“Фотиҳа” сурасини қайта англаш ёхуд биринчи сура тафсири (2-мақола)

01:00 28.05.2018 1188

Сизлар билан муҳокама қилмоқчи бўлган иккинчи ҳолат “алҳамдулиллоҳ” сўзининг ўзи ҳақида, унинг грамматик тузилиши ҳақида.

Ҳамма тиллардаги каби араб тилида ҳам, инглиз тилида ҳам сиз от ва феълларни қўллайсиз. Тушунаман, сизга бу грамматика дарсидек туюлиши мумкин. Ўйлайманки, бунинг сабабини ҳозир тушуниб оласиз. Биламизки, от замонларга бўлинмайди. Феъл эса бўлинади. Ўтган, ҳозирги ва келаси замон отларда бўлмайди. “Мен Аллоҳга ҳамд айтяпман”, десам феълни ишлатаяпман. Агар “Биз Аллоҳга ҳамд айтаяпмз” десам ҳам феълни ишлатаяпман. Ҳозирги замон феъли. Мен “Ҳамд Аллоҳга тегишли” десам феъл бўладими ёки от? Албатта от. “Ҳамд” бу от. Аллоҳ ўз каломини туширганда феълни ишлатиши мумкин эди. Яъни араб тилида “аҳмадулиллоҳ” – мен Аллоҳга ҳамд айтяман, ёки “маҳмадулиллоҳ” – биз Аллоҳга ҳамд айтаяпмиз. Хутбаларда “биз Аллоҳга ҳамд айтамиз. Ундан ёрдам сўраймиз, кечиришини сўраймиз” деган сўзларни эшитасиз. Ухлашга ётишдан аввал ҳам шу сўзларни айтасиз. Бу феъл. Шундай қилиб “маҳмаду” биз ҳамд айтамиз, “аҳмаду” мен ҳамд айтаман.

Аллоҳ мен ва биз сўзларини ишлатмаган. Аллоҳ ҳозирги замон феълини ҳам ишлатмаган. Аллоҳ феълдан фарқли ўлароқ ўтган, келаси, ҳозиирги замонларга бўлинмайдиган “от”ни ишлатган. Мана шу ажойиб ҳолатга диққат қилинг. Агар мен ҳамд айтяпман десам, мен ҳозирги замонда гапирган бўламан. Мен ўтган ва келаси замон ҳақида ҳеч нарса демаяпман. Агар мен ўтган замонда гапирсам, буни ҳозирги ва келаси замонга алоқаси бўлмайди. Чунки феъл замонлари ўзаро бир-бирини инкор қилади. Шунингдек, мен Аллоҳга ҳозир ҳамд айтаётган бўлсам, бу бир соатдан кейин ҳам ўз кучида қолишига кафолат берадими? Йўқ. Бундай ҳамд айтиш чегараланган, доимий эмас. Феъл доимий эмас. Аллоҳ эса “от”ни ишлатган. От эса доимий. “Ҳамд Аллоҳга” сўзи доимийликни ифода этади. Буни шундай тушуниш мумкин: “Мен Аллоҳга ҳозир ҳамд айтаётган бўлсам ҳам, лекин Аллоҳга ҳамд ҳар доим, доимо мавжуд”. Агар мен ўлсам “Аллоҳга ҳамд” доимо мавжуд бўлаверади. Шукр ҳар доим, ҳамма вақт, доимо мавжуд бўлаверади. Бу менга боғлиқ эмас. “Алҳамду” сўзи шундайки, бу менга боғлиқ воқелик эмас.

От ва феъл ҳақидаги суҳбатимиз – бу иккинчи ҳолат. Диққат эътиборингизни ана шу ҳолатга яхшилаб қаратсангиз, кейинги ҳолатга ҳам ўтамиз.

Маълумки, сиз қачонки феълни ишлатар экансиз, бу кимдир ва кимдандир бўлган ҳаракатни ифода этади. Бу иштирок этувчи шахс арабчада фаъол деб аталади. Масалан, сиз “матнни тўлдириш” деб айта олмайсиз, ким матнни тўлдиради? Ёки “йўқ бўлиш” сўзи шундай ҳолича айтилмайди. Нима йўқолади?... Тушунаяпсизми, феъл албатта кимнидир ҳаракати билан содир бўлади.

