саҳифасини очамиз. Унинг муқоваси ички қисмида шундай ёзув бор: “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”.

Табиийки, бу ҳужжат — миллионлаб ўзбекистонликларнинг чексиз ғурури! Чунки яшил муқовали паспортимиз, аввало, мамлакатимиз ҳудудида йўлимизни очиқ қиладиган “яшил чироқ”дек гап. Қолаверса, у хорижга чиқиш-кириш, сайлаш ҳамда сайланиш каби кўплаб ҳуқуқ ва эркинликларни тақдим қилади. Лекин ҳамма ҳам ана шу имкониятдан баҳрамандмиди? Афсуски, айни пайтгача минглаб азиз инсонлар тақдирида ватансизлик қисмати ёзилган эди.

Яхшиси, қувончли рақамларга мурожаат этайлик. Президентимиз Фармони чиққанидан буён биргина Хоразм вилоятида Ўзбекистон фуқаролигини олган шахслар сони роппа-роса 200 нафарга етди. Шулардан бири Урганч шаҳридаги “Inform-Algo” хусусий корхонаси бош муҳандиси Умед Жабборовдир.

— Тожикистон Республикасида туғилган бўлсам-да, ота юртим — Ўзбекистон, — дейди у. — Шу сабабли дастлаб Душанбе политехника институти, кейин Москвада аспирантурани тамомлаб, 1996 йилда Урганч шаҳрига кўчиб келганмиз. Бугун оилам шу ерда! Бахтимни табаррук заминдан топдим. Ҳаётим ушбу мамлакат билан чамбарчас боғлиқ.

Онам Муаззам Арабова — олима аёл. Физика-математика фанлари номзоди, доцент. Ёшлар таълим-тарбиясига кўп меҳнатлари сингган. Урганч иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ишлаган. Ҳозир нафақада. Ўзим-ку, майли, шундай фидойи инсон ҳам узоқ йиллар заҳмат чекиб яшади. Юрагини ҳамиша бир армон кемирди. “Ўзбекистон фуқаролигини олармиканман?!” деб 21 йил интиқ кутди. “Омад келса, қўшалоқ келади”, дейишгани рост. Давлатимиз раҳбари омон бўлсинлар. Ўтган йили мен ва онам Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндик. Энди ҳеч кимдан камимиз йўқ. Бошимизни баланд кўтариб яшасак арзийди. Президентимизнинг ўтган ҳафтадаги давлат ташрифини қаранг. Тожикистон билан чегаралар очилганидан қанчадан-қанча одамлар бахтиёр. Икки қардош халқ ўртасида борди-келди алоқалари тиклангани чинакам тарихий воқеа бўлди. Шундай иқбол пешонамизга битилганига беадад шукроналар айтамиз.

Бу оламда ҳатто қушнинг ҳам ўз ошёни бор. Ҳар гиёҳу кўчатнинг илдиз отган замини — унинг Ватани. Лекин тақдир тақозоси билан Ватанида бегонадек умр кечириш, одам бўлиб одамдек қадр топмаслик нақадар оғриқли?

— Наманган вилоятида туғилганман, — дейди Раънохон Ҳамидова. — “Қиз бола палаҳмон тоши”, деганларидек, анча йиллар аввал қўшни давлатга келин бўлиб тушдим. Бир муддат ўша жойда истиқомат қилдик. Вақти-соати етиб, туғилиб-ўсган қишлоғимга қайтдик. Барча қатори яшасак-да, “Ўзбекистон фуқароси эмасман-а”, деган ўйдан изтиробга тушардим. Бу, айниқса, сайловларда овоз бериш жараёнида қатнаша олмаганимда роса алам қилган.

Мана, ниҳоят ниятим рўёбга чиқди. Юртбошимиз Фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган шахслар рўйхатида турмуш ўртоғим иккимизнинг исм-шарифимизни кўриб, кўзимизда севинч ёшлари қалқиди. Ўзбекистоннинг чинакам фуқаросига айландик. Энди барча ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан тўлақонли фойдалана оламиз. Ҳозир тўрт нафар фарзандимиз билан Янгиқўрғон туманининг Мамай қишлоғида истиқомат қилаяпмиз. Фуқаролик мақомига эришиш турмушимизга гўзал мазмун киритди.

Энди чекловларга ўрин йўқ

Салима Холдорова қўшни Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилоятида туғилган. Мактабни тамомлаб, 1987 — 1992 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олган. Ўзбек йигитига турмушга чиққан. Ҳозир Навоий кон-металлургия комбинати музейида ишлайди.

— Онам эллик беш ёшида, алпомишдай укам Иқболжон ўттиз уч ёшида бу ёруғ оламни тарк этди, — дейди Салима опа. — Шундан кейин отам букчайиб қолди. У кишининг ҳолидан хабар олай, дердим-у, фуқаролигим йўқлиги боис кўплаб тўсиқларга дуч келаверардим. Устига-устак, чегаралар ёпиқ. Четга чиқиш учун қўшни давлатдан “таклифнома” келиши керак. Бу қанча оворагарчилигу сарсонлик эвазига қўлга киритилишини бошидан кечирган одам яхши билади. Давлат маҳкамаларида уч-тўрт ойлаб сарсону саргардон бўлиш осон эмас-да. “Таклифнома” қўлимга теккач, Тошкентга, Қирғизистон элчихонасига боришим, 100 — 150 АҚШ доллари тўлаб виза олишим керак бўларди. Ўзбекистон фуқароси бўлганимдан бошим осмонга етаётган бир пайтда юртимиз билан қўшни давлат ўртасида қадимий алоқалар, яқин муносабатлар тикланди. Паспортимни қўлимга олгач, отам, яқинларим дийдорига қийналмасдан етадиган кунлар менга насиб этди. Шундай бир ажойиб муҳит юзага келдики, чегарадан ўтказиш пунктларидаги инсонга бўлган муносабат, божхона ходимларининг эъзозли муомаласи, очиғи, йўлга чиққан одамга қуч-қувват бераяпти, десам, муболаға эмас.

Отам ҳовлисига кириб келганим заҳоти бамисоли байрам иштирокчисига айландим. Қўни-қўшнилар тўпланишган экан. Шунда улар мени, мен эса уларни дилдан соғинганимни ҳис қилдим. Энди тўсиқ йўқ, оворагарчилик йўқ. Давлатимиз раҳбари дўстлик кўпригини шундай мустаҳкам ўрнатиб қўйдики, унинг икки томонидаги халқлар бир-бирларига талпингани-талпинган. Айтишим керакки, фуқаролик паспортим қўлдан-қўлга ўтиб талаш бўлиб кетди.

Тўғриси, айбга йўйманг, ичимда “Ишқилиб гард тегиб қолмасин-да”, деб хавотирга тушдим. Дарров олдим-да, кўксимга босдим. Сабаби, у қадримни ифодаловчи бахтим, ҳаётим, эртанги куним, фахру ифтихорим!
* * *
“Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.”

Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг 22-моддаси.

Фаррух БЎТАЕВ

Манба: "Халқ сўзи"

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!