"Валютада қарз берилди" деб ҳисоблаш рибоми?

21.02.2018 15:20 2948

Савол

Ассалому алайкум! Агарда мен дўстимга маълум миқдорда сўм бериб, ўша пайтдаги доллар курси бўйича доллар берилди деб ҳисобласам ва ўшанча доллар қайтарасан деб келишсам, бир муддат ўтиб, дўстим пулни берилаётган пайтнинг курси билан ваъда қилинган доллар қийматича сўм берса ва олинган пайтдаги сўм билан берилган сўм миқдорида тафовут бўлса, бизнинг келишувимиз рибоми? (100$=8000 ~ 100$=8100)


Жавоб

Агар сиз қарзни сўмда берсангиз, уни сўмда қабул қилиб олишингиз керак. Аммо қарздор бошқа пул бирлиги, масалан долларда қайтармоқчи бўлса, қарзни адо этаётган кундаги нархда қайтариши лозим. Масалан, доллар 8000 сўмлик пайтда 800000 сўм қарз олган бўлса ва доллар 8200 сўмга кўтарилган пайтда уни долларда қайтармоқчи бўлса,  97,5 доллар беради. Табиий, бунда ҳақдорнинг розилиги ҳам олинади. Чунки бу сарф битими ҳисобланиб, бошқа битимларда бўлганидек, икки томоннинг розилиги лозим.

Масалага Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадислари далил бўлади: “Мен туяни (насияга) динорларга сотардим ва пулини (кейин) дирҳамларда олардим. Ва дирҳамларда сотардим ва динорларда олардим. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрагандим: "Ўша кунги баҳо билан олмоғингнинг зарари йўқ, модомики, ўрталарингизда бирор нарса қолмай ажралсангиз", дедилар". Ҳадисни Аҳмад, Абу Довуд, Насаий, Термизий ва Ибн Можжалар ривоят қилишган.

Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад