Европадаги бирорта ҳам масжиди бўлмаган шаҳар

09:54 22.10.2017 1326

Бу ерда мусулмонлар азон эшитилишини орзу қиладилар

Европада ягона масжидсиз пойтахт бўлган Афинада яшовчи мусулмонлар минорасиз масжидда бўлса-да, азон эшитишга муштоқлар. 2006 йилда ҳукумат масжид қуришга рухсат берган бўлишига қарамай, улар бу борада ҳамон қаршиликка учраб келадилар.

Ғарбий Тракияда жойлашган оз сонли туркларнинг Маслаҳат кенгаши раиси Иброҳим Шариф Анадолу билан суҳбатда: "Греция Европа Иттифоқидаги пойтахтида масжиди бўлмаган ягона давлатдир", деди.

Бундан ташқари, Комотини шаҳри муфтийси бўлган Иброҳим Шариф мусулмонлар намозларини тоза бўлмаган, ноқулай жойларда ўқиётганларини афсус билан тилга олди.

У ҳукумат қуришга рухсат берган масжид ҳақида гапирар экан, жумладан шундай деди: "Масжид биноси қурилиши давом этяпти. Режага кўра, масжид пойтахт марказида бўлган Вотаникос мавзесида шу йил охиригача битади. Лекин ўйлашимча, бу иш яна бир неча йил вақтни олади", деди.

У денгиз кучларининг доимий қаршилиги ва у ерда яшовчи бир қанча кишиларнинг масжид қурилишига қаршиликлари ҳақидаги аризалари сабабли қурилиш бир муддатга тўхтатиб қўйилганига тўхталиб ўтди.

Ўтган йилнинг август ойида юнон парламенти масжид қуриш бўйича қарор чиқаргандан кейин 4 та ширкат томонидан қуриляпти. Бу ерда биринчи марта масжид қуришга рухсат берилганига 1 асрдан ошиқ вақт ўтди.

Масжид Афинадаги Вотаникос мавзеси атрофида денгиз кучларига тегишли бўлган эски бино ўрнига қурилади.

Масжид майдони тахминан 850 м2 бўлиши, 350 кишилик сиғимга эга бўлиши, қурилишга 887 минг евро сарфланиши режалаштирилган. Масжиднинг минораси бўлмайди.

Ҳуқуқий ва бюрократик тўсиқлар ҳамда эътирозлар 2006 йилда ҳукумат томонидан масжид қурилиш ҳақида чиқарилган қарорни кечиктиряпти.

Масжид қурилиши бино ери қўлга киритилганидан ва ўша ерда қочоқларга ёрдам бериш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш даъвоси билан 3 ой қурилишга халақит берганидан сўнг ўтган февралда бошланди.

Афина мусулмонлари намозларини уйларида ёки пойтахти бўйлаб тарқалган кичик намозхоналарда ўқишга мажбур бўлишмоқда.

Юнонистондаги Таълим ва дин ишлари вазирлиги масжид бошқаруви органини қуриб битказганидан сўнг, ҳукуматга мусулмонлардан икки кишини, шаҳар ҳокимлигига бир кишини ва мусулмонлар вакилларини қабул қилади.

Октябр ойида Юнонистоннинг Таълим ва дин ишлари бўйича вазири Никос Филлис Афинада мусулмонлар учун кичик масжидлар борлигини эътироф этган ҳолда, катта масжидлар йўқлигини танқид қилди. У бу аҳволни «Инсон ҳуқуқлари учун шармандали доғ» деб атади. У Катта масжид қурилиши экстремизмнинг тарқалишига тўсқинлик қилишини таъкидлади.

Масжидлар йўқолиб кетиш хавфи остида

Шу зайлда Шариф охирги пайтларда Греция ҳукумати масжидларни ва бир нечта шаҳарлардаги намоз ўқиладиган жойларни ёпиб қўяётганини айтиб ўтди. Искандария, Верония, Салоника, Дедимотитса ва Давосдаги намозхоналар шулар жумласидандир.

У ўз сўзига қўшимча қилиб: "Ҳукумат захира чиқиш йўли йўқлигини баҳона қиляпти. Ваҳоланки, бу шартларни бажаришга етадиган мосламалар йўқ”, деди.

Бундан ташқари у Грецияда Усмонийлардан қолган бир нечта ёдгорликлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остидалиги ва булар орасида қадимги масжидлар ҳам борлиги, хусусан, Родос ва Кос жанубий оролларда уларнинг сони кўплигини ҳам айтиб ўтди.

Шариф Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштирув агентлиги (ТИКА) Болқонларда кўплаб Усмонли ёдгорликларини таъмирлаш ва тузатиш ишларини олиб бораётганини, аммо Юнонистонда бунга йўл қўйилмаслигини билдирди.

Қонуний жанг

Скача шаҳридаги Оузан Аҳмад Ўғлу раҳбарлик қиладиган "Турк бирлиги" ташкилоти 1927 йилда ташкил этилган ва 1983 йилгача қонуний равишда фаолият юритган.

Аҳмад ўғлининг айтишича, у Юнонистон ҳукуматига Скачадаги "Турк Бирлиги"ни ёпишга қарши даъво аризасини билан чиққан. Бундан ташқари яна иккита ташкилот номи туркча бўлгани сабабидан ёпилган.

Унинг сўзларига кўра, бу Юнонистондаги озчилик туркларнинг этник ўзига хослигини ва уларнинг масжид йўқлиги ҳақидаги даъволарини инкор этишни акс эттиради.

Афина мусулмонлари нафақат масжидлардан, балки қабристонлардан ҳам мосуво қилинган. Мусулмонлар маййитларини Тракия ғарбий ҳудудидаги озчилик турклар қабристонига дафн этишяпти ёки ватанларига жўнатишяпти.

Маълумот ўрнида мусулмонлар Афина аҳолисининг 10 фоизини, яъни 660 мингни ташкил қилади. Грециядаги умумий мусулмонлар сони эса аҳолининг 4,77 фоизини, яъни 11,03 миллионни ташкил этади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!