Енгиллик – Ислом асоси (2-мақола)

18:30 02.12.2017 184

Исломнинг тамойили ҳар ишда енгилликдир. Инсонларга қийинчилик туғдириш, оғир мажбуриятлар билан уларни машаққатга солиш эмас. Буни Қуръони каримнинг қатор ўринларида кўрамиз: Аллоҳ таоло Қуръонни ўқиб тушуниш, ибрат олиш учун осон қилди (“Қамар”, 17, 22, 32, 40); Тақво эгаларига хушхабар беришлари, жоҳил жамоаларни огоҳлантиришлари учун Каломи шариф тиловати Пайғамбар (алайҳиссалом)га осонлаштирилди (яъни, Қуръонни араб тилида нозил қилиш билан ўқишга ва тушунишга осон қилиб қўйилди) (“Марям”, 97; “Духон”, 58); Мўминлар хоҳ намозда, хоҳ куннинг исталган қисмида Қуръондан ўзларига осон бўлган миқдорда тиловат қилишлари мумкин (“Муззаммил”, 20); Қарз олган одамга енгиллик бериш тавсия қилинади (“Бақара”, 280).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га хитобан айтилган қуйидаги ҳақиқат Қуръоннинг асл мақсадини ифодалаши билан аҳамиятлидир: “(Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик” (“Тоҳо”, 2–3). Аллоҳ таоло тақводорларнинг ишини осон қилиши хушхабарини беради (“Талоқ”, 4). Яъни, тақводор мўминлар Аллоҳ таолога ҳақиқий ихлос билан таслим бўлганлари учун шариат аҳкомларини қийналмай адо этишади. Аллоҳга бўйсунишда саркашлик қилган мутакаббир, жоҳиллар учун эса Исломнинг буйруқ ва қайтариқлари жуда оғир келади. Бу ўринда қуйидаги оятни келтирсак, мавзу янада тушунарли бўлади: “Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди...” (“Анъом”, 125). Молини Аллоҳ йўлида сарфламаганлар, ҳақни ёлғонга чиқарганларга машаққат ва азоб йўли осон қилинади (“Лайл”, 8–10). Аллоҳ таоло ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик борлиги хабарини беради (“Иншироҳ”, 5–6; “Талоқ”, 7).

Унутмаслик керакки, тангликдан кейин кенглик келиши учун зарур тадбирларни олиш, дуо ва ибодат билан Аллоҳдан сўраш ҳам керак бўлади. Албатта, дин осондир. Бу ҳаётга ҳақиқий татбиқ этилганида яна очиқ намоён бўлади. Имон, ихлос билан Исломга бўйсунган киши бу ҳақиқатга умри давомида амин бўлиб бораверади. Охиратдаги насиба эса бундан ҳам гўзал бўлади, иншааллоҳ!

Манба: irfon.uz
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!