Аллоҳнинг муҳаббати кифоя қилади

12:20 06.02.2018 631

Ҳар бир мўминнинг бу дунёдаги орзуси Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришишидир. Мўмин уни ҳаётининг барча жабҳаларида қидиради, доимо уни излаб юради. Бирор иш юз берса, уни тадаббур қилиб кўради, ундан малолланмасдан Аллоҳ таолонинг муҳаббати таъсирини излайди. Агар бирор бир мусибат етса, Аллоҳ таоло учун сабр қилади. Аллоҳ таоло бундан ҳам оғир мусибат бериши мумкинлигини ўйлаб, Аллоҳ таолонинг лутфини ҳис қилади. Агар унга бир неъмат бериладиган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг истидрожи бўлишидан хавфсираб унга шукр қилади. Қадимгиларни сўзи бор: “Ҳавойи нафсингга мувофиқ келган неъмат машаққатдир, ҳавойи нафсингга мухолиф келган неъмат ҳақиқий неъматдир”.

Шунинг учун мўмин кечаю кундуз ўзини кузатиб, ҳисоб-китоб қилиб юради. Кофир унга берилган неъмат парвардигорнинг муҳаббатига далил деб ўйласа, мусулмон неъматни бериш ёки бермасликнинг муҳаббат ва нафратга алоқаси йўқлигига ишонади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини билади. Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло дунёни севганига ҳам севмаганига беради, динни эса фақат севганига беради”.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифда келганидек, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришиш бир неча босқичлардан ўтишни тақозо қилади. Ким бу босқичлардан ўтадиган бўлса, Унинг муҳаббатига эришади. Ибн Таймийя айтади: “Чунки ҳақиқий муҳаббат маҳбубни давомий севиш билан бўлади. Бу эса маҳбуб севганини севиш, ёмон кўрганини ёмон кўришдир. Аллоҳ таоло иймонни, тақвони севади. Куфр, фисқ, осийликни ёмон кўради” (Ибн Таймийя, Қалб табобати, 183).

Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эришиш У зот билан бирга расулини ҳам севишни вожиб қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва унохларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир” (Оли Имрон, 31).

Аллоҳ таоло муҳаббати даражалар

Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган муҳаббати бандаларнинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатлари даражасига боғлиқдир. Қачон банданинг Аллоҳга ва расулига бўлган муҳаббати зиёдалашса, бу бандага нисбатан Аллоҳнинг муҳаббати зиёда бўлади.

Аллоҳ таолонинг муҳаббатига энг лойиқ зотлар пайғамбар алайҳумуссаломлардир. Аллоҳ таоло уларни ўзининг дўсти деб атайди. Аллоҳ таоло айтади: “(Ахир) Иброҳимни Аллоҳ Ўзига дўст тутган” (Нисо, 125).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Иброҳимни ўзига дўст қилиб олганидай мени ҳам ўзига дўст қилиб олди”, дедилар.

Дўстлик – мутлақ муҳабатдан фарқ қилади. Бу муҳаббатнинг мукаммал кўринишидир. Бу кўринишдаги муҳаббатда севган севилганнинг худди ўзи бўлади. Ундан бошқа нарса эмас.

Бундан кейин мўминларнинг муҳаббати келади. Улар Аллоҳнинг тақводор авлиёларидир.

Мўминлар бу муҳаббатда Аллоҳга яқинлаштирадиган амалларига кўра турли табақада бўладилар. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “Агар бандам Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир газ яқинлашаман. Агар Менга бир газ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Менга юриб келса, Мен унга югуриб бораман” (яъни, бандам турли ибодат ва яхшиликлар билан яқин бўлса, Мен ундан ҳам зиёда иноят ва карамларим билан меҳрибонлик қиламан)”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Аллоҳ таоло бу ҳадиснинг ниҳоясида: “Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўраман. Агар уни яхши кўрсам, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар у мендан сўраса, албатта бераман. Агар у мендан мадад истаса, албатта паноҳ бераман” дейди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига яқинлаштирадиган ва Ўзининг муҳаббати билан мукофотлайдиган амалларни санаб ўтади. Қуръонда Аллоҳ таоло кўп тавба қилувчиларни, покланувчиларни, тақводорларни, сабрлиларни, Ўзига таваккал қилувчиларни, адолат қилувчиларни, яхшилик қилувчиларни… севишини айтади. Банда Роббиси билан алоқаларини мустаҳкамлашга, Унга яқинлаштирадиган сифатлар билан сифатланишга ва ўзи Аллоҳга бўлган муҳаббатини кучайтиришга интилиши лозим. Агар бу муҳаббат кучли бўладиган бўлса, у Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ризосига ҳақли кишилардан бўлади.

