Бойлик асло вафо қилмайди

21:55 12.02.2018 1008

Аммо унда нега одамлар тўймай, уни йиғиб-босаверади?

Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган турли тоифадаги мансабдорларнинг ҳар хил йўллар билан тўплаган бойликлари, мол-дунёлари миқдорини эшитиб ва ўқиб, оқил одам ёқа ушлайдиган, кўксига туфлайдиган бўлиб қолди. Мана шундай пайтларда миянгда савол устига савол туғилаверади, беихтиёр ҳисоб-китобга тушиб кетасан: “Воажаб, бир одамга  миллиардлаб доллар ва сўмлар нима учун керак? У шунча пулни қандай йўллар билан топганийкин, ахир маош ва мукофотлар ҳисобига  бойиб кетган киши камдан-кам топилади-ку? Оддий одамлар ҳисобича, ўша одамнинг ойига саккиз-ўн миллион сўмдан харажати бўлса ҳам, долларга чаққанда йилига ўн икки минг доллар бўларкан, эллик йилда олти миллион доллар пул ишлатаркан. Энди оила аъзоларининг харажатини қўшганимизда ўн кишиники олтмиш миллион бўлақолсин. Ҳолбуки, эртанинг ва бола-чақанинг ризқи ҳақида ўйлаш мусулмон одамга тўғри келмайди, ҳамманинг ризқини Парвардигор беради, буни бандалар зиммасига юкламайди. Унда миллиардлаб долларни босиб ёки хорижий банкларга топшириб қўйган катта мансаб эгалари қолган пулларини нимага харжлашади? Минг машаққатлар, ёлғонлар, зулмлар, алдовлар эвазига топган мол-дунёлари, юртда қурган ёки чет элларда олиб қўйган ўнталаб шоҳона қасрлари ўзларига буюрармикин? Соғлиқни, умрни, вақтни, оромни, роҳатни бой бериб топилган пул ва мол-давлатлари ўзларига вафо қилармикин?

Тарих қатларини титкиласангиз, инсоният ҳаёти давомида одамларнинг топган бундай бойликлари эгаларига ҳеч қачон вафо қилмаганини, бойлик қийинчилик ва йўқотишлар ҳисобига тўпланганига қарамай, турли сабаблар билан бошқаларга осонликча қолдириб кетилганига ёки барини зўравонларга олдириб, топганларидан маҳрум бўлинганини кўрасиз. 

Қуръони каримда Қорун қиссаси зикр қилиниб, ундан келгуси авлодларнинг ибрат олишлари буюрилган. Қорун Мусо алайҳиссалом қавмидан бўлган ниҳоятда бой-бадавлат бир кимса эди. Аллоҳ таоло уни имтиҳон қилиш учун жуда катта бойлик ва мол-мулк ато этган эди. Унинг мол-мулки шу даражада кўп эдики, хазиналарининг калитларини кўтариб юриш бир гуруҳ кучли одамларга ҳам оғирлик қилар эди. Давлатини ҳаммага кўз-кўз қилиб, қимматбаҳо кийимлар кияр, бошқаларнинг ҳасади ва адоватини қўзғашга интилар эди. Аммо у бунга ношукрлик қилиб, бу бойликларни берган Аллоҳга исён қилди. “Буларни ўз уқувим ва иқтидорим орқали қўлга киритганман” деган даъвода кибр ва туғёнга кетди. Ўша вақтда шунчалик молга эгалик уни ҳовлиқтириб юборади. Шу сабабли ўз қавмига такаббурлик қилади, уларга зўравонликда бўлади. Оқибатда унинг ўзини, тўплаган барча бойликларини ер ютди.

Дунёнинг ярмини забт этган Македонияли Александр эса ўлими олдидан шундай васият қилган экан: «Мени бир тобутга солинг, тобутнинг бир томонини тешиб, шу тешикдан қўлимни чиқаринг ва кафтимни очиб қўйинг. Токи барча халойиқ кўрсинки, жаҳондаги ҳамма мамлакатни эгаллаб олган бўлсам ҳам бу дунёдан қўлларим бўш кетаётир».

“Таснифи Ғариб” номли бир қўлёзма китобда шундай дейилган: «Худоёрхон (Қўқон хони) ҳижрий 1292 йили шошилинч ҳолда ўттизта казакдан иборат рус отряди ҳимоясида Тошкентга кетишга мажбур бўлди… Қўқон шаҳридан Худоёрхон хотин, бола-чақаларини олиб, хизматкорлари билан олтин, кумуш, лаъл, жавоҳирлар тўла ўнлаб сандиқларни ортиб, Хўжанд орқали чиқиб кетди. Шаҳардан саккиз чақирим юрилгач, хон ҳамроҳларига дам беради. Шунда унинг 1000 пиёда, 2000 сипоҳи, 68 замбараги бор эди. Танаффусдан сўнг йўлга чиқилганида қанотида 500 сипоҳи қолган, бошқалари эса хонни ташлаб кетганди. Кейинроқ сандиқдаги бойликлар ҳам изсиз йўқолди».

