Абу Ҳурайра. Ислом ривоятчиси

21:00 09.03.2018 502

Ушбу улуғ саҳобий ҳақида сўз юритилганда кўз ўнгимизда мусулмон бўлган вақтидан бошлаб Рaсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч айрилмай ҳар қандай хизматларини чин дилдан бажарадиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини ёд олиб, айтадиган сўзларига муштоқ бўлиб турадиган, уламолар томонидан “ваҳий асрининг тирик хотираси, Ислом ривоятчиси” каби номлар билан таърифланадиган, мушукни яхши кўрганидан кўп ҳолларда уни ўзи билан олиб юрадиган, шу яхши хислати туфайли Набиййимиз алайҳиссаломнинг эътиборига тушиб, натижада “Абу Ҳурайра – мушукчанинг отаси” куняси билан чақирилиб, шу ном билан машҳур бўлган инсон гавдаланади. Барча мусулмонларнинг қалбида бу саҳобийга нисбатан муҳаббат борлигини эътироф этган ҳолда у зотнинг ҳаётлари ҳақида имкон қадар маълумот берамиз.

Абу Ҳурайра Абдураҳман ибн Сохр ад-Давсий ал-Ямоний ҳижратдан 21 йил аввал Маккада туғилганлар. У зот ёшлигидан етим бўлиб ўсганлар. Уни жоҳилият даврида Абдушшамс деб аташарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ деб номлаб, Абу Ҳурайра куняси билан чақирганлар. У зот розияллоҳу анҳу юмшоқ табиат, хушмуомала, елкадор, нисбатан оппоқроқ, бўлган. У зот ҳижратнинг еттинчи йилида мусулмон бўлганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бор-йўғи уч йил бирга бўлган бўлсалар-да, энг кўп ҳадис ривоят қилиш борасида тарихда ўчмас из қолдирдилар. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозимки, у зотнинг қисқа вақт ичида 5374 та ҳадис ривоят қилишлари Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан ҳамдир. Шу билан бир қаторда, у зот ривоят қилган барча ҳадисларни Расулуллоҳнинг айнан ўзларидан эшитмаганлар, балки бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумдан ҳам сўраб кейин уларни ўзидан кейингиларга нақл қилганлар. Имом Заҳабий ўзининг “Сияру аъламин Нубало” китобида у зотнинг шариат таълимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ташқари, у зотнинг вафотларидан сўнг Убай ибн Каъб, Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усома, Оиша розияллоҳу анҳум каби улуғ саҳобалардан олганлигини зикр қиладилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилган саҳоба ва тобеъинларнинг сони 800 дан ортиқлигини айтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дедилар:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: “Ким гапларимни айтгунимча кийимининг этагини очиб турса, менинг айтадиган гапларимни ҳеч қачон эсидан чиқармайди”, дедилар. Мен шошиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ишни қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапириб бўлганларидан кейин кийимимнинг этагини юрагимга босдим. Ўшандан буён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирор нарсани эсимдан чиқармайман” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Марвон ибн Ҳакам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг эсда сақлаб қолиш қобилиятини синаб кўриш учун ўз олдига чақириб, у зотдан ҳадис айтишни сўради. Бундан олдин Марвон ўз котибига парданинг орқасида туриб Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтган ҳадисларни ёзиб олишни буюрган эди. Котиб Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтган барча ҳадисларни ёзиб олди. Бир неча йил ўтгандан кейин Марвон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни яна чақириб, олдин айтган ҳадисларини яна бир бор айтиб беришини сўради. У зот бирор ҳарфини ҳам ўзгартирмасдан ўша ҳадисларни айтиб бердилар.

Икрима ибн Аммор Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳаётида содир бўлган бир воқеани ривоят қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Язид ибн Абдураҳмонга: “Аллоҳ ва Набийига иймон келтирган мўмин борки, мени ва онамни эшитган заҳоти яхши кўриб қолади”, деди. Бу гапни эшитган Язид буни нимага асосланиб айтаётганини сўради. Шунда саҳобий: “Менинг онам мушрик эди. Мен уни Исломга чақирар эдим. Лекин онам буни хоҳламасди. Бир куни мен уни яна Исломга чақирмоқчи бўлганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаънига лойиқ келмайдиган гапларни айтди. Мен Расулуллоҳнинг олдига йиғлаган кўйи бориб бўлган воқеани айтдим ва онам учун дуо қилишларини сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Эй Аллоҳим, Абу Ҳурайранинг онасини ҳидоят қил!”, деб дуо қилдилар. Онамга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуосининг хуш хабарини бериш учун уйга шошилдим. Уйга етиб келиб эшикнинг ичкаридан қулфланганини кўрдим. Уй ичида сувнинг шилдираши эшитиларди. Онам бироздан сўнг эшикни очди. Рўмолини шошиб ўради-да: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг элчиси эканига гувоҳлик бераман”, деди. Сурур кўзёшлари-ла Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хушхабарни етказдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, бу банданг ва унинг онасига нисбатан мўминларнинг қалбларида муҳаббат уйғотгин ва буларга мўминларни маҳбуб қилгин!”, дея дуо қилдилар”, деди (Имом Аҳмад ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин баъзи улуғ саҳобалар каби шариат масалаларида фатво бера бошладилар. Бу у зотнинг мужтаҳид эканидан далолат берарди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларнинг 335 таси муттафақун алайҳ даражасига етган бўлса, 93 тасини фақат Имом Бухорий, 189 тасини ёлғиз Имом Муслим ўз китобларида келтирганлар. Қолган 4757 таси бошқа ҳадис китобларида келтирилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг Маккада қозилик қилганлар.

У зот вафот этган сана ҳақида турли фикрлар бўлса-да, Муҳаққиқ уламолардан Имом Заҳабий “Сияру аъламин Нубало” китобида аниқроқ маълумот 57-ҳижрий (милодий 679) сана, 78 ёшларида эканини айтганлар. Бу буюк саҳобий Мадинадаги “Жаннатул Бақиъ” қабристонига дафн қилинганлар.

Ҳасанбой ЭРГАШОВ тайёрлади.
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!