Аллоҳ таолонинг муҳаббатини излаш

Қуръон ва суннатни ўзининг ҳаёт йўли қилган кишилар Аллоҳ муҳаббати ва розилигининг асарини ўзларидан излайдилар. Бу бир нечта йўллар билан бўлади. Энг муҳими банда ўзи Роббисидан розилигидир. Ким Аллоҳдан рози бўлса, бу Аллоҳнинг ундан розилигининг энг катта далилидир.

Ибн Қоййим Жавзий банда Аллоҳ муҳаббатининг ўзидаги асарини бир нечта ўринлардан излай олишини айтган:

• Тўшагида севганини эсламасдан, қалби унинг зикри билан машғул бўлмасдан ухламайди;

• Уйқудан уйғонганида қалбига биринчи севганининг зикри келади;

• Намоз вақти кирганида (у иймон мезонидир. Мўминга намоздан кўра муҳим нарса бўлмайди) ўзини маҳбусдай ҳис қилади ва уни адо этмагунча қайғу ичида бўлади. Намозда қалби яйрайди, равшанлашади, роҳатланади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Намоз билан бизни роҳатлантир, эй Билол”.

• Қийинчилик ва ғам қайғулар пайтида... Қалб бу ўринларда фақат энг қаттиқ севганини эслайди, фақатгина энг буюк севгилиси ҳузурига қочади.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати натижасида келиб чиқадиган фоидалар

Аллоҳ таоло севган мўмин бандасини мухлис – ихлосли кишилардан қилади. Ундан ёмонлик ва фаҳш (бузуқлик) ишларни узоқ қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир” (Юсуф, 24).

Аллоҳ таоло йўлида ҳақиқий жидду-жаҳд қиладиганлар Аллоҳ таолога яқин бандаларга бу ихлос берилади. Мўминларга бу ихлос Аллоҳ таолога яқинлик даражаларига кўра берилади. Аллоҳ таолонинг бандага бўлган муҳаббатининг аломати ер юзидагиларни унга муҳаббатли қилиб қўйишидир. Саҳиҳи Муслимда қуйидаги оят таълиқида: “Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур” (Марям 96).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадислари келтирилади: “Агар Аллоҳ бирон бандани яхши кўрса, Жаброилга: “Албатта Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Сен ҳам уни яхши кўргин”, дейди. Бас, Жаброил ўша бандани яхши кўради. Кейин Жаброил осмон аҳлига: “Албатта Аллоҳ фалончини яхши кўрди. Бас, сизлар ҳам уни яхши кўринглар”, дейди. Бас, осмон аҳли ўша бандани яхши кўради. Сўнгра унинг учун ер аҳлида ҳам қабул қўйилади (яъни, ердагилар ҳам уни яхши кўришади)” (Бухорий, Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Охиратда Аллоҳ уни мағфират билан сийлайди. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гунохларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир” (Оли Имрон, 31).

Қиёмат азобидан нажот беради. Баъзи уламолардан Қуръоннинг қаерида севган суюклисини азобламаслиги ҳақида келган? деб сўрашганида улар қуйидаги оятни айтишган: “Яҳудий ва насронийлар: “Биз Аллоҳнинг суюкли болаларимиз”, дедилар. Айтинг: “У ҳолда нега сизларни гуноҳларингиз сабабли азоблайди?! Йўқ! Сизлар ҳам У яратган барча одамлар каби одамсизлар. Ўзи истаган кишисини мағфират қилур, истаган кишисига азоб берур”. Осмонлар, Ер ва уларнинг орасидаги бор нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Фақат унинг Ўзига қайтилур” (Моида, 18).

Шу сабабдан уламолар Аллоҳнинг муҳаббати аҳамиятини англашган, бу муҳаббатни дуоларида сўрашган. Ушбу дуолардан: Аллоҳим, Сенинг муҳаббатингни ва Сени яхши кўрган кишининг муҳаббатини ҳамда Сенинг муҳаббатингга етказадиган амални Сендан сўрайман. Аллоҳим, муҳаббатингни нафсимдан, аҳлимдан ва совуқ сувдан ҳам менга маҳбуброқ қилгин. Аллоҳим мени фаришталарингга, набийларингга, пайғамбарларингга, солиҳ бандаларингга севикли қилгин.

Аллоҳ таолонинг муҳаббати кифоя қилмаганга бошқа ҳеч нарса кифоя қилмайди.

Доктор Наҳа ҚОТИРЖИЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!