Гап ўққа айланганда

22:00 13.01.2018 1287

“Ўзбекистон” телеканалида намойиш этиладиган “Учбурчак” телелойиҳасининг сўнгги кўрсатувларида авжига чиқа бошлаган уятсизликка чидаб бўлмайди. Кўрсатув муаллифлари Нозима Воҳидова билан Нилуфар Умрзоқовани (савиясиниям, даражаниям) яхши биламан, ҳар қалай улар 20 йил давомида ТВда ишлаган йилларим кўз ўнгимда бўлишган. Бу ўринда мен бу икки фаросатсиздан кўра, энг аввало, “Ўзбекистон” телеканалининг ноқобил раҳбари қаёққа қараяпти, деган саволни бераман.

Қолаверса, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг раҳбарлари Президентга ёқаман деб, эрта-ю кеч “Ўзбекистон 24” канали билан шуғулланавермай, бошқа телеканалларга ҳам ҳеч бўлмаганда “мўралаб” турсалар яхши бўларди.

“Учбурчак” телелойиҳасининг сўнгги кўрсатувларини миллий атворимизу ақидаларимизга қарши қаратилган раҳна (диверция) деб биламан. Бундай номақбул, таназзулдаги Ғарбнинг оила, никоҳ ва миллий қадриятларни рад этувчи ғайриинсоний қарашларини тарғиб этувчи кўрсатувлар эртага жамиятимиз ҳаётига бемисл даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини нега тушунмайдилар.

Мен бу хусусдаги муносабатимни алоҳида мақолада баён қилишимни маълум қилиб, ТВ ходимларини, уларга масъул “тепадагилар”ни бир нарсадан огоҳ қиламан. Бир пайтлар шоҳ замонидаги Эронда худди шундай мавзудаги, яъни уятсизликларни очиқ-ойдин кўрсата бошлаганларида, ўша шарманда она-ю оталарнинг қилмишларига чидолмасдан ўнлаб болалар ўз жонларига қасд қилганлари маълум. Агар эртага “Учбурчак”да шармандалик қилган кимсаларнинг болаларидан биронтаси ўзини ўлдирса, бунга энг аввало, ТВ раҳбарлари, жумладан “Учбурчак”нинг бефаросат муаллифлари ҳам жавоб беришлари шартлигини унутмасинлар. Бу дунёда бўлмаса, Яратганнинг олдида жавоб берадилар.

Зеро, бугунги интернет замонида бирон гап айтилган жойида қолиб кетмайди. Айниқса, бундай уятли гаплар интернет орқали ўша шарманда аёлларнинг маҳаллаларига, фарзандлари таълим олаётган мактаб ўқувчилари орасида бир пасда тарқалиб кетади. Табиий равишда, ўша ўзини шарманда қилган аёллар болаларини қўллари билан нуқиб кўрсата бошлашади. Бундай уятсизликка эса ёш боланинг руҳияти дош беролмайди.

Интернет тармоғи жуда бешафқат. Унинг бераҳм шафқатсизлиги туфайли дунёда минглаб болалар ўз жонларига қасд қилмоқда. Шу гапларни ёзатуриб, кўзим янги маълумотга тушди: Австралияда тенгдошларининг интернет орқали билдирган киноя ва мазахлар туфайли 12 ёшли қизалоқ ўз жонига қасд қилибди…

Демократия ва сўз эркинлигини чегарасизлигу уятни унутиб ҳамма гапни очиқ айтиш деб тушунмаслик керак. Зеро, буюк шоир ёзганидек: Дунёда чегара кўпдир ва лекин Ёлғиз уятсизлик чегараси йўқ…

Хуршид ДАВРОН,
Ўзбекистон халқ шоири

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!