Хайрулло Ҳамидов шеъри: Она

09:30 06.01.2018 919

Онажон, тилимда ёлғон эҳтиром... 
Роппа-роса қирқ йил олдин туғилиб, 
Э воҳ, ёлғизгина бир ўғил бўлиб, 
Берганим дард экан, олганим ором! 

Олисда ҳис қилиб улғайдим бироз - 
Сизни севарди деб алдаган илҳом. 
Кўзингиздан нурни олганларим рост, 
Меҳрни берганим ёлғондир, ёлғон! 

Қалбимдан ўғиллик фарзлари йироқ, 
Мени деб эгурсиз тик бошингизни. 
Ростдир сочганларим сочингизга оқ, 
Ёлғондир артганим кўз ёшингизни! 

Онажон, ғўрлик ҳам эви билан-да, 
Айтинг, қачонгача шундоқ юраман? 
Рози этолмасам ушбу оламда 
Маҳшаргоҳ устинда қандоқ тураман? 

Ҳаётда бўлгандек ўша сўнг куни 
Барибир муҳтожман кўҳна меҳрга: 
Ўзингиз ҳимоя қиласиз мени, 
Худонинг олдига борамиз бирга!!!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!