Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши муҳимлиги нимада?

12:30 16.04.2018 213

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун юртдошларимизнинг  мамлакатда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини оширади.

Жамоатчилик назорати демократия ва халқ ҳокимиятчилигининг муҳим институти ҳисобланиб, у давлат органлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади.

У фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига давлат органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан оғишмай риоя қилинишини, улар олдида турган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шу боис кучли фуқаролик жамияти шакллантирилаётган юртимизда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, уни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Конституциямизга 2014 йилда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг конституциявий асоси шакллантирилди. Унга мувофиқ, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш йўли билан ҳам рўёбга чиқарилади. Эътиборли жиҳати, жамоатчилик назорати институтига конституциявий-ҳуқуқий мақомнинг берилиши юртимизда мазкур назорат институтини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Амалдаги қатор қонун ва қонуности ҳужжатларида жамоат назорати ҳақида қатор нормалар мавжуд бўлса-да, ушбу институтнинг моҳияти, турлари, уни амалга оширишнинг усул ҳамда шакллари, умуман олганда, назорат қилиш механизмларини назарда тутувчи махсус қоидалар, ягона ҳужжат мавжуд эмас эди. Бу эса қонунлардаги мазкур қоидалар, ҳатто, конституциявий норманинг ҳам тўлиқ ишламаслигига сабаб бўлаётганди.

Бундан ташқари, жамоатчилик назорати борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирхиллаштириш ва ягона тизимлаштирилган таянч қонунни қабул қилишга, жамоатчилик назорати масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги “ҳуқуқий бўшлиқлар”ни бартараф этишга эҳтиёж мавжуд эди.

Шунинг учун ҳам Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури асосида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун парламентимиз қуйи палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилиб, кенг муҳокамалардан сўнг қабул қилинди, Сенат томонидан маъқулланди ҳамда Президентимиз имзолаганидан сўнг кеча матбуотда эълон қилинди.

Қонун Конституцияда назарда тутилган нормани амалиётда қўллашга, мамлакатимизда давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг қонунчилик асослари ва механизмини тўлиқ белгилашга қаратилгани билан ниҳоятда эътиборлидир.

Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши муҳимлиги нимада?

Авваламбор, жамоатчилик назорати фақатгина жамият учун эмас, балки давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятини самарали ташкил этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, жамоатчилик назорати қонунларнинг самарали ишлашини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш билан бирга, уни муҳофаза этишга даъват қилади, давлат тузилмаларининг такомиллашувини таъминлайди. Бу эса пировардида жамоатчилик назорати орқали бугунги кунда ўта долзарб ҳисобланиб келинаётган давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ҳамда масъулиятини оширишга замин яратади.

Айни пайтда жамоатчилик назорати орқали фуқаролар фикр-мулоҳазаларининг ижтимоий ҳаётдаги таъсирчанлиги ортади, давлат келажагига бефарқ бўлмаган ва ижтимоий фаол аҳоли қатлами шаклланиб боради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда ислоҳотларнинг янада самарали олиб борилишини таъминлайди. Давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари жамоатчиликнинг ишончи ва кўмагида ўз фаолиятини янада самарали ташкил этиш имконига ҳам эга бўлади.

“Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда жамоатчилик назорати субъект ҳамда объектлари, асосий принциплари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш шакллари белгиланиб, назорат шакллари билан боғлиқ тартиб кенг ёритилган. Шунингдек, жамоатчилик назорати субъектлари ҳамда объектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унинг натижаларини расмийлаштириш тартиби очиб берилди.

Қонунга мувофиқ, жамоатчилик назоратини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари олиб бориш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ҳамда минтақавий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашга оид фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, жамоатчилик назорати субъектлари давлат органлари фаолияти устидан қатор шаклларда, яъни давлат органларига мурожаатлар ҳамда сўровлар йўллаш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш каби усулларда назорат олиб боради.

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида миллий қонунчилик, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда экспертларнинг фикрлари ва хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди, жамоатчилик назорати соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинди. Жумладан, АҚШ, Бельгия, Германия, Буюк Британия, Франция, Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг жамоатчилик назорати соҳасидаги қонун ҳужжатлари тўлиқ ўрганилган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун давлат органлари ҳамда мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини янада оширишга, энг муҳими, бевосита фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этиш механизмининг янада такомиллашувига хизмат қилади. Бу эса “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалда қарор топишини таъминлайди.

 

Толибжон МАДУМАРОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

Манба: xs.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!