“Фотиҳа” сурасини қайта англаш ёхуд биринчи сура тафсири (1-мақола)

23:55 10.04.2018 1848

Бугун мен сизлар билан “Фотиҳа” сураси ҳақида суҳбатлашишга ва ушбу муборак суранинг баъзи бир хусусиятларини сиз билан баҳам кўришга ҳаракат қиламан.

Ўйлайманки, бу суҳбат сизларда миннатдорлик туйғуларини уйғотади ва келгусида муборак Қуръоннинг бошқа оятларига ҳам тўғри ёндашиш ва муносабатимизни тўғри шаклланишида ёрдам беради, деб ўйлайман. Шу билан бирга ушбу суҳбат туфайли биз Қуръонга нибатан кўпроқ диққат эътиборимизни тортадиган бўламиз, деган умиддаман.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, “Фотиҳа” сураси Қуръони Каримнинг энг биринчи гўзал сурасидир. Бу биринчи бор тўлиқ ҳолда Ерга тушган сурадир.

Ҳаммангизга маълумки, илк бор “Ўқи, Роббинг номи билан” ояти Ерга тушган.

Бу “Алақ” сурасининг бир қисми бўлиб, тўлалигича келмаган. “Фотиҳа” сурасига келсак, бу сура Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи марта бир мартада тўлалигича тушган сурадир.

Шунингдек, “Фотиҳа” сурасининг қайси ояти биринчи бўлиб келганлиги ҳақида ҳам ихтилофлар ҳозиргача бор.

Баъзи бир олимлар “Фотиҳа" сураси Бисмиллоҳир роҳманир роҳиймдан бошланади деган фикрни айтсалар, бошқа бир олимлар эса “Фотиҳа” сурасининг биринчи ояти “Алҳамдуллиллоҳ”дан бошланади деган фикрни билдирадилар. Мен бу фикрлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтмоқчи эмасман.

Агар маърузамни “Бисмиллоҳ”дан бошласам, қолган оятларнинг тафсирига вақтимиз етмайди. Чунки кечгача фақат “бисмиллоҳ” ҳақида гаплашишга тўғри келади.

Шунинг учун ҳам мен “Фотиҳа” сурасининг биринчи ояти бисмиллоҳдан бошланади” деган олимлар фикрини ҳурмат қилган ҳолда, ўзим қатъий ишонган ва таянган, назаримда ишончли бўлган “Фотиҳа” сурасининг биринчи ояти “Алҳамдуллиллоҳ”дан бошланади деган фикрни айтмоқчиман. Бу Қуръони Каримнинг ўзида аниқ кўрсатилган ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Фотиҳа сураси алҳамдудан бошланади”, деган муборак ҳадислари хужжат бўла олади... Яна Аллоҳ билгувчи.

Аллоҳнинг розилиги билан суҳбатимизни шу оятдан бошлаймиз.

Шундай қилиб, “Фотиҳа” сурасининг биринчи оятини мусулмонлар ҳар доим ҳамма вақт қўллашади.

Алҳамдулиллоҳ. Бу қандай сўз? Биз бу сўзни кундалик ҳаётимизда сўзлаймиз, бир биримиз билан ҳол аҳвол сўрашганда алҳамдуллиллоҳ деб жавоб берамиз. Бир нарсадан хурсанд бўлсак ҳам, ёки кимнидир тинчлантирмоқчи бўлсак ҳам алҳамдулиллоҳ деб айтамиз. Шунинг учун ҳам биз бугун ушбу жумлага кўпроқ эътибормизни қаратмоқчимиз.

Гап шундаки, мен араб тилини ўрганар эканман, мен учун нафақат Улуғ ва Қодир Аллоҳ нима дегани, балки Аллоҳ бу сўзни қандай айтаётгани муҳимроқдир ва бу сўзни бошқа бир усуллар билан айтишнинг йўлларини, усулларини ўрганишдир.

Алҳамдуллиллоҳ – мақтов фақат Аллоҳга тегишли... Ҳа бу биз билган ва тушунганларимиз.

Мен бугун суҳбатда нима демоқчиман? Алҳамд – мақтов Аллоҳга тегишли, шукр, миннатдорлик Аллоҳга тегишли.

Араб тилида алҳамду сўзи икки хил маънони билдиради. Шуни ёдда тутишингизни истардим. Биринчи маъно – мақтов. Иккинчи маъно шукр, миннатдорлик.

