Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдаси

07:00 17.04.2018 995

Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилинади: “ Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар “ ("Бақара" сураси, 186-оят).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:"Кимга дуо қилиш неъмати берилган бўлса, ижобат ҳам берилибди. Чунки Аллоҳ таоло деди:«Менга дуо қилинглар, сизлар учун ижобат қиламан" (Имом Табароний ривояти).

 Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг лутфу карами билан бандаларига дуо қилиш неъматини бериш билан уни ҳам сўраган нарсасига эришиш, ҳам савоб топиш имкониятига мушарраф қилди. Банда Аллоҳ таолодан бир нарса сўраб, дуо қилса ва қилган илтижоси дуонинг шартларига мувофиқ келса, албатта, Аллоҳ қабул қилади. "Ғофир" сураси 60-оятда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Роббингиз: "Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар", деди”.

Аллоҳ таоло ҳузурида бандалар эҳтиёжларининг катта-кичик бўлишининг аҳамияти йўқ. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун (бандасига) инъом этган ҳеч нарсаси улкан туюлмайди.» (Имом Термизий ривояти).

Инсон дуо қилар экан албатта қалби уйғоқ ҳолда, хокисорлик ва синиқлик билан Аллоҳ таолога юзланиши ва дуони қилган гуноҳлари учун тавба қилиш билан бошлаши лозим. Дуо қилиш Аллоҳ таолонинг биз бандаларга ато қилган буюк инъоми бўлиб, агар уни дуо шартларига мувофиқ ҳолда қилмасак, дуо қилаётган пайтда қалб уйғоқ ҳолда синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланмасак одатга кўра, икки қўлни кўтариб тилга келган талаб сўзларини такрорлаётган бўламиз ва катта имкониятни ғанимат билиш ўрнига уни қўлдан бой берамиз. "Аъроф" сурасининг 56-оятида марҳамат қилинади:“…Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч, ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир! "

Дуо талаб қилинган нарсага эришишни тақозо қилувчи сабабдир. Сабабнинг эса, шартлари ва ман қилувчилари бор. Дуо қилишдаги шартларидан бири - дуоси қабул бўлишига қаттиқ ишониб, қалбдан дуо қилиш. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ижобат этилишига аниқ ишониб, Аллоҳга дуо қилинглар. Аллоҳ таоло ғофил, парвойи фалак қалбдан чиққан дуони қабул этмайди" (Имом Термизий ривояти).

"Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг. Эркакларга ўз касбидан насиба бор. Аёлларга ўз касбидан насиба бор. Аллоҳдан фазлини сўранг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир" ("Нур" сураси, 32-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: Аллоҳнинг марҳаматидан сўрангиз, Зеро, Аллоҳ Ундан сўрашларини хуш кўради. (Имом Термизий ривояти)
Дуони қатъий қарор билан, тўхтатмасдан бардавом қилиш ҳамда луқманинг ҳалоллигига эътибор бериш ҳам дуонинг шартларидандир. Пайғамбар жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳуга буюриб: "Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси мустажоб киши бўласан!" деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси бир мусулмон дуо қилса ва унинг дуосида гуноҳ ёки силаи раҳмни узишга етаклайдиган сўз бўлмаса, Аллоҳ унга қуйидаги учта нарсанинг бирини беради: сўраганини тезда ижобат қилади ё дуосини охиратга захира қилиб қўяди ёки ундан шу баробардаги бир зиённи аритади, дедилар. Саҳобалар: "У ҳолда биз дуони кўпайтирамиз", дейишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ янада кўпроқ яхшилик беради».

Аллоҳ барчамизни хайри дуолар қиладиган ва дуоси мустажоб бўладиган бандаларидан айлаб, икки дунё саодатини насиб этсин. “…Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», дейди ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», дейди. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир” ("Бақара" сураси, 200-202 оятлар)

 

Кенжабой ГУЛРУХ

"Хадичаи Кубро" мадрасаси мударрисаси

 

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!