Отга келсак-чи? Отлар ким ёки нимадир томонидан қилинадиган ҳаракатлардан холи.

От ўзига етарли даражада мустақил, эркин. Олма – бу олма. Бошқа нарса эмас.

Аллоҳ “алҳамду” сўзини ишлатар экан бу сўзни ҳеч нарсага боғлиқ, муҳтож бўлмаган мустақил ҳолда ишлатди. Агар феълни ишлатганида, феъл кимнидир ҳаракатига боғлиқ, муҳтож бўлар эди. Яъни кимдир: мен, сен ёки биз, сиз ва улар ҳамд айтиш керак эди.

Лекин Қудратли Аллоҳ Ўзига бўлган “ҳамд”ни кимдир ёки кимдандир содир этилишидан, ва бунга муҳтож, боғлиқ бўлмаган, холи, мустақил қилди.

“Ҳамд Аллоҳга” сўзи “барча Аллоҳга ҳамд айтяпти” сўзидан кўра кенг маъно ва мазмунга эга. Чунки, “барча Аллоҳга ҳамд айтяпти” дейилса, бу ҳозирги замонда айтилаётган бўлиб қолади. Инчунун, Аллоҳга айтиладиган ҳамд вақт, замон, макон билан ёки кимдир томонидан айтилишидан чегараланиб қолиши мумкин эмас.

Улуғ ва Қудратли Аллоҳ сиз ёки менинг “алҳамдулиллоҳ” сўзини айтишимизга муҳтож эмас.

Биз “алҳамдулиллоҳ” дер эканмиз, қалбимиз, юрагимиз билан Аллоҳнинг бизга муҳтож эмаслигини, балки Аллоҳга биз муҳтож эканлигимизни ҳис қиламиз, тан оламиз.

“Аҳалҳамдулиллоҳ” сўзи бу бизларнинг муайян оптимистик қарашларимизга имкон беради, “алҳамдулиллоҳ” десак бизларни камтарроқ бўлишимизга, Аллоҳга таслим бўлишимизга ёрдам беради.

Биз маълум бир нарсалар, ҳодисалар бизга боғлиқ эмаслигини биламиз, тан оламиз. Лекин биз ўзимизчи? Биз бус бутунлигимизча Аллоҳга муҳтожмиз, боғлиқмиз. Аллоҳ бизга муҳтож эмас. Биз “алҳамдулиллоҳ”! деб Аллоҳга яхшилик қилмаймиз, хизмат кўрсатмаймиз.

“Алҳамдулиллоҳ” деб биз фақат ўз ўзимизга яхшилик қиламиз, ўз ўзимизга хизмат кўрсатамиз.

Охирги фикрим: Феълда яна буйруқ майли кўриниши бор. Яъни буйруқ шаклида айтиладиган гаплар. Масалан, араб тилида сиз “иҳмадуллоҳ” дейишингиз, яъни “Аллоҳга ҳамд айт” дейишингиз мумкин. Ёки буни илтимос йўли билан ҳам айтиш мумкин: Келинглар, Аллоҳга ҳамд айтайлик. Масалан, мен қизимга сув олиб кел, деб айтсам бу ишни бажаришда иккита йўл бор: ё бажаради, ё бажармайди. Иккита аниқ танлов. Агар Аллоҳ “Аллоҳга ҳамд айт” деса икки вариантдаги қайси бири ажралиши мумкин? Баъзи бир одамлар айтади, баъзи бир одамлар айтмайди. Демак, сиз одамларга бирор бир ишни қилишни айтсангиз, тўп улар томомнида. Ҳамма нарса уларга боғлиқ. Балки бу ишни қиларлар, балки йўқ.

