Хайрулло Ҳамидов шеъри: Кемтиклик

22:30 01.06.2018 764

Ҳеч кимдан йўқ менинг асло ортиғим,

Шоирлик бобида уқувим камроқ.

Бўлса ҳам бор фақат битта ютуғим –

Бошқалардан кўра кўзларим намроқ!

 

У қадар серобмас менда иқтидор,

Биров шеърим ўқиб қойилман демас.

Лекин биттагина фазилатим бор –

Дардим сохта эмас, зўраки эмас!

 

Луғатим бой эмас, тан олай менинг,

Янгилик бўлолмас ўйласам неки...

Аммо хислатим бор ҳарқалай менинг –

Армонларим шахсан юрагимники!

 

Олмаганман кўпроқ шеърий сабоқдан,

Тартиб ҳам жуда кам тизгинларимга,

Насиба олганман биргина бахтдан –

Ўзим ишонаман ёзганларимга!

 

Қофия бобида юришмас ишим,

Тафаккур ёлқини йўқдир байтимда.

Фақат бир ютуқдан айланар бошим –

Қалбим таскин топар ёзган пайтимда!

 

Мен ҳеч ким эмасман назмий оламда,

Бошқалар мен ҳақда не деса дерлар.

Отамнинг тилида ўйлайман ҳамда

Онамнинг тилида ёзаман шеърлар!

 

Балоғат бобида чиқолмам тўрга,

Тугата олмайман шеърни ҳам ноёб.

Бироқ қўлим ёзган ҳар бир сатрга

Бўла олгай менинг ҳаётим жавоб!

 

Бир томонда кемтик байтларим нимта,

Бир ёнда мумкиндир барин унутмоқ.

Хуллас, шу озгина ёзганларимда

Кўрсангиз бўлади ўзимни мутлоқ!!!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!