Дуонинг қабул бўлиш сабаблари

16:00 05.02.2018 1084

Дуо барча ибодатларнинг мағзидир. У банда ва роббиси орасини боғлайди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга дуо қилишни ва Аллоҳ таолодан сўраганда ёлворишни васият қиладилар. Қуръони каримнинг кўплаб ўринларида Аллоҳ таоло бизни дуо қилишга тарғиб қилади: “Роббингиз: Менга дуо қилинг, сизга ижобат қиламан… деди” (Ғофир, 60).

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дуонинг аҳамияти, саҳиҳ дуонинг кайфияти ва дуо ижобат бўладиган вақтларни баён қилиб берганлар. 

Мустажоб дуолар
Дуо ҳар қандай ҳолатда ҳам банданинг фойдасига бўлади. Агарда Аллоҳ таоло банданинг дуосини ижобат қилмаса, ўша миқдорда бандадан балони аритади ёки қиёмат кунига захира қилиб қўяди. Шунингдек, шундай дуолар борки, улар ҳеч қачон ижобат бўлмасдан қолмайди: мазлумнинг дуоси, ота-онанинг фарзандига дуоси ёки дуойи бади, мусулмоннинг мусулмон биродарига ғойибона дуоси, мусофирнинг дуоси, солиҳ фарзанднинг дуоси, ҳаж ва умра қилувчининг дуоси, Аллоҳга кўп тавба қилувчи банданинг дуоси, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчининг дуоси, адолатли раҳбарнинг дуоси.

Дуонинг қабул бўлиш сабаблари:
• Дуони фақат Аллоҳ таоло учун, холис, мукаммал ишонч ва хушуъ билан қилиш;
• Дуо қилувчи гуноҳдан ва силайи раҳмни кесишдан ўзини тийиши;
• Дуонинг ижобатини шошилтирмаслик ва “дуо қилдим лекин ижобат бўлмаяпти” каби сўзлардан сақланиши;
• Дуо қилаётганда қалб ҳозир бўлиши ва ижобат бўлишга қаттиқ ишониши зарур;
• Дуони Аллоҳ таолога ҳамд ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга саловот билан бошлаш ва шулар билан тугатиш;
• Дуо қилаётганда икки қўлни кўтариш ва Аллоҳ таолони ҳузурида одоб билан туриш;
• Дуони азм-қарор билан қилиш, сўраётганда ёлвориш ва дуо асносида таруддудланмаслик;
• Дуо қилишнинг ижобат бўладиган пайтларини танлаш: туннинг охирги учдан бири, азон ва такбир ораси, рамазон ойида, хусусан, ифтор пайтида, жума куни, арафа куни, ёмғир ёғаётган пайтда;
• Дуо мустажоб бўладиган ўринларни танлаш: Масжидул Ҳаром, Масжидун Набавий, намозда сажда кабилар;
• Еб-ичишда, кийим-кечак кийишда, умуман, барча ҳолатларда ҳаромдан четда бўлиш, фақат ҳалол томонга қараб қадам ташлаш;
• Аллоҳ таолога буюк исмлари, гўзал сифатлари билан юзланиш.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!