Бухоро амири хазинасида у тахтдан кетиши олдидан қуйидаги бойликлар бўлган: 1 миллион 148 минг 380 дона Бухоро тилласи, 4 миллион 365 минг дона рус тилласи, 17 тонна 728 кило ёмби ҳолатидаги Гамбург тилласи, 45 тонна 494 кило Гамбург ёмби кумуши, 22 тоннадан зиёд рус кумуш тангалари ва жами 34 номдаги бошқа қимматбаҳо буюмлар рўйхатга олинган. Уларнинг умумий қиймати 73 миллион 252 минг сўмдан ошган. Бунга амир ва унинг оиласига тегишли 3 миллион 300 минг сўмликдан ортиқ қимматбаҳо тақинчоқлар ва инжу-марваридлар кирмаган (Бу пулларнинг қанчалигини билиш учун солиштириб кўринг: ўша пайтда бир пуд (16 кило) ун – 95 тийин, бир пуд писта – 35 тийин, шунча бодом – 70 тийин, бир бош семиз қўй 2 сўм бўлган). Ана шунча бойликнинг тақдири ҳанузгача маълум эмас (Ҳ. Узоқов, С. Холбоев, «Бухоро амирининг олтинлари», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1991 йил).

Ёки яқин ўтмишимизда содир бўлган мана бу воқеа тафсилотлари ҳам диққатга сазовор: «Ўзбеклар иши»ни ташкил этиб амалга оширган терговчилар Т. Х. Гдлян ва Н. В. Ивановларнинг гуруҳи юқори мартабали шахслар ва уларнинг оила аъзоларидан тортиб олган, мусодара қилган бойликлар 40 миллион сўмликдан ошиқ эди. Бундан ташқари бошқа терговчилар ва ҳуқуқ органлари томонидан мусодара қилинган пул ва бойликлар эса 100 миллион сўмга етган эди. Ана шу миллион-миллион пуллар, олтин, заргарлик буюмлари, қимматбаҳо магнитофон, соат каби буюмлар, заём облигацияларининг бари Москвага олиб кетилди ёки нопок терговчилар томонидан гумдон қилиниб, ўзлаштирилди (Изоҳ: тўқсонинчи йиллар бошида ВАЗ-2106 маркали «Жигули» автомобили 8 минг сўм турарди) (В. Илюхин, «Қабоҳат ёхуд…», Тошкент, 1993 йил).

Бу каби мисолларни яна истаганча келтириш мумкин. Бугунги кунимизда ҳам бундай ишлар, оғир йўқотишлар содир бўлиб турибди, бунга матбуот ва ижтимоий тармоқлардага кўплаб маълумотлар яхши дадил бўла олади. Буларни ўқиган одам “Катта пул-бойлик ҳеч қачон вафо қилмаслигини билса ҳам одам боласи уни йиғиб-босаверар экан-да!” деб хитоб қилиб юборганини ўзи ҳам билмай қолади.

Динимиз одамлардаги мол-дунёга ҳирс қўйиш, бунинг орқасидан ҳаромдан ҳазар қилмаслик, ўзгалар ҳаққини адо этмаслик, номуносиб ерларга мол сарфлаш, уни исроф қилиш ва бойлиги билан фахрланиш каби қусурларни танқид қилади ва булардан қайтаради. Бойлик кўпчилик учун имтиёз, неъмат эмас, аксинча жазо, офат ҳисобланади. Мол-дунё фитнаси бошқа фитналар каби жуда хатарли ва охиратда чексиз азоб-уқубатларга дучор этувчи зарарли нарсадир. Инсонлар мол-дунё фитнасидан эҳтиёт бўлиш борасида огоҳлантирилганлар. Ҳадисларда бундай дейилган: «Огоҳ бўлинг, албатта, дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир»; «Кўчмас мулкларга (ер-сувга) эга бўлишга киришманглар. Чунки улар дунёга рағбатларингизни зиёдалаштиради»; «Мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман, лекин сизлардан аввалги умматга ўхшаб дунё келиб, улар ўша дунё учун кимўзарга мусобақалашиб, уларни бу нарса ҳалокатга элтгани каби, сизларнинг ҳам улар каби дунёга мағрур бўлиб қолишингиздан қўрқаман». 

