Энг биринчи намоздан сўраламиз...

11:05 15.11.2017 3357

Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан-да улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?" деб сўрашганида: "Вақтида ўқилган намоз", деб жавоб берганлар (Бухорий ва Муслим). Дарҳақиқат, намоз мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига қачон бирор ташвишли иш тушса, кечада кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қолган.

Намоз руҳнинг озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан пана этувчи, бандани ёмонлик, гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Намоз бандани дили ва вужуди билан боғлайдиган ибодатдир. Жойнамоз устида қўлларимизни кўтариб, «Аллоҳ акбар» дейишимиз билан Аллоҳнинг олий ҳузурига кирамиз ва хоҳлаганимизни сўрай оламиз. Бандалик саодати ва иймон ҳаловати қанчалар улкан неъмат эканини намозда кашф бўлади…

Энди бир тасаввур қилиб кўринг: Аллоҳ таоло бизларни йўқликдан ёруғ дунёга келтирган бўлса, яшашимиз учун бу заминни, бағри бойликларга тўла тоғларни, нафас олишимиз учун мусаффо ҳавони, ичишимиз учун зилол чучук сувни, емишимиз учун ҳайвон, парранда, балиқларнинг ширин гўшти ва сутини, арининг болини, анвойи, шириндан-шакар мева-набототларни яратиб бериб қўйган бўлсаю, эвазига ҳеч нарса тўламай қочиб юраверсак, адолатдан бўлармикин? Бизни соғ-саломат, ҳамма аъзоларимизни бекаму кўст, уйли-жойли, оилали, фарзандли, давлатли қилиб қўйган бўлсаю, бунинг эвазига Аллоҳга шукримизни, муҳаббатимизни, қуллигимизни изҳор этмасак, инсофдан саналармикин?

Буларнинг ҳаммаси фақат намоз билан адо бўлади. Намоз ўқибгина  Аллоҳнинг розилигини топамиз. Фақат топибгина қолмай, яна Унинг охиратдаги мукофотига – жаннатга эришамиз. Намоз бир инсоннинг мусулмон эканига ишоратдир. Намоз покликдир, шукрдир, маданиятдир, сиҳатдир, охиратдан умидворликдир. Намоз қалбларнинг нури, кўзларнинг сурури, икки дунё саодатининг зуҳуридир. Қиёматда энг биринчи намоздан сўраламиз, сўнгра бошқа амалларимиз ҳисобга тортилади. 

Чунки дунёда ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз бандаликнинг, Аллоҳга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломат ҳам айнан намоздир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган.

Бизларнинг эса намоз ўқимаслик учун узрларимиз, баҳоналаримиз, сабабларимиз кўп. Биримизга  «нега намоз ўқимайсиз?» дейилса, «Нима учун намоз ўқишим керак?» деб қарши савол берамиз. Ёки «намоз ўқимасам ҳам виждоним тоза, ўзганинг ҳақини емайман, ҳаммага яхши муомала қиламан, доимо яхшилик, хайр-эҳсонни унутмайман» деб тасалли ахтарамиз. Биримиз ишимиз кўплиги, рўзғор ташвишлари, бола-чақа муаммоларидан бўшамаётганимизни баҳона қилиб, намоз ўқишга вақт етишмаётганидан зорланамиз.  Бировимиз «Нафақага чиқиб олсам, қизимни узатиб олсам, манави ишимни битириб олсам», деган сон-саноқсиз  важ-карсонларни рўкач қилиб, намозни бошлашни пайсалга соламиз, орқага сурамиз. Гўёки  ана шу ишни қилгунча ёки нафақага чиққунча умр кўришимизга Аллоҳ кафолат бериб қўйгандай...  Худдики  ажал бу юмушларимизни битириб, пешонамиз саждага тегишини кутиб турадигандай...

Ёки баъзиларимиз намоз ўқишга шароит топилмаётганини, таҳоратга иссиқ сув йўқлигини, масжиднинг совуқлигини, яна аллақанча нарсаларни дастак қилиб намоз ўқишдан бўйин товлаб юрибмиз. Аммо товуқнинг катагидай тор, шароити йўқ кулбаларда яшаган ота-оналаримиз бузуқ ҳаволарда, зах ва зимистон ҳужраларда намоз ўқишган. Қаҳратон қиш кунлари икки-уч чақирим наридаги анҳорга бориб, музни тешиб таҳорат қилишган. Йўлдами, чўлдами, сафардами – намозларини вақтида адо этишган, қазо қилишмаган. Ҳозирги пайтда баҳаво, ёруғ уйларда яшаб, уст-бошимиз,  емагимиз етарли бўлиб, таҳоратга иссиқ-совуқ сувга эга ҳолда яна намозга эринсак, Аллоҳга қулликда бепарволик қилсак, асло узрли эмасмиз.

Гоҳида соғлиғимизнинг яхши эмаслигидан, ибодат чоғида ўтириб-туролмаётганимиздан ёки кун бўйи далада, боғда, кўчада тирикчилик  ўтказаётганимиздан ёхуд кимларнингдир зуғумидан қўрқишимиздан намоз ўқимасликка баҳона ахтарамиз. Ваҳоланки, динимизда узлуксиз бурни қонайдиган, таҳоратини тута олмайдиганлар ҳам намоздан озод қилинмаган: улар узрли киши сифатида намоз ўқишади. Кексалик-қартайганлик, оғир хасталик, жисмоний нуқсон  ҳам намоз ўқишга монеъ бўлолмайди: динимиз бундайларга ўтириб, имо-ишора билан, ҳатто ёнбошлаб, чалқанча ётиб намоз ўқишни тавсия этади. Агар  кийим топа олмай яланғоч қолсангиз, ўтирган ҳолда бош ҳаракатлари билан намоз ўқийсиз. Фақат аёлларга ҳайз ва нифос пайтида, беҳушларга ва мажнунларга тузалгунларича намоз ўқимасликка рухсат бор. Ҳаттоки, Умму Мактум исмли саҳобий икки кўзлари ожизлигидан, етакловчилари йўқлигидан масжидга – жамоат намозига келмасликка Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ижозат сўраганларида, у зот: «Азонни эшитасанми, жамоатга келишинг шарт» деб, рухсат бермаганлар. Жамоат намозининг ҳукми шунчалик қаттиқ бўлгач, умуман намоз ўқимасликка  қандоқ баҳона топиш мумкин?

 Аллоҳ таоло бизнинг ибодатларимизга, сиғинишларимизга муҳтож эмас. Унга ибодат қилувчи, сиғинувчи махлуқлар беҳисоб. Агар истаганида инсонларни ҳам фаришталар каби итоаткор ва бегуноҳ қилиб яратган бўлур эди. Аксинча Унга юкинишга, Унинг раҳмат ва марҳаматига бизлар кўпроқ муҳтожмиз. Аллоҳ таоло шунчалик меҳрибонки, хоҳлаган пайтимизда, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Ўзининг ҳузурига киришга, ҳузурида истаганча туришга ижозат бериб қўйган, яъни энг улуғ ибодатини мусулмонларга ато этган.

Шундай бўлгач, унда нега намоз ўқишни пайсалга солиб  юрибмиз? Ўқисак ҳам нега намозларимизда хушуъ ва хузуъ йўқ, жойнамоз устида хаёлимиз дунёнинг минг бир кўчаларида кезади? Намозни жамоат билан ўқиш учун масжидлар сари ошиқмаяпмиз? Намозни фақат Аллоҳ розилиги учун, Уни кўриб тургандай адо этиш нега эсимизга келмаяпти? Бу саволлар ҳақида ўйлаб кўриш вақти келмадими?

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!