Ҳадисларни тасҳиҳ ва таржиҳ қилишда Оиша розияллоҳу анҳо қўллаган ўзига хос услублар

22:00 09.03.2018 399

Ислом оламида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган нубувват мактаби аълочилари орасида Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг исмлари ҳам зикр этилади. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадислар сони 2210 тага етган. Оиша онамизнинг ривоятлари ичида бошқалардан фарқли равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадон муомалалари ва аёлларга хос масалаларда берган кўрсатмалари мавзуси кўпроқ учрайди.

Бундан ташқари, Оиша розияллоҳу анҳо ҳадис матнларини нақл қилиш билан биргаликда унинг тасҳиҳ ва таржиҳи билан ҳам шуғулланганлар. Оиша онамиз баъзи ровий саҳобалар хато  эшитган ёки таъвилини тушунмай нотўғри талқин қилинган ҳадисларни  тузатар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо ровийнинг ривояти тўғри бўлиш шартларидан ташқари ҳофизларга (юз мингдан кўпроқ ҳадис ёд олган киши) ҳам баъзи ўзига хос масъулият ҳам қўйган эдилар. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Ҳадис айтаётганда ҳолатнинг тўғри бўлиши: тез ва тушунарсиз гапирмаслик, шошмай, дона-дона қилиб, эшитувчига қулай қилиб сўзлаш;

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу баъзан ёд олган ҳадисларини текшириб олиш учун Оиша онамизнинг уйлари олдига келиб баланд овозда ҳадис айтар ва: “Эй Оиша, айтаётганларимдан бирор нарсани нотўғри деб ҳисоблайсизми?” – деб сўрар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо уни инкор қилмас, лекин: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапирганларида бирор инсон сўзларини санаб турса, албатта, саноғига ета олар эди”, – деб секин гапиришга ундар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо ҳадис матнини ёдлашни осон қиладиган, шубҳа ва илтибослардан  ҳимоя қилиб, феълий суннатни адо этишда ёрдам берувчи тўғри ривоят усулини баён қилиб берганлар. Яъни ҳадиси шарифни шошилиб, икки ҳадис ўртасида эшитувчида илтибос(тушунмовчилик) келиб чиқишидан ҳимоя қилган ҳолда: “У зот сизлар каби шошилмас эдилар”, – деб огоҳлантирганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг тез-тез айтишларига сабаб шуки, у зотнинг жуда кўп ҳадис ёдлаганлари, оз вақт ичида иложи борича кўп ҳадисни Оиша розияллоҳу анҳонинг  назаридан ўтказиб олиш ҳаракатида бўлганларидир.

2. Ҳукмий суннатни баён этишни ўша ҳадисни яхши билувчи кишига ҳавола қилиш;

Шурайҳ ибн  Ҳонеъ ривоят қиладилар: “Оишанинг олдига бориб махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим. У: “Сен Али ибн Абу Толибга бориб ундан сўрагин. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бирга бўларди”, – деди”.

Оиша розияллоҳу анҳо савол берувчини ишончли, ўша ҳадисни ўзларидан кўра билувчироқ  кишига йўллаганлари ўша ҳукмни билмаганлари учун эмас, балки унга ўз кўзи билан гувоҳ бўлган кишининг жавоби яхшироқ бўлишини билдириш учун эди.

3. Ҳадисларни танқидий қиёс қилиш;

Оиша розияллоҳу анҳо ҳар бир хабарни тасҳиҳ қилишда унга биринчи навбатда танқидий назар қилиш хусусияти билан машҳур эдилар.  Ҳар бир ҳадисни  мутаоризи билан қиёслаб, таъвилини тушунтирар эдилар. Баъзи саҳобалар ҳадиси шарифни эшитиб, унинг мақсадини англамаганлари сабабли нотўғри таъвил қилган бўлишлари мумкин. Бундай ҳолатлар эса Оиша онамизнинг назаридан четда қолмаган, албатта. Масалан, Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу вафотидан бироз олдин янги кийим-бош келтиришларини сўрайдилар ва: “Мен Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, маййит ўзи вафот этган ҳолидаги либоси билан қайта тирилади”, – деганларини эшитганман”, – деди. Бу гап Оиша розияллоҳу анҳога хабар қилинганда буни нотўғри деб ҳисоблаб: “Аллоҳ Абу Саъидни раҳм қилсин.

Албатта, Набиюллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (юқоридаги сўзлари билан) киши ўлимидан олдин қилган амалини назарда тутган эдилар. Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлар Қиёмат куни яланғоч, ялангоёқ, хатна қилинмаган ҳолда тириладилар”, – деганлар”, – деб тўғирладилар. Оиша розияллоҳу анҳонинг Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтган ҳадисларининг ботиний маъносини муқояса қилган ҳолда тўғри таъвил қилишлари ҳам улуғ илм соҳибаси эканидан далолатдир.

4. Ақлий-танқидий қиёслаш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Ким маййитни ювса, ўзи ҳам ғусл қилсин. Ким уни кўтаришса, таҳорат олсин”, – деб айтган ривояти Оиша розияллоҳу анҳога етиб келди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусулмонларнинг жасади нажас эканми? Тобутни кўтаришган киши нима қилади унда?!” – дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо нафақат ҳадис фани, балки фиқҳ, тафсир, Қуръон илми, тиббиёт ва бошқа фанлар ривожи учун беқиёс хизмат кўрсатганлар.

Оиша онамиз суннатни ўрганишда мукаммал энциклопедик олима эдилар.  Абу Салама ибн Абдурроҳман “Таҳзиб” китобида у кишини мақтаб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини билишда Оишадан ҳам олимроқ бирор кишини кўрмадим!” – деган эди. Уламолар Оиша онамизнинг юксак илм даражасига етиши ва ҳадисларининг мутлақо саҳиҳ деб эътироф этилишида омил қилиб қуйидаги сабабларни келтирганлар:

1) кучли хотира ва заковат;

2) таълимга қаттиқ эътиборли бўлганлари;

3) оятларнинг нозил бўлишига кўп гувоҳ бўлганлари;

4) муомала одобига қаттиқ риоя қилишлари;

5) ҳадисларни жуда пухта эшитиб олишлари;

6) кўп савол беришлари;

7) ҳадис айтилган аксарият ҳоллардан хабардорликлари;

8) ўзларини буткул илмга бағишлаганлари.

Оиша розияллоҳу анҳо энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар устунининг тўртинчи бандини эгаллаганлар. Лекин ҳадис китобларида ривояти келгани эътиборидан иккинчи ўринда турадилар. Унинг ҳадислари китобларда такрори билан 3370 марта келган. “Сиҳоҳи ситта”да  ҳаммаси бўлиб 2081 та ҳадиси, Икки Шайхнинг китобларида 297 та ҳадиси келган. “Саҳиҳайн”да зикр этилган ушбу ҳадисларнинг барчаси шаръий аҳкомлар тўғрисида бўлган.

Зебунисо НАЖМИДДИНОВА

Манба: Mumina.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!