Аллоҳ “алҳамдулиллоҳ” сўзини шундай айтдики, Унга бўлган мақтов, ҳамдни айтиш бизларга боғлиқ бўлишликдан айри қилиб айтди. Бошқача қилиб айтганда, тўп бизнинг томонимизда эмас... Бу сўз билан Аллоҳ бизларга шундай деяпти: биз ҳамд, мақтов айтамизми, айтмаймизми, бу муҳим эмас, чунки “алҳамдулиллоҳ”ни айтсак, айтмасак “алҳамдулиллоҳ” Ер-у Коинотда Ўзи бор, доимо мавжуд. Ҳамма вақт бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Одамлар келади, кетади, бир авлод ўтиб, кейинги авлодлар ҳам келади..., бу дунё йўқолиб кетади, лекин “Аллоҳга ҳамд” доимо мавжуд, абадий, муқаррар бўлиб қолади. Бу муҳокама қилишга хожат бўлмаган ҳақиқатдир.

Яна алҳамдулиллоҳ ҳақида. Арабларда бошқа тиллар каби икки хил сўзлашув нутқи бор.

Бири хабар, дарак мазмунидаги. Иккинчиси ҳис-ҳаяжонли гап. Оддий йўл билан айтганда, сиз сўзлашаётганингизда дарак, хабар, ёки ҳис-туйғу, ҳаяжон гап билан сўзлашасиз.

“Алҳамдулиллоҳ” деб сиз бирон кимсага хабар бермайсиз, балки Сиз ўз ҳис туйғуларингизни ифода этиш учун шу сўзни айтасиз. Лекин мен “алҳамдулиллоҳ” сўзи ҳақида кимгадир гапираётган бўлсам, мен хабар, дарак гапни мен сизга етказаяпман. Агар мен бу сўзни ўз ўзимга айтсам ҳис-туйғу, ҳис-ҳаяжон бўлар эди. Фарқни тушунаяпсизларми? Келинг шу ҳақда гаплашамиз. Сиз биласизки, имом “инналҳамдулиллоҳ” деб хутбани бошлайди. Қайси сўз биринчи бўлиб келяпти? “Инна”. Инна сўзининг маъноси нима? – “Ҳақиқатан, мутлақ ҳамд Аллоҳга тегишли”. Улуғвор бўлиб қайси сўз жаранглаяпти? “Ҳамд Аллоҳга тегишли”ми ёки “ҳеч шубҳа йўқки, ҳақиқатан, мутлақ ҳамд Аллоҳга тегишли” деб айтишми? Қайси жумла кучлироқ кўриняпти? “ Инналҳамдулиллоҳ!” Бу сўзни ҳар жума хутбасида эшитасиз.

Шундай савол туғилади: Нима учун Аллоҳ “инналҳамдулиллоҳ” демаяпти. Ахир “инна” олд қўшимчаси қўшилиши билан бу сўз жуда ҳам кучли айтилаяпти-ку!? Биз Қуръон ниҳоятда мукаммаллигини биламиз. Биз бирор бир ҳарфини ўзгартира олмаймиз. Лекин мен “инна” сўзини қўшсам нима бўлади? Имом ҳар ҳутбада қўшиб айтади-ку. Аммо бу нарсанинг ягона фарқи шундаки, араб лингвистикасида инна сўзи хабар мазмунида келган сўзнинг тасдиғини билдиради, у ҳис-ҳаяжон бўла олмайди. Агар сиз инна сўзини ишлатмай алҳамдулиллоҳ десангиз бу ҳам хабар мазмунида ёки ҳис-ҳаяжон мазмунида ҳам келиши мумкин. Инна сўзини ишлатмай Аллоҳ “алҳамдулиллоҳ” сўзини бировларга ҳам ифода эта оладиган ва ўз ўзимизга ҳам айта оладиган қилиб ифодалади. Субҳаналлоҳ! Бу сўзларнинг гўзаллиги шундаки, биз қалбимиздаги ҳолатни ана шу сўзлар билан ифода эта оламиз ва шу билан бирга бировларга ҳам шу сўзлар орқали хабар етказа оламиз. Агар биз “инналҳамдулиллоҳ” деганимизда бу ҳолатда қоидага кўра, бу сўз бизнинг қалбимиздаги ҳис-туйғуни ифода этмаган бўлар ди. Бу сўзлар фақат хабар мазмунида етказиладиган сўзлар бўлиб қолар эди. Шунинг учун ҳам имом ўзига эмас, йиғилганларга қарата “инналҳамдулиллоҳ” деб айтади.

