Хатоларимиздан азият чека оламизми?

22:00 10.02.2018 385

Бир куни Абу Зарр розияллоҳу анҳу билан Билол розияллоҳу анҳу тортишиб қолдилар. Абу Зарр жаҳл устида:
– Эй, қора хотиннинг ўғли, – деб юборди.

Билол розияллоҳу анҳу қаттиқ хафа бўлиб, Расуллулоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилди. Пайғамбаримизнинг саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатдан жаҳллари чиқди, Абу Заррни чақириб:
– Сенда жоҳилиятда одатларидан бор экан, – деб койидилар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу шунчалик азият чекдиларки, бориб ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг оёқлари остига, тупроққа юзларини қўйиб ётдилар ва “Ушбу қора оёқларинг билан юзимни босиб ўтмагунингча ўрнимдан турмайман”, дедилар.

Балки биз, ҳозирги мусулмонларда жоҳилият одатлари камроқдир. Кўпинча, иймонимиз билан, қилаётганимиз ибодатларимиз билан кибрланиб ҳам қўямиз. 

Абу Заррдан балки ақллироқмиз, ҳеч қачон қора танлиларни камситмаймиз, уларнинг ҳам Одам фарзанди эканини ҳис қилиб турамиз, ирқчиликдан йироқмиз. Балки бу жиҳатдан ҳам Абу Заррдан яхшироқмиз.

Аммо хатоларимиздан Абу Зарр каби азият чека оламизми? Бировдан Абу Зарр каби кечирим сўрай оламизми?

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!