Болаларнинг масжидга келиши масаласида шариат ҳукми

11:00 13.03.2018 10680

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Куни кеча телевизорда Диний Қўмитанинг ходими томонидан ёш болаларнинг масжидларга қўйилишининг ман этилиши ҳақида келтирган гаплари бир қанча жиҳатлардан мутлақо асоссиздир. Қонуний жиҳатдан ҳеч қандай асоси йўқлигини, балки республика қонунларини топташ ва амалда тескарисини қилиш эканини айтиб ўтирмаймиз.

1) У келтириб ўтган: "Жаннибу сибянакумул масажида!" деган матнли ҳадис мутлақо йўқ эканлигини айтиб ўтишимиз даркор. Бўлса, топиб берсин.

2) Ҳақиқатда эса “Жаннибу масажидакум сибёнакум!” ("Болаларингизни масжидларингиздан узоқ тутинг!”), деган ҳадис бор. Уни муҳаддислардан Ибн Можа (1/750), Абдурраззоқ (2/1727), Табароний (8/7601), Байҳақий (10/20055) кабилар ривоят қилганлар. Бироқ, бу барча вариантларида заиф ҳадис ҳисобланади!  Жумладан, "Мажмаъ аз завоид"да унинг заифлиги айтиб ўтилган (2/2049). Имом Байҳақий уни ривоят қилганидан сўнг: "Бу ҳадис саҳиҳ эмас!", деб алоҳида таъкидлаганлар. 

Мазкур ҳадиснинг ровийлари қаторида Абдулқуддус ва Ало ибн Касир деган зотлар қатнашган бўлиб, улар ҳадисшуносликда заиф ва “мункар ул ҳадис” (ҳадиси инкор қилинган) деб топилганлар. Хусусан, Ало ибн Касирни Имом Бухорий ҳазратлари “ҳадиси инкор қилинган”, деганлар. Абу Саид Муҳаммад ибн Саид деган ровийни эса Имом Аҳмад ва Имом Насоий каби буюк муҳаддислар каззоб ва ҳадис тўқувчи эканини айтиб кетганлар. Яна бу ҳадисни Макхул деган ровий Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят қилган бўлиб, аслида унинг бу саҳоба билан учрашиб, ундан бевосита ҳадис эшитмаганлиги алоҳида қайд қилинган. Шунингдек, бу ҳадиснинг ровийлари қаторида Ибн Набахон деган ровий ҳам бор бўлиб, у ҳақида Имом Термизий бобомиз: “Унинг келтирган ҳадисларига парво қилинмасин, у жуда ҳам заифдир!”, деганлар.

Бурхониддин Марғилоний бобомизнинг "Ал Ҳидоя" асарига битилган "Насб ур-раъйа" номли шарҳда ҳам мазкур ҳадиснинг мутлақо заиф экани ва ҳатто асли йўқлиги қайд қилинган (4/75-76).

3) Мазкур ҳадис заиф бўлишига қарамасдан, фиқҳий нуқтаи назардан унга мустаҳаб даражасида амал қилиш жоизлигини айтиб ўтишимиз лозим. Бироқ, бу ерда Диний Қўмита ходими айтганидек "вояга етмаган фарзандлар" назарда тутилганмикин?! Унда "Вояга етмаганларни масжидга киришдан қайтаринглар!", деган маъно бормикин ўзи?! Ҳали, ушбу заиф ҳадисга асосланиб, ўтган 25 йиллик даврдагидек бу вояга етмаганларни 18 ёшгача деб белгилашармикин?! (Кечаги жума намозда ёш боласини етаклаб чиққан ота-оналарни масжид дарвозаси олдидан қайтаришаётганини ўзим кўрдим. Афсус!).

"Саҳиҳи Бухорий"нинг энг эътиборли шарҳи "Фатҳ ал Борий"да Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ёш болачаларнинг масжидда ўйин-кулги қилишиб ўйнаб юрганларини кўриб, уларни ҳайдаб солаётганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўриб қолиб: “Уларни тек қўй!”, деб уришиб берганларини ривоят қилинган. Шунингдек, юқоридаги: “Жаннибу масожидакум сибёнакум!”, ҳадисининг заиф эканлигини айтиб, бундан болаларни масжиддан ман килишга ҳеч қандай асос йўқ эканини таъкидлаганлар (2/414).

"Саҳиҳи Бухорий"нинг айнан ҳанафий олими Бадриддин Айний ёзган машҳур “Умдат ул қори” номли шарҳида эса юқоридаги ҳадиснинг заифлиги айтилиб, уни далил қилиб бўлмайди, деб унга Ойша онамиз разияллоҳу анҳонинг ёш болаларни масжидга киритиб ўйнатгани ҳамда уни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам кўриб индамаганлари ҳақидаги саҳиҳ ривоятга тескари эканини айтиб ўтилган (7/77).