Мақтов ва шукр маъно жиҳатидан бир биридан фарқ қиладиган сўзлардир. Булар бир хил маъноли сўзлар эмас. Мақтов ва шукр сўзларининг бир биридан фарқи нимада? Биринчи навбатда мен шу нарсани аниқламоқчиман.

Масалан, сиз кўчада кетаётиб жуда чиройли машинага кўзингиз тушди. Нима қиласиз? Машинани мақтайсизми ёки шукроналик билдирасизми? Албатта, сиз машинага шукроналик билдирмайсиз, раҳмат демайсиз. Сиз уни мақтайсиз. Қандай чиройли машина экан дейсиз.

Ёки сиз телевизорда спорт дастурини кўряпсиз. Спортчиларнинг маҳоратини кўриб, уларга қойил қолиб зўр бўлди деб мақтайсиз. Уларга шукр, миннатдорман демайсиз. Яхшилаб англасак, шукр ва миннатдорлик бутунлай бошқа бир нарса.

Миннатдорлик қачонки кимдир Сиз учун бирор яхшилик қилса, бирор хизмат кўрсатса, ичингизда хурсанд бўласиз. Хурсандчилигингизни ифода этиб, раҳмат дейсиз, миннатдорлик билдирасиз. Сизда яхши таассуротлар қолдирадиган чиройли нарсаларни кўрсангиз, ҳайратдан уни мақтайсиз.

Кимдир сиз учун яхши бир иш қилса, унга миннатдорлик билдирасиз. Бу дегани ўз ўзидан сиз уни мақтадингиз дегани эмас ва аксинча кимнидир мақтамоқчи бўлсангиз, миннатдорлик билдирди, деган сўз эмас.

Сиз кимнидир мақтасангиз, бу ўз ўзидан миннатдорликни билдирмайди ва аксинча, сиз кимгадир миннатдорлик билдирсангиз, ҳамма вақт ҳам уни мақтаган бўлмайсиз.

Келинг шу ҳақда бироз ўйлаб кўрсак. Шундай бўладики, биз кимгадир миннатдорлик билдирамиз-у, лекин мақтамаймиз. Бунга мен Қуръондан мисол келтираман. Ҳаммамиз биламизки, Мусо алайҳиссалом чақалоқлигидан Фиръавн хонадонида катта бўлиб вояга етган.

Йиллар ўтиб Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлиб қайтиб келганларида Фиръавн: “Мен билан бундай гаплашишга қандай ҳаддинг сиғди?! Ахир биз эмасми, сени гўдаклигингдан катта қилган? Сен бизнинг ҳимоямиз остида ўсдинг, катта бўлдинг, энди эса бизга шундай гапларни айтасанми? Қани сени бизга бўлган миннатдорлигинг?!” деганда Мусо алайҳиссалом: “Ҳа, ҳақиқатан сен менга яхшилик қилдинг. Сенга раҳмат”. Мана, нима деган. Бошқа сўз билан айтганда, ҳатто ҳеч қачон ва ҳеч ким томонидан мақталмайдиган Фиръавн ҳам қилган яхшилиги учун миннатдорлик олди. Бу демак, мақтовсиз миннатдорлик бўлиши мумкин экан.

Қуръонда ота-она ҳақида сўз борар экан, Улуғ ва Қудратли Аллоҳ “Луқмон” сурасининг 14-15-оятларида марҳамат қилади “Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир». Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман”.

Иброҳим алайҳиссаломни эсланг. Иброҳим алайҳиссалом оталарининг қилган амалларини мақтамаганлар, лекин оталарига нисбатан бўлган шукр, миннатдорликлари қолган. Мен Сизларга нимани етказмоқчи бўлаяпман?

Менинг биринчи фикрим, “алҳамду” сўзи икки хил маъони билдиради: мақтов, ҳамд ва шукр миннатдорлик. Бу сўзларнинг бир-биридан фарқи нимада? Баъзан мақтов миннаторликсиз билан келади, баъзан эса миннатдорлик мақтовсиз келиши мумкин.

Энди биз “Алҳамдуллиллоҳ Роббил аъламийн” оятида Аллоҳнинг нима деётгани ҳақида тўхталамиз. Аллоҳ: “Барча мақтов, ҳамд Аллоҳга тегишли” деяпти. Шунингдек, шукр Аллоҳга тегишли деяпти. Бу ерда иккита маъно кўзда тутилган. Бу сўзни араб тилида “ал мадҳуллиллаҳ” дейиш ҳам мумкин. Маъноси: “мақтов Аллоҳга тегишли” дегани.

