Бомдод ва аср намозларининг фазилати

18:00 23.05.2018 3055

1047/1. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради», дедилар (Муттафақун алайҳ).

1042/8. Абу Зуҳайр Умора ибн Рувайба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: «Қайси бир киши қуёш чиқиши ва қуёш ботишидан олдин, яъни бомдод ва аср намозларини ўқиса, дўзахга тушмайди», деб айтганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).

1043/9. Жундаб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиса, у киши Аллоҳнинг аҳди ва омонидадир. Эй одам боласи, қарагин! Аллоҳ сени ҳаргиз аҳдидан бирор нарсани зое қилган ҳолда топмасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

(Яъни, субҳи намозини ва қолганларини ҳам ўқиган кишига ёмонлик қилишдан огоҳлантириляпти.)

104/50. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларни кечаси бир тоифа, кундузи бир тоифа фаришталар кузатиб туради. Улар бомдод ва аср намозида тўпланишади. Сўнгра сизлар билан тунаганлари кўтарилади. У Зот Ўзи яхши билса ҳам, улардан: «Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. «Уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк қилдик, борганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди», дейишади», дедилар (Муттафақун алайҳ).

1055/1. Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот ойга қараб туриб: «Албатта сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрасиз. У Зотни кўришда бир-бирингизга қийинчилик туғдирмассиз. Агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намозни бой бериб қўймасликка қодир бўлсангиз, шуни қилинг», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ривоятда: "Ўн тўрт кунлик кечада ойга қарадилар", бўлиб келган.

1056/2. Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини тарк қилса, амалини ҳабата қилибди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).


 

Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававийнинг "Риёзус-солиҳийн" китобидан.

Анвар АҲМАД таржимаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!