Эшик очсанг бўлди!

23:00 11.05.2018 631

Мактабга кесиб чиқадиган йўлни тўсиб қўйишибди. Милициялар: “Изга қайтинглар, йўл ёпиқ!” деб қўлини бошдан тепароқда “Х” қилиб кўрсатар, гап уқмасларга оғиз йиртиб дўқ урарди. Ҳатто саёқ ит ҳам кесаклаб ҳайдаб солиняпти. Думини қисиб қочяпти. Кўрдим: бирларининг авзойи бузуқ, бирларининг юзи докадек оқариб кетган. Қайтаяпмиз-у, икки кўзим орқада. Атроф қизил лента билан ўраб олинган. Мен бундай лентани киноларда кўрганман. Ҳеч зоғга ўтишга изн йўқ. Ерни шарақлатиб расмга тушириб ётган анов киши оёқ остидан нарига силжимайди. Қорамтир блокнотга қитирлаб ёзиб ётган манов кимса эса хатдан толиққан қўлини пастга силкиб-силкиб, ёзишда давом этади яна. Шу дам ўнлаган одам пойидан гулли бир рўмол учиб, ҳавога кўтарилди.

Майдагул рўмол. Эҳтимол, буни эри совға қилган. Эҳтимол, ўғил туғиб бергани учун ниятланган. Аёл ҳам шугина мато ишқида юз суюнган, минг суюнган. Бошқасини эмас, шуни бойлагиси келган. Ана ўша суюнчли рўмолни ёшроқ милиция ходими қувиб юрибди. Энди унинг оти рўмол эмас, ашёвий далил!

Кечга яқин бутун қишлоққа ваҳима оралади: “Гулсумни сўйиб кетишибди”. Ҳафта-ўн кун ичида бунақанги хабарлар болалаб кетди: “Бувагини подвалга яширишга улгуриб қопти”, “Зўрға қочиб қутилибди”, “Ўлиги фалон жойдан топилибди”... Энг сўнгида гумондорнинг “қон теккан кўйлаги тандирдан чиқиб келибди”ни эшитиб, онам синглим иккимизни ўзи дарс берадиган мактабга ўтказди. Кунда-кунора меҳмон келиб қолса, нон-пон сўраб чиқадиган эшиклар тақа-тақ ёпилди. Уйнинг катталари кўчага отланаркан, устдан қулфлаб кетар ёки эшикни ҳеч кимга очмасликни қаттиқ тайинларди. Тавба, бўри ва улоқчалар ҳақдаги эртак ёдга келди. Ҳийлагар бўри... она эчкининг ўтлоққа кетганидан фойдаланиб қанча “ме-ме”ламасин, эшикни очдиролмагач, тегирмонга бориб (ақлини қаранг бунинг!) панжасини унга белайди ва қайта солиб эшик тирқишидан “туёғи”ни кўрсатади. Улоқчалар барибир эшик очмайди. Оққа ҳар қанча беланган бўлмасин, жирканч панжани тирноқлари сотиб қўяди. Эртакнинг буёғи ўзингизга маълум.

Бахтимизга деймизми, гумондор ушланди: Қозоқдами, Қирғизда қўй боқиб юрган экан. Суди бўлиб ўтди, ўлимга ҳукм қилинди, деб эшитдик (бу жазо ҳали бекор бўлмаган пайтлар эди). Қишлоқ енгил нафас ола бошлади. Енгил нафасдан кейинги “нафас”ларни кўринг: қотилнинг оиласидан қўни-қўшнилар қадами узилди; нон сўраб чиқишлар узилди; укаси бояқиш мактабга дарс тайёрламай бориб қолсами, ўқитувчилар орасида насиҳатгўй пешволари – “акангдан ўтиб қайга борардинг” дегичлари кўпайди... тарбия узилди; бориб-бориб бу гаплардан эл-кун ичида бош кўтаролмай қолган онанинг... жони узилди.

Қишлоққа йўл олсам, Худо кечирсин-у, эшикларга қарай туриб яна кимнингдир қўли қонга беланмаганми деб ўйлаб қоламан. Берк эшиклар ортида уззу кун дағ-дағ титраётган “улоқча”лар кўз ўнгимда гавдаланади. Қайси жирканч панжа сени қўрқувга солди дегим келади-ю, унда-бунда эшик тақиллаб хаёлим бўлинади. Борсам, бўсаға биқинида бир болакай “Онам айтди, озроқ ун бериб тураркансиз” деб қўлда лаби учган коса билан ийманибгина туради. Лаби учган коса. Ош кўрган, меҳмон кутган коса. Ийманиб туришга мос... коса. Болакайни биринчи марта кўриб турганимиз йўқ: “Ёғ қолмабди”, “Онам хамир қориб қўйган, ёпгунича иккита нон бериб туринг”, “Бир бонка гуруч”... Куртаклаб бораётган ҳамиятни синдиришга журъатинг келарканми?

Ун-ёғ сендан айлансин, болакай.
Тарбиядан узилмасанг бўлди.
Яхшиликдан узилмасанг бўлди.
Дағ-дағ титрамасанг, қўрқмасанг...
Эшик очсанг бўлди!

Акмал ЖУМАМУРОДОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!