Дунёталаблар

12:10 10.01.2018 470

Дунё бозорида қайнар тўпалон,
Елиб югуради тўп-тўп оломон
Молу-мулк кўйида Мажнундан телба,
Ҳамма бирдай олғир, бирдай устомон.

Бир-бирин алдайди икки танга деб,
Пул учун ғарни ҳам опа, янга деб,
Ўлпон солар элга чўнтагин тута
Борингиз берингиз шу ватанга деб.

Оломоннинг дарди-ташвиши дунё,
Келажаги дунё, кечмиши дунё.
Охиратнинг отин насия қўйган,
Дину диёнати, таш-ичи дунё.

Кўзини шоҳларнинг тахтига тикди,
Шуҳрат аҳлин сохта бахтига тикди.
Инкор қилиб Аллоҳ, Расулуллоҳни,
Умрини иблиснинг маҳрига тикди.

Ўзини унутиб, қувди изидан,
Сарҳуш бўлди топса, пулнинг исидан,
Бир қўтир эшакка миндириб қўйиб,
Эваз талаб қилди ўз отасидан.

Охири топди ҳам излаганини,
Минг бора қичаган-қистаганини,
Мавлонинг мулкига ниҳоя йўқдир,
Фақир ё бой қилар истаганини.

Гапирмай одамлар феъли-хўйини,
Овоза қилдилар донгдор тўйини,
Қўнган курсисию минган уловин,
Муҳташам қасрини, қирқта уйини...

Фақат дунё топди, ўзин йўқотди,
Сиҳҳатин, қўл-оёғ, кўзин йўқотди.
Булар-ку майлига, ҳаммасидан ҳам,
Энг зарур пайтида сўзин йўқотди!

Ўзи ҳам ўзини унутганидек,
Холиқнинг “юзи”ни унутганидек,
Ном-нишон қолмади улардан сира
Пирлари Қорунни ер ютганидек.

Мен паноҳ тилайман “биРоббиннаси”,
Қутқар, Подшоҳимиз -“Маликиннаси”!
Дунё деб динини унутганлардан
Қилмагин бизларни, “Илаҳиннаси”!

Ғолиб БАҲРОМ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!