Пул топиш, айниқса ҳалол меҳнат, фойдали касб орқасидан бойлик орттириш айб ёки гуноҳ иш эмас, аксинча Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари буюрган хайрли ишлардандир, савоб-ажрларга эришиш воситасидир. Дарҳақиқат, мол-мулк дин ва дунё фойдаларига етишиш йўлидаги бир воситадир. Уни аҳлингизга, қўл остингиздагиларга, яқинларингизга инфоқ-эҳсон қилиб, Яратганнинг розилигини топишга имкон берадиган бир неъматдир. Ундан ажратиладиган садақа ва хайриялар эса савобларни кўпайтиришга ёрдам берадиган бир омилдир. Ҳалол йўл билан бойлик топиб, уни ҳалол йўлларга сарфлаган бойлар қандини урсин, топганлари ўзларига буюрсин!

Мусулмон кишидан фақат дунёга, мол-мулк тўплашга қаттиқ муҳаббат қўймаслик, уни керакли жойларга сарфлаш, бунда бахилликка, исрофга, риёга йўл қўймаслик талаб этилади, холос. Қолаверса, «Мен бойликни ёмон кўраман, менга дунё неъматларидан ҳеч нарса керак бўлмайди» деган одам ёлғон сўзлаган бўлади. Чунки инсонлар дунё молига орзу-ҳавасли, яхши яшашга, фаровонликка иштиёқли қилиб яратилган. Таркидунёчилик ёки берилган дунёни истамай, сочиб-исроф қилиб юбориш каби ҳолатлар қораланган. Сизга мол-дунё мўл-кўл қилиб берилибдими, бу Унинг сизни мол-дунё билан имтиҳон қилаётгани бўлади ёки сизга инфоқ-эҳсон, хайр-саховат эшикларини очиб, савоб-ажрларга эришувингиз учун имкон бергани бўлади.

Бойларнинг энг катта фожиаси шундаки, улар ҳамиша камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб яшашади. Уларнинг бутун фикри-ёди бойликларини тинмай тўплаб-кўпайтиришга, ҳеч бўлмаганда уни ҳозирги миқдорда ушлаб туришга қаратилган бўлади. Улар бу йўлда ҳамма нарсага: ўзгаларни алдашга, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик беришга, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормасликка, судхўрлик, муттаҳамлик қилишга, пора олиш ва беришга, зулмга, ҳаттоки иймондан кечишга тайёр турадилар. Айрим бойлар ўз мол-дунёсини асраб қолиш учун ҳатто эътиқодини ўзгартириш, миллатга ва динга хиёнатлар қилиш даражасигача борадилар.

Нима қилиб бўлса-да бойлик тўплашга интилаётганлар, бу йўлда ҳар қандай қабиҳлик ва разолатдан қайтмаётганлар шуни билиб олсинларки, улар ноҳақ тўплаган моллар кимнинг ризқидан қирқиб олинган, кимгадир зулм қилиб оғзидагиси тортиб олинган, ёмонликка йўл очиш учун пора сифатида талаб қилинган мол-дунёдир. Шунинг учун у эгасига асло вафо қилмайди. Яна ноҳақ тортиб олинган молларнинг шу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳисоб-китоби бор. Бу дунёдаги ҳисоби ана шу бойликларнинг бошқа бир зўравон томонидан тортиб олиниши, меросхўрлар томонидан бефойда совурилиши ва турли кутилмаган офат-балолар туфайли унга талафот етишидир. Охиратдагиси эса Аллоҳ ҳузурида бўлади ва У Зотга турли баҳона-сабабларни ишлатиб бўлмайди.

Ушбу сатрларни ёзишдан мурод, бойликни ва бойларни қоралаш эмас, балки бойликни ҳалол йўл билан топишга, бойлик қўлга келганида унда фақир ва муҳтожларнинг ҳаққи борлигини эсдан чиқармай, уларга саховат ва эҳсонни кўпатиришга чорловдир. Зулм билан халқнинг пулини ўмарганларни эса бойликлари барибир ўзларига вафо қилмаслиги ҳақида яна бир бор огоҳлантиришдир. Сўзимни улуғ саҳобий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ушбу насиҳатлари билан якунлашни истадим: «Дунёда экинлар экиб-ўрган, баланд кошоналар қурган, узоқ вақт завқу сафо сурган дунёнинг ўғиллари, дўстлари бугун қаерда? Дунё уларни ютиб юбормадими? Парвардигор дунёга аҳамият бермаганидек, сиз ҳам унга берилманг! Охират учун ҳаракат қилинг! Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз ва умрингизнинг қолган қисми ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган». 

Аҳмад МУҲАММАД
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!