Аллоҳ таолога имон ("Ибодати исломия")

18:56 05.10.2017 889

- Аллоҳ таолонинг шаклини, шамойилини ва зотини билиб бўладими?

- Йўқ, билиб бўлмайди. Инсон ақли бунга ожизлик қилади.

- Қайси жиҳатларини билса бўлади?

- Фақат исм ва сифатларини.

- У сифатлари қайсилардир?

- Аллоҳ таоло Мавжуддир, Қадимдир, Боқийдир, Ягонадир, Ҳайдир, Олимдир, Сомеъдир, Басирдир, Мутакаллимдир, Қодирдир, Фариддир, Холиқдир, Мухтордир, Азимдир, Жамилдир, Ҳамиддир, Қуддусдир, Роббдир, Раҳмондир, Раҳимдир, Шокирдир, Қаҳҳордир, Одилдир, Собирдир, Таввобдир, Ғофирдир, Мужибдир, Носирдир, Ҳакимдир, Ғанийдир, Каримдир, Раззоқдир, Маъбуддир, Ҳодийдир.

- «Аллоҳ» сўзи нимани билдиради?

- Аллоҳ – оламни яратган ҳақ маъбуднинг номидир. Форсийча «Худо», туркийча «Тангри» дейилади.

- «Аллоҳ» сўзининг ўхшашлари ҳам борми?

- Бор. Катта китобларда тўқсон тўққиз хил номланади. Биз эса ўттиз беш туринигина таърифлаймиз.

- «Мавжуд»нинг маъноси нима?

- Доимо бор бўлган ва бундан кейин ҳам бор бўлгувчи ва ҳеч қандай бор қилгувчига муҳтож бўлмаган Зот демакдир.

- «Қадим»нинг маъноси нима?

- Бошланиши йўқ. Яъни, қачондир йўқ бўлиб, сўнгра бор бўлган эмас, балки доимо бор бўлган.

- «Боқий»нинг маъноси нима?

- Борлигининг ва бор бўлмоқлигининг сўнги йўқ: абадийдир, борликдадир.

- «Аҳад»нинг маъноси нима?

- Ягона, демакдир. Яъни, «Унинг шериги йўқ» маъносидадир.

- «Ҳай»нинг маъноси нима?

- Тирик, аммо бизлардек жон ва бадан бирла эмас, балки Ўзининг ҳаёт сифати, мароми билан тирикдир.

- «Олим»нинг маъноси нима?

- Бўлган ва бўладиган нарсаларнинг, воқеаларнинг ҳар биридан хабардор – билгувчидир. Аллоҳ таолонинг билиши биз каби ўрганиши ёки фикр қилиши билан эмас, балки ёлғиз Ўзига хос илм сифати биландир.

- «Сомеъ»нинг маъноси нима?

- Эшитгувчи, деган маънодадир. Ҳар бир овоз ул Зотга эшитилмай қолмас. Ул Зотнинг эшитмоқлиги биз каби эмас, балки ёлғиз Ўзига хос эшитиш сифати биландир.

- «Басир»нинг маъноси нима?

- Кўргувчи, деган маънодадир. Аллоҳ таоло ҳар нарсани кўради. Кўрмоқлиги бизларнинг кўришимиздек кўзлар билан эмас, балки ёлғиз Ўзига хос кўриш сифати биландир.

- «Мутакаллим»нинг маъноси нима?

- Сўзлагувчи, деган маънодадир. Аллоҳ таоло сўзлагувчидир. Масалан, Қуръони карим оятлари Аллоҳнинг сўзларидир.

- «Қодир»нинг маъноси нима?

- Куч-қудратли, куч-қудратининг чегараси йўқ.

- «Фарид»нинг маъноси нима?

- Истагувчи, танловчи, деган маънодадир. Аллоҳ истаган иш қарор топади, истамагани амалга ошмайди. Исташи Ўзининг ирода сифати биландир.

- «Холиқ»нинг маъноси нима?

- «Пайдо қилгувчи» ва «қарор топтиргувчи» маъносидадир. Бу жараён Ўзининг холиқ сифати билан намоён бўлади.

-«Мухтор»нинг маъноси нима?

- Аллоҳ таоло ҳар бир амални Ўз ихтиёри билан, бировнинг ихтиёрисиз қилади.

- «Азим»нинг маъноси нима?

- Улуғ ва тенгсиз, деган маънодадир. Аллоҳ таолодан улуғроқ, мартабаси баландроқ зот йўқ.

- «Жамил»нинг маъноси нима?

- «Баркамол» ва «соҳибжамол» маъносидадир.

- «Ҳамид»нинг маъноси нима?

- «Ҳар қандай таърифу тавсифдан юксак, ҳар қандай тақсимдан улуғвор, пок Зот» маъносидадир.

- «Қуддус»нинг маъноси нима?

- «Ҳар қандай нуқсону камчиликдан холи, ҳар бир сифати етук» маъносидадир.