Мен бу таржиманинг аниқлигига қўшилган бўлар эдим. Чунки “ал мадҳу” ҳақиқатан мақтов маъносини билдиради. Агар шукриллилаҳ дейилганида шукр миннатдорлик маъносини билдиргани учун ҳам бу таржиманинг аниқлигига ҳам қўшилган бўлар эдим. Лекин Аллоҳ: “Алҳамдуллиллоҳ” деб айт атаяпти. Демак, Аллоҳ икки хил мазмундаги сўзни бир сўз билан бирлаштирган. Бу сўз нима учун афзал? Нима сабабдан бу сўз афзалроқлигини бир неча сабаблар билан кўрсатиш мумкин.

Биринчи: Баъзан сиз кимнидир ёки ниманидир мақтасангиз бу мақтов ҳамма вақт ҳам чин юракдан, самимий бўлавермайди. Масалан, машинада кетаётиб сиз тезликни оширдингиз. Сизни полициячи тўхтатди. Сиз унга қалпоғинг жуда ажойиб экан, жуда зўр кўриняпсан, деб уни мақтайсиз. Аслида эса сиз уни мақтамаяпсиз. Сиз учун энг муҳими жаримага тушмаслик.

Шунинг учун ҳам мақтов ҳар доим ҳам ҳақиқий  бўлавермайди. У сунъий ясама бўлади. Бундай мақтовларни подшоҳларга, бошлиқларга ва бошқа одамларга айтилади. Бу мақтов маиший характерга эга бўлади. Бу мақтовлар кимгадир ёқиш учун, кимгадир таассурот қолдириш учун  гапирасиз. Аслида эса сиз мақтовнинг ўзини назарда тутган бўласиз. Масалан, сиз ишга кириш учун суҳбатдан ўтдингиз. Суҳбат ниҳоятда қийинчилик билан, ёмон кечди. Лекин шундай бўлса-да, Сиз кетатуриб одоб нуқтаи назаридан “Сиз билан танишганимдан хурсандман” деб айтасиз. Бундай дейиш Сиз учун ниҳоятда ёқимсиз бўлсада, Сиз уни гапирдингиз. Албатта бу сунъий мақтов. Шунинг учун ҳам сиз ал мадҳу сўзини ишлатсангиз мақтовни билдирувчи сўз сунъий бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу сўзни Аллоҳга нисбатан қўллаб бўлмайди. Келинг, энди миннатдорлик ҳақида гапирамиз. Масалан, шукрилиллоҳ деб айтсак, бу Аллоҳга миннатдорлик билдириш маъносини билдиради. Миннатдорчилик – бу бизга қилинган бирор яхшиликни ўзимиз тан олиб айтиладиган сўз. Сизга бирор бир яхшилик қилинса, бу яхшилик ҳақиқатан сиз учун қилинганлигини англайсиз ва миннатдорчилик билдирасиз.

Масалан, машинангизнинг ғилдирагини дами чиқиб кетди, дейлик. Кимдир келиб сизга ёрдамлашди. Сиз унга миннадорчилик билдирасиз. Агар ғилдиракнинг дами чиқиб кетса-ю, сиз машинада ўтираверсангиз, ҳеч кимга миннатдорлик билдиришга ҳожат қолмайди.

Бу сўз ўз-ўзидан айтилмайди. Миннатдорлик юзага келади, қачонки кимдир сизга яхшилик қилса. Ана шунда сиз кимгадир, кимдандир миннатдор бўласиз. Сиз суҳбатни ҳеч қачон миннатдорликдан, раҳматдан бошламайсиз-ку.

Улуғ ва Қудратли Аллоҳ “алҳамду” сўзини ишлатар экан, бу сўз ўзида ҳам ҳамд, мақтов, ва шукр миннадорлик сўзларини бирлаштирди. Шуни айтиб ўтиш кераккки, “алҳамду” сўзи араб тили грамматикаси, стилистикасида фақат асл, ҳақиқий маънони касб этади.

Бу сўз ҳеч қачон фикр орқали ўйлаб топилган, ёки сохта сўз бўла олмайди. Шунингдек, “алҳамду” сўзи бирор нарсага жавоб тариқасида келиши ҳам шарт эмас. Лекин У “ал мадҳуллиллоҳ” сўзидан ҳам кучли, ва У “аш шукриллиллоҳ” сўзидан ҳам кучлидир. “Алҳамдуллиллоҳ” сўз ифодаси “ал мадҳуллиллоҳ” ва “аш шукриллиллоҳ” сўзларининг биргаликда олгандан ҳам кўра кўпроқ кенг қамровлидир.

