Боладаги виждон – ота-онанинг эккан уруғидир

18:00 27.03.2018 870

Болалардаги илк виждон уруғи ота-она томонидан экилади.

Болаларда дастлаб бу тушунча шу уруғнинг униши, кўкариши мисолида намоён бўлади.  Ота- онанинг виждони қанчалар кучли бўлса, болалар албатта бундан улуш оладилар.

Бола тарбия қилаётган ҳар бир ота-она ўзининг нақадар виждонли ёки виждонсиз эканини билиши лозим. Ер юзида шундай инсонлар борки, улар ўзларини “Мен бир виждонсизман” дея оладилар.

Аммо кўпчилик ўзини мутлақо виждонли санайди, соатлаб, кунлаб бу ҳақда гапиришлари мумкин. Кўчадаги тиланчига пул узатаркан: “Шуларни кўрсам қийналаман, индамай кетишга виждоним қўймайди” дея олади. 

Ғазабланганда она боласига “Тез чиқ хонадан, кўзим сени кўрмасин ” дея олади. Нега бундай деганин сўрсангиз “Таабиийки боламнинг фойдаси учун” деб изоҳ эта олади. Бу ҳолат қанчалик “виждонли” эканимизнинг ифодасидир. “Боламнинг фойдаси учун” деб сўзлаётган она аслида виждонининг овозини ўчиришга баҳона қидирган онадир. Виждон бу каби баҳоналарни қанча кўп қабул этса ичкаридаги исён шунча камайиб боради.

Бир қотилдан бировни нега урдинг? Нима учун ўлдирдинг, деб сўраса у ҳам баҳоналар топади: “Чунки менга халал берди, чунки нотўғри иш қилди... чунки... чунки...

Хулоса шуки, баҳоналар виждонни ўлдиради! 

Ҳар сафар “чунки” ва “аммо”ларимиз кўпайиб бораркан, шунча марта виждонимизни яралаб, шунча марта ўлдириб бормоқдамиз!..

Сиз ҳам ана шундай баҳоначилардан биримисиз?

Сизга дуч келган ҳолатларнинг барчасига сизнинг ҳам “чунки” ва “аммо”ларингиз тайёрми?

Унда сиз “инсон каби инсон” бўлишингизни таъминлаб турган виждонингизга қарши буюк ҳақсизлик қилибсиз.

Иссиқ ҳавода сувсизликдан ташна қолган кўчадаги мушукка сув берган одам виждонли одамдир.

Қўпорилган бутоқ шохларида сўлиётган гулнинг зорини эшитган киши – виждонлидир.

Қўлидаги чўпни кўчага эмас, ахлат қутисига ташлаган одамнинг виждони тирикдир!

Виждонни ўлдирмайлик, болаларимиз қалбига баҳоналарни эмас, чалажон ярим эмас, бутун виждонни мерос қолдирайлик.

Ноила ХОЛМАТОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!