Эътиборимиздан четда қолаётган одоб

21:00 08.02.2018 581

Бу гап авваллари ҳам айтилган. Салкам бир минг тўрт юз йилдан бери амалда бўлган қоида. Лекин кичик масала кўриниб, кўпчилик амал қилмай қўйгани учун ёзишга мажбур бўлдим. 

Яқинда хўжалик тўловларини тўлаш учун бир бир корхонага ишим тушди. Кутиш залида оддий қоғозга қаламда “Йўлак ва зиналарга туфламанг!” деб ёзиб қўйилган экан. Тартибсизларга фаррошларнинг мурожаати бўлса, керак бу, деб ўйладим. Кейин глобал муаммолар турганда оддийгина юмуш ҳақида фикр юритгим келди. Ростда, қайсидир бетартибнинг иши фаррошга малол келади-да. Нафақат фаррошга, бу ерга келиб-кетувчи барча ижирғаниши табиий, бу ҳолдан. 

Аслида арзимасдай бўлиб кўринган бу ҳол нимагадир менинг ҳам ғашимни келтиради. Одатим бўйича ерга қараб юраман. Шунинг учун ҳар қадамда дуч келаётганим тупукларни кўриб кўзимни қаерга олиб қочишни билмайман. Бир куни Қўйлиқ деҳқон бозорида сумкам оғирлик қилди. Бирор жойга қўйиб, тин олмоқчи бўлдим. Эллик-олтмиш метр юриб бир банан сотувчи йигитнинг растасига сумкамни қўйиб тин олдим. Энг ёмони тупукларнинг кўпи нос аралаш, ер бечора кўкариб кетган... Лекин муқаддас динимиздан хабардор одам бу ишни қилмаслиги яхши тушунаман. Нега  тупургиси келган кишининг четроққа чиқиб, чап оёқ тарафга туфлаши лозимлигини одамлар билишмайдия? Тўғри, бизда ҳамма ҳам мусулмон эмас, ҳамма ҳам ўзбек эмас. Лекин бозорда юрганларнинг тўқсон беш фоизи ўзбек-ку! 

Яна бир гал қовоқ олиш учун бозорга бордим. Сотувчидан ерга тоғ қилиб уйиб қўйилган қовоқлар ичидан биттасини олиб беришини илтимос қилдим. Шундоқ ерда турган қовоқни олиб бераётганида “Илтимос, ердан эмас, юқорироқдан олиб беринг”, дедим. Сотувчи қўлидаги қовоқни жойига қўйиб, юқоридан биттасини олди-да “Опа, шу қовоқ ҳам ерда ўсиб, ҳосил қилган. Ҳаммамиз ҳам тупроқдан яралганмиз, тупроққа қайтамиз”, деди. Мен ундан узр сўрадим. Ва атрофдаги нос аралаш тупукларни кўрсатиб, шунинг учун кўнглим бўлмаганини тушунтирдим.

Тўғри, ҳаммамиз тупроқдан яралганмиз ва унга қайтажакмиз. Нега қизларимизни узутишдан олдин у томоннинг уйини ясатиб боришни ўргатамиз? Нега меҳмон келишидан олдин уйларни тартибга келтирамиз? Нега ҳайит-арафа кунлари ҳамма жойни  чинни-чироқ қилиб чиқамиз? Буларнинг ҳаммаси яхшиликка. Ўзимизга яхши бўлишини истаймиз. Унда нега қиёматгача қоладиган манзилимизнинг юзига бемалол туфлаймиз? Мана шу жойи менга малол келади? Ахир ер ҳаммамизнинг борар манзилмиз-ку. Майли, бозор-ку бозор, ҳар хил одам бор. Аммо аксарият зиёлилар кириб-чиқадиган корхоналар, муассасаларнинг атрофи ҳам оқ-яшил бўлиб кетган. Камига писта пўчоғию сигарет қолдиқлари ҳам... Мана шуниси ранжитади одамни. 

Ҳамма жойга фаррош опаларнинг ёзувларини қўйиб чиққим келади. Токи, оилада ўрганилмаганидан кейин, кўникма ҳосил қилинмаганидан кейин, ана шу ёзувни кўриб, бирор четга бориб тупуришни ўзларига лозим топишса. Жамоат жойларида, кўпқаватли уйларнинг йўлакларида шу ёзувларни осиб чиқсак, сал она заминимизнинг юзини ёруғ қилармидик. Мана, мактабларга ҳадис дарслари киритилиши ҳақида кўплаб гаплар бўлмоқда. Одобнома дарсларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ижтимоий одоблар” сингари кундалик масалалар, тарбиялар ўтилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Туғилганимиздан бошлаб бизга ризқ улашадиган,  кейин яна бағридан жой берадиган она тупроқнинг юзига туфламанг. Бу менга оғир ботяпти?  Таъбингизни бузган бўлсам, узр.

Манзура ШАМС
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!