Абдулла Арипов хусусий телеканаллардаги сериалларни танқид қилди – "Zo'rTV" хулоса чиқарадими?

07:00 15.02.2018 7181

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Нигматович Арипов хусусий телеканалларда намойиш этилаётган сериалларни танқид қилди. Бу ҳақда qalampir.uz ўзининг ишончли манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош вазир Абдулла Арипов раислигида Вазирлар Маҳкамасида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Унда Бош вазир Абдулла Арипов хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берган.

Қайд этиш керак, “Zo'rTV” телеканали ўзининг Facebook’даги саҳифасида “Севги изтироби” сериали сизга ёқадими ёки йўқ?” номли сўровнома ўтказаётгани, лекин сўровномада кўп одамлар салбий фикр билдирсалар ҳам, сериални намойиш этиш давом эттираётгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, бу масалага Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги ўзининг телеграмдаги каналида ҳам ўз муносабатини билдириб, фаҳшга чақириб, миллатимизнинг зеҳниятини булғаш учун, фоҳишаликни муҳаббат; хиёнатни жасорат; оилани қафас; ўйнаш тутишни уддабуронлик қилиб кўрсатаётган бу каби сериалларни дархол тўхтатиш лозим, деб қайд этган эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!