- «Робб»нинг маъноси нима?

- «Тарбия бергувчи» ва «эгалик қилгувчи» маъносидадир.

- «Раҳмон»нинг маъноси нима?

- Дунёга инъом ва эҳсон қиладиган, жамики одамзотга, махлуқотга, шу жумладан, мўмину кофирга ҳам марҳаматини дариғ тутмайдиган, ҳар бир бандани тенг кўрадиган, Ўзи истаган кишига зиёда мол-давлат берадиган Зотнинг сифатидадир.

- «Раҳим»нинг маъноси нима?

- «Охиратда раҳмат қилгувчи» маъносидадир. Аллоҳ таоло охиратда мўмин кишиларга раҳм қилиб, уларни жаннатга киритади. Аммо имонсиз кишиларга раҳм қилиб, раҳмат назари билан боқмайди. Улар доимо азобда бўладилар.

- «Шокир»нинг маъноси нима?

- «Мўмин бандаларнинг қилган ибодатларига яраша ажрини бергувчи» маъносидадир.

- «Қаҳҳор»нинг маъноси нима?

- «Қаҳр қилгувчи ва жазолагувчи» маъносидидир. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ таоло имонсиз ва гуноҳкор бандаларини азоблайди.

- «Одил»нинг маъноси нима?

- «Ўзининг ҳар бир ҳукмида энг одил Зот, ҳукмларида заррача нуқсон йўқ» маъносидадир.

- «Собир»нинг маъноси нима?

- Сабр этгувчи ва тоқат қилгувчи, деб англанмоғи лозим. Аллоҳ таоло гуноҳкор бандаларининг айбларига сабр қилади, жазосини бу дунёда бермай, охиратга қолдиради. Шунингдек, савоб қилган кишиларнинг ҳам ажрини бу дунёда бермаганини охиратда бергувчидир.

- «Таввоб»нинг шарҳи қандай?

- «Тавбаларни қабул қилгувчи» маъносидадир. Агар гуноҳкор мўмин чин дилдан пушаймон чекиб тавба қилса ва у гуноҳларини такрорламасликни ният қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади.

- «Ғофур» сифатининг таърифи қандай?

- Гуноҳларни кечиргувчи, деган маънодадир. Аллоҳ таоло баъзи кишиларнинг гуноҳларини кечиради. Тавба қилган кишиларнинг ҳам ва сира тавба қилмаган кишиларнинг ҳам гуноҳидан кечиш Ўзининг ихтиёридадир.

- «Мужиб»нинг маъноси нима?

- Дуо ва саволларни қабул этгувчидир. Аллоҳ таоло ихлос билан қилинган дуоларни, мабодо Ўз ҳикматига мувофиқ келса, қабул қилади. Ва Ўз фазлу карами билан бандаларининг ҳожатларини чиқаради.

- «Носир»нинг маъноси нима?

- Носир – ёрдам бергувчидир. Аллоҳ таоло хоҳласа, ҳар ишда мададкор ва кўмакдошдир.

- «Ҳаким»нинг маъноси нима?

- «Ҳикматларга бой сўзлагувчи» маъносидадир. Ҳакимнинг ҳар бир буйруғида инсон ақли қамраб ололмайдиган ҳикматлар мужассам бўлади.

- «Ғаний»нинг маъноси нима?

- «Ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган, аксинча, барчага бойлигу салтанат тарқатувчи Зот» маъносидадир.

- «Карим»нинг маъноси нима?

- Хайр-эҳсон этгувчи Зот – Карим, дейилади.

- «Раззоқ»нинг маъноси нима?

- Ризқ бергувчи ва тўйдиргувчи.

- «Маъбуд»нинг маъноси нима?

- «Ибодатга лойиқ» маъносидадир. Ёлғиз Аллоҳгина ибодатга лойиқ. Жами бандаларга фақат Аллоҳгагина ибодат қилиш фарздир.

- «Ҳодий»нинг маъноси нима?

- «Тўғри йўлга солувчи», бу – Аллоҳ таолонинг сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло тўғри йўлга ва ҳақ динга солмоқ учун ер юзига бир неча минг пайғамбар юборган.

- Аллоҳ таоло ҳеч бир махлуқотга ўхшайдими?

- Аллоҳ таоло одам ва ё бошқа махлуқотга ҳеч бир жиҳатдан ўхшамайди. Аллоҳ таоло жисмли ёки суратли эмасдир. У ҳеч бир маконда-ўринда эмас, ҳеч тарафда эмас. Юқори ва ё паст, олд ва ё орқа, ўнг ва ё чап тарафларнинг ҳеч бирида эмас. Аллоҳ таолода емоқ, ичмоқ каби бандаларга хос жиҳатлар йўқ. Бу тариқа ишлар нуқсон ва камчиликдир. Аллоҳ эса нуқсонлардан холи, ҳар жиҳатдан мукаммалдир.

Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг "Ибодати исломия" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!