Диний таълим нақадар муҳим!

19:00 13.06.2018 781

Илм-фан (яъни, дунёвий илм) қанчалар равнақ топмасин, майдонлари қанчалар кенгаймасин, у барибир инсонлар учун хотиржамлигу саодатни рўёбга чиқариб беришга қодир эмасдир. Чунки бу илм ҳаётнинг фақат моддий томонини тараққий эттиради. Бу илм узун масофани яқин қилиб, узоқ муддатни қисқартириб беради. Шунинг учун бу асрни “тезлик асри”, “масофаларни кесиб ўтиш асри” деб номлашди.

Лекин бирор кимса бу асрни “фазилат асри”, “хотиржамлик асри” ёки “инсоният учун саодат асри” дея оладими?!.

Бу илм инсон ҳаёти учун янги-янги қулай воситаларни муҳайё қилди. Лекин ҳаётдан кўзланган асл мақсадлар сари бошлай олмади. Ҳаётнинг зоҳирини зийнатлаб кўрсатди, лекин унинг моҳияти томон олиб бормади. Воситаларга берилиб, асл мақсадни унутган, сатҳига чалғиб, маъдандан ғафлатда қолган, пўсти билан овора бўлиб, мағзидан бебаҳра қолган инсон – қандаям бахтсиз инсондир!

Бу илм инсонга кўплаб қулайликларни тақдим қилди. Лекин унга у учун яшаб, у учун жон беришга арзийдиган буюк қадр қимматни ва олий мақсадни тақдим қилгани йўқ. Ҳа, аслида буларни тақдим қилиш дунёвий илмнинг вазифаси ҳам, хусусияти ҳам эмасдир. Буларни дин тақдим қилади ва бу диннинг вазифасидир!

Шайх Юсуф Қарзовий

Ҳа, фарзандларимизга ёшлигидан таълим-тарбия берар эканмиз, фақатгина дунёвий таълим бериш билан чекланиб қолмаслигимиз лозим. Чунки улар қайси касбни танлашидан қатъи назар, уларнинг тарбиясида диний таълимнинг алоҳида ўзига хос ўрни бўлиб, бу ўринни ундан бошқа бирор нарса, бирорта тушунча тўлдира олмайди. Шундай экан, фарзанд тарбиясида диний таълимнинг қанчалар зарур эканини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ!. Акс ҳолда, фарзандларимиз ҳаётнинг зоҳири билан овора бўлиб, унинг асл моҳиятидан ғафлатда қолишади, пўстлоғи билан овора бўлиб, мағзидан бебаҳра қолишади. Бу эса ўз натижасини кўрсатмасдан қолмайди. Турли фаҳш ва мункар ишлар, бузғунчилик ҳамда жиноятларнинг урчишига ҳам айнан шу нарса сабаб бўлади. Бугунги кунда бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланиб улгурди (коллеж ўқувчилари томонидан содир этилаётган жиноятлар бунга мисол бўла олади). Диний таълимдан воз кечиб, дунёвий таълимнинг ўзи билангина тараққиёт топишга интилаётган юртлар аҳолисининг ҳаётига назар солсак, бунга янада амин бўламиз. ...

 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!