Абу Ҳанифа оёғини энди узатса бўлади!

12:00 01.02.2018 1758

Гоҳида қиёфа мазмундан ғолиб келиб қолади. Шунда қараганнинг фаросати хато қилади ва қиёфа, чиройли шакл ва кўриниш деворларига урилиб, у чилпарчин бўлади. Бундай вазият ер юзини илм ва фатвога тўлдириб ташлаган имом аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон билан ҳам содир бўлган. У зотнинг ҳам зийракликлари қиёфа олдида панд еган. Ҳолбуки фаросат, дақиқ мулоҳаза ва кучли заковатда замондошларидан бирортаси у киши билан бўйлаша олмасди.

Буюк олим шогирдлари билан масжидда мажлис қурган ва тиззадаги оғриқ туфайли оёқларини узатиб ўтиргандилар. Бу узр сабабли, шогирдлиридан оёқларини узатиб ўтиришга изн ҳам олгандилар. Шу ҳолатда дарс бериб ўтирганларида, виқор ва салобатли бир киши мажлисга кириб келди. У оппоқ ва тоза кийим кийган ва катта қалин соқолли бир киши эди. Келиб индамай имомнинг шогирдлари орасига ўтирди. Имом Абу Ҳанифа эса оёқларини йиғиштириб олдилар ва уларни букиб, жуда одобли шогирдга ўхшаб, бу виқорли шайх олдида чўккалаб ўтирдилар. Ўша пайтда имом бомдод вақтининг кириши ҳақида дарс бериб тургандилар. Талабалар эса имомнинг айтганларини ёзиб боришаётган эди. Шайх ёки ҳалқа меҳмони уларни кузатар ва кўзининг чети билан атрофга яширин назар ташларди. Шунда у олдиндан изн сўраб ўтирмай: “Эй Абу Ҳанифа, мени сизга саволим бор, жавоб беринг”, деди. Имом Абу Ҳанифа ўзларини кенг илмли ва чуқур билимли раббоний масъул олдида тургандек ҳис қилдилар. Шунинг учун: "Марҳамат, сўранг”, дедилар. У одам: “Агар фатвода ишончли олим бўлсангиз жавоб берингчи, рўзадор оғзини қачон очади?” деди. Имом Абу Ҳанифа бу савол аниқ ҳийла ёки ўзларининг илмлари етмайдиган туб маъноли қочирим деб ўйладилар ва эҳтиёткорлик билан: “Қуёш ботганда оғзини очади”, дея жавоб қилдилар. Имом Абу Ҳанифанинг жавобларидан кейин у жиддият ва қатъият билан, ҳамда имомга қарши кучли ҳужжатга эга бўлган одамдек: “Ўша куни қуёш ботмаса, эй Абу Ҳанифа, рўзадор қачон оғзини очади?!!” деди. 

Вазият ойдинлашиб, кўнгилдаги ўй маълум ва виқорли бу одамнинг савияси аён бўлгач, имом Абу Ҳанифа зарбулмасал бўлиб кетган ўзларининг қуйидаги машҳур сўзларини айтдилар: “Абу Ҳанифа оёғини энди узатса бўлади!”.

Замонамизда имом Абу Ҳанифанинг меҳмонлари кабилар қанчалар экан? Кишига хиёнат қиладиган қиёфаларчи?

Айман ЁҒИЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!