Демак, мазкур “Жаннибу масажидакум сибёнакум!” (“Болаларингизни масжидларингиздан узоқ тутинг!”) ҳадисининг мазмуни саҳиҳ ҳадиси шарифларга тескаридир. Саҳиҳ ҳадисларга тескари бўлган заиф ҳадисларга тўрт мазҳабда ҳам амал қилинмайди, аслида. Юқорида ўтдики, болалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам масжидлардан ман қилинган эмас. Зотан, бу муҳаддис Абу Довуд томонидан: “Авлодларингизни етти ёшлигиданоқ намозга буюринг. Ўн ёшида эса ўқимаса, уринг! Шу ёшларида (қиз ва ўғил болларнинг) ётоқларини бошқа-бошқа қилинг!”, деган ривоятига ҳам тескаридир (1/495).

4) Мазкур  “Жаннибу масажидакум сибёнакум!” (“Болаларингизни масжидларингиздан узоқ тутинг!”) ҳадисини мустаҳаб деб олган тақдиримизда ундаги "болалар"дан қайси болалар назарда тутилганига қараш керак бўлади. Араб тилида “сибён” сўзи “сабий”нинг кўплиги бўлиб, “сабий” деб икки ёшгача бўлган гўдакларга айтилади. Туғилган чақалоқ онасини эмгунча “тифл” дейилади. Онани эмадиган гўдак “разеъ” дейилади. Бешикда ётадиган бола “сабий” деб аталади. Қуръоннинг “Марям” сураси 29-оятида: “Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!”, дейилган. Бу ерда айнан “сабий” сўзи ишлатилган. Икки ёшдан то 9-11 ёшгача “валад” дейилади. Балоғатга етиш арафасида у “муроҳиқ” дейилади. Балоғат ёшида "болиғ" дейилади. Сўнг “ражул”га айланади. Инсон бориб-бориб “шайх” бўлади ва ҳоказо (араб тилшунослари бу маълумотларни жуда яхши биладилар).

Демак, бешикда ётадиган ёшдаги гўдаклар масжидга олиб чиқилса, масжидларни булғаб қўйишлари мумкин. Шунинг учун, юқоридаги ҳадис айтилган экан (агар айтилган бўлса!). Лекин, гўдакнинг пешоби билан булғанган масжид жойнамози ярим литр сув билан тоза – намоз ўқишга покиза бўлади. Инсоннинг, ўша гўдакни масжидга яхши ниятларда олиб чиққан ота-онанинг кўнгли, биз ҳар куни қибла деб қараб намоз ўқиётган Каъбадан ҳам афзаллигини эса асло ва мутлақо унутмаслигимиз керак!

5) Ёш болалар масжидга нимага боради ўзи? Айнан оқ-қорани ажратиш, дўст-душманни ажратишни ўрганиш учун боради. Масжиддан ҳайдалган болалар секин-асталик билан ИШИДга ва бошқа биз истамайдиган жойларга кетиб қоладилар, хориждан паноҳ истайдилар. Ёш болалар масжидга покизаликни, озодаликни ўрганиш учун ҳам боради. Бўлмаса, катта бўлгунгача кетини ювишни ва тозалашни ҳам билмайдиган бўлиб юраверади. Тозалик, ҳақиқий озодалик масжидларда ўрганилади. Онаси ҳам ўргата олмайдиган озодалик ва тозаликни, имонли-эътиқодли бўлишни айнан масжидда ўрганади. Болалар масжиддан ҳайдалса, интернетдан таълим олишни бошлайди, телефонда нажот истайди, яширин таълим олиш йўлига ўтади. Зотан, инсон бойликсиз яшаши, мактабга бормасдан ҳам катта бўлиш мумкин, лекин, мусулмон бўладими, кофир бўладими, имон талабисиз, илм ва тоат-ибодат талабисиз яшай олмайди. 

Хулласи калом, ёш болаларни масжидларга қўймасликка шаръий жиҳатдан ҳеч қандай асос йўқ. Давлат қонунларида ҳам у ҳақида мутлақо сўз юритилган эмас. Масжидлардан болаларимизни ҳайдаётганлар шариатни ҳам, қонунларни ҳам оёқости қилаётганлардир, дейиш мумкин холос. Илоҳим, улар исломофоб – дин-шариатни ёмон кўрувчи, Ислом душманларига зимдан, ўзлари ҳам билмаган ҳолда ёрдам бераётган бўлмасинлар, илоҳим!

Парвардигори олам ҳаммамизга инсоф берсин, адаштирмасин! Илоҳий қонуниятларни ўзгартирмоқчи бўлганлар ҳолини ҳамма кўриб-билиб турибди. Бу ҳолатдан бизнинг юртдош ва ватандошларимизни Аллоҳимнинг ўзи асрасин!

Аллоҳ таоло Ислом динига қувват берсин, мусулмонларга куч-қудрат ато қилсин!

Илоҳим, бу хилдаги муаммоларимиз (ҳижоб, ёш болаларнинг масжидга боришлари, диний таълим олиш) осонлик ва тинчлик билан, оқилона ва ўзгармас бўлиб, ижобий ечим топсин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Манба: Ahlisunna.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!