Сизларга етказмоқчи бўлган фикрим шуки, Қуръондаги ҳар бир “алҳамдулиллоҳ” билан бошланадиган жумла ўз ўзидан шундай мукаммалки, Сиз буни қайси услубларда айтишингиздан қатъи назар: феълни қўллаб айтасизми, “инна” сўзини қўллаб айтасизми, мақтов, шукр, миннатдорлик дейсизми, барибир Аллоҳ айтган сўзни сиз Ўзи айтгандай айта олмайсиз.

Сиз байрам намозларида “Аллоҳу Акбар.... ва лиллаҳилҳамд” сўзларини эшитасиз. “Лиллаҳилҳамд” – яъни Аллоҳга ҳамд. Фотиҳа сурасида нима дейилган?: “Алҳамдулиллоҳ”. Худди шу сўзларнинг ўзи. Лекин сўзларнинг жойи ўзгартирилган. Бу сўзлар Қуръонда ҳам учрайди. Бироқ минг афсуски, таржимада иккала сўз маъноси бир хил берилади. Аммо бу сўзларнинг бир биридан фарқи бор, улар бир хил мазмунга эга эмас. Мен сизларга алҳамдулиллоҳ билан лилҳамдулиллоҳнинг фарқини тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

Нима учун Аллоҳ “Фотиҳа” сурасида биринчи “алҳамдулиллоҳ”ни қўллаган. Агар лилҳамдилиллоҳ қўйилганда нима ўзгарар эди? Инглиз тилида  сиз “ланч едим” деган жумла ўрнига “едим ланч” деб сўз ўрнини ўзгартирсангиз, гап ғалати чиқса ҳам, сизнинг ланч еганлигингиз маълум бўлиб турибди. Мен “улар мактабга бордилар” десам тўғри бўлади. Лекин мактабга улар бордилар десам, бу ерда сўз ўрни ўзгарган бўлса ҳам, фақат мактабга борилганлик тушунилади. Лекин “ фақат” сўзи ишлатилмайди. Сўз ўрни ўзгарган холос.

Араб тили тушунчасида мен нима демоқчиман? Сўзнинг маъно жиҳатидан тартибини ўзгартириб “фақат” сўзи қўшилади. “Фақат” сўзига диққат қилинг Ўқитувчилик фаолиятимдан мисол келтираман: Икки ўқувчи дарсда гаплашяпти. Мен: “Зайнаб!” деб огоҳлантираман. Шунда у: “фақат мен гаплашаётганим йўқ” деб бу билан у бир ўзи гаплашмаётганлигини айтди. Сиз “ фақат” сўзини қўллаганингизда иккита фикрни битта қилиб айтишингиз мумкин. Мисол учун, “мен фақат Сингапурда бўлмаганман” десам, демак мен бошқа жойларда ҳам бўлганлигимни тушуниб оласиз. Шунинг учун ҳам Улуғ ва Қудратди Аллоҳ: “лиллаҳилҳамд” мақтов фақат Аллоҳга тегишли, бошқа ҳеч кимга эмас. Нуқта!” деган маънони билдиради. Аллоҳ Қуръони Каримнинг 45-сурасининг охирида “лиллаҳилҳамд” деб айтади.

Шуниси ажойибки, сурада Аллоҳ бандаларининг итоатсизлклари ҳақида сўз юритар экан, охири “Эй бандаларим,  ҳамд, шукр фақат Аллоҳга тегишли!” деб айтади. Бошқача сўз билан айтганда, “лиллаҳилҳамд” сўзи сизни инкор қилаётганларга қарата айтиладиган сўз.

 

Нўъмон Али ХОН.

Юлдузхон АМИРЖОНОВА таржимаси

 

1-мақола

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!