Аллоҳ ана шу биргаликда олинган икки сўздан ҳам кучли бўлган сўзни танлади.

Яна бир нарса: агар инглиз тилини оладиган бўлсак, “алҳамду” таржимаси учун иккита сўзни танлаган бўлар эдик. Аллоҳ нечта сўз айтган? Битта.. Энди араб тилини ниҳоятда кўпқирралик ва уни таржима қилиш қанчалик қийин эканлигини сиз тушунаётгандирсиз.

Айрим вақтларда Улуғ ва Қудратли Аллоҳ битта сўзни ишлатади. Гап нимада эканлигини тушуниш учун эса биз бир нечта сўзларни ишлатамиз.

Айтайлик, агар Аллоҳнинг ўзи иккала сўзни: ал мадҳулиллоҳ ва аш шукрилиллаҳ сўзини ишлатганда бу сўзлар худди алҳамдулиллоҳнинг маъносини бера олармиди? Йўқ. Аслида бера олмасди. Араб тилида мавжуд бўлган гўзал бир ҳолатга кўра аслида бундай бўла олмайди. Бу ҳолатни бошқа тилларда ҳам кўриш мумкин. Шундай нақл бор: Энг яхши сўз қисқа ва лўнда айтилган сўз. Шунинг учун ҳам ал мадҳулиллоҳ ва шукрилиллоҳ дегандан кўра алҳамдулиллоҳ дейиш жуда афзал. Лекин бу ерда яна бир фарқ бор: Гап шундаки, икки сўз орасига “ва” боғловчисини қўйсангиз, у икки сўзни ҳатто маъно жиҳатидан ҳам бир биридан ажратади. Мен нима демоқчиман? Агар сиз ал мадҳулиллоҳ ва аш шукрилиллоҳ десангиз, у ҳолда сиз “ҳамд Аллоҳга тегишли мана бу иши учун,  мақтов Аллоҳга тегишли мана бу  бошқа иши учун деган бўласиз. Булар ҳеч қачон биргаликда бўла олмайди. Чунки сўзларнинг ўзи ажратилган. Лекин сиз “алҳамдулиллоҳ” десангиз, қандай шароитда ва нимага, қандай ҳолатга айтишингиздан қатъи назар, бу сўз орқали сиз бир вақтнинг ўзида ҳам ҳамд айтасиз ва шукр қиласиз.Сизга у ёки бу сўзни танлашга ҳожат қолмайди.

Алҳамдулиллоҳ сўзи нафақат биз айтадиган сўз. Балки бу бизнинг борлиққа, оламга бўлган муносабатимиз. Аллоҳ учун энг муҳими бизнинг оғзимиздан чиққан сўз эмас, балки юрагимиздан чиққан сўз муҳим. Шунинг учун ҳам “алҳамдулиллоҳ” сўзини англаган ҳолда ифода эта олишимиз муҳимроқдир.

Алҳамдулиллоҳ сўзи мусулмонларни ҳар томонлама ижобий ўйлашга, фикрлашга мажбур қилади, ҳар қандай шароитда шукр қилишга ўргатади. Масалан, машиналар тиқилинчи ичида тўхтаб қолдингиз ва сиқилмасдан, асабни бузмасдан, ҳовлиқмасдан “алҳамдулиллоҳ “ дедингиз. Алҳамдулиллоҳ орқали сиз Аллоҳга нима демоқчисиз? “... мен учун бу қанчалик нохуш, қийин бўлмасин, аминманки, бу ерда Сенинг Донолигинг, Хайринг бор. Эй Аллоҳ бунинг учун сенга шукр қиламан, ҳамд айтаман. Сабаби – тиқилинчда тиқилиб қолган машинам борлиги учун мен бахтиёрман...” машинани берганига, бехавотир эканлигингизга, соғ саломат эканлигингизга, шу машинани ҳайдай олаётганингизга ва ҳоказо. Кўраяпсзми, “алҳамдулиллоҳ” мусулмонларни нафақат ижобий фикрлашга, балки ижобий қувват (энергия) олишига таъсир кўрсатар экан. “Алҳамдулиллоҳ” сўзининг афзаллигини мен сизларга етказмоқчи бўлган  биринчи сабаби шулардир.

Нўъмон Али ХОН

Юлдузхон Амиржонова таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!