Болаларни масжиддан бездирмайлик...

11:00 16.04.2018 3098

Масжидларда ёш болаларнинг кўпайиши натижасида бироз ғала-ғовурлар бўлмоқда. Аниқроқ қилиб айтсак, бу ҳолат баъзи бир кишиларга ёқмаяпти. Ўзим бир-икки марта болаларнинг шўхликларига қўпол кўринишда танбеҳ берилганига гувоҳ бўлдим. Балки жамоатнинг хушуъсига таъсир қилмасин деб яхши ниятда танбеҳ берилгандир. Лекин нима бўлганда ҳам, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёш болаларга қўпол тарзда танбеҳ берилмайди. Бу боланинг руҳиятига, масжидга бўлган муҳаббатига салбий таъсир кўрсатади. Улар ҳали ёш савоб-гуноҳ, ҳалол-ҳаром деган тушунча уларда етарлича шаклланмаган. Биз бу кунларни, яъни ёш болаларни масжидда эмин-эркин намоз ўқишларни йиллар давомида кутдик.

Болаларимизни жума намозига, Ҳайит намозларига қўйишмаганда қалбимиз қанчалик вайрон бўлганди. Нега энди биз кутган кунлар келганда ёш болаларни масжиддан бездиришимиз керак? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда, жамоатда, ҳаттоки фарз намозида набираларини елкаларида кўтариб намоз ўқитмадиларми?

Агар биз болаларга қўпол танбеҳ бериб, кўнглини масжиддан совутиб қўйсак, қанчалик гуноҳкор бўламиз буни ҳеч ўйлаб кўрдикми? Болаларга қўполлик билан танбеҳ бериш ўрнига, жамоатда ҳозир бўлганлар ҳар бир намоз олдидан, ёш болаларни сафда кулмасдан, гаплашмасдан, сафни бузмасдан текис туришл лозимлигини тушунтиришимиз керак. Намоз бу ибодат эканлигини тушунтириш зарур. Тушунтирганда ҳам жуда мулойимлик билан, табассум билан гапиришимиз даркор. Аввало намоз ўқигани масжидга чиқаётгани учун болани табриклаш, рағбатлантириш лозим. Керак бўлса ширинлик ёки шунга ўхшаш кўнглини кўтарадиган нарсалар бериб хурсанд қилиш қўлимиздан келади-ку. Ёшлигимизда ёши катта амакиларга салом берсак, ва алейкум ассалом баракалло деб, қанд-қурслар беришарди.

Биз эса хурсанд бўлиб саломни ҳеч тарк қилмасдик. Буни биз тенгилар, биздан ёши катталар яхши билишади. Шунинг учун ҳам ёшларга чиройли ўрнак бўлиб, ёшларни масжиддан бездирмай, аксинча, масжидга, жамоатга меҳр муҳаббатли қилишимиз керак.

Соҳиб БОЛТАБОЕВ

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!