Хайрулло Ҳамидов шеъри: Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим

14:30 08.06.2018 1521

Яшашга мадор йўқ, хўп тойдим ҳолдан

Саодат даврига хосдир соғинчим.

Йўлбошчи ахтариб адашдим йўлдан,

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Насиҳат олмагач дилбандим – фарзанд,

Бирор бир гўзаллик қилолмас ҳхурсанд,

Отам ҳам тузукроқ беролмади панд,

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Гала кас ичида тентираб, ҳориб,

Ўзимни сезяпман тамоман ғариб.

Ойиша онамни тушимда кўриб

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Ҳеч қандай фойда йўқ, минг бир таъмирлар,

Ҳатто тўшагимда илон ғимирлар...

Хиёнатнинг боши букун амирлар

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Тамом гуноҳкорман, қўйсам бир қадам,

Шаҳримда тополмам тузук бир одам

Далда бўлолмагай ҳатто волидам

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Аҳлимда кўринмас ҳақнинг талаби,

Ёпилиб, ис босган Ислом мактаби...

Қучиб қўйвормаган Укоша каби

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Ўттиз йил теран бир нигоҳ-ла ўсдим,

Охир дўстлик уйин кўнглим-ла буздим,

Душманга айланди энг яқин дўстим...

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Омон-омон юртда деганлар «балли»,

Оғир кун тушганда йўқдир тасалли,

Устозлар далдага келмас ақалли...

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

Сизнинг бошингизга нурин сочиб бир

Ажабки, шамс нечун йиғламаётир?

Бугунги кунимдан кетиб хавотир

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

 

... Сездим, буёғига омадим кулмас,

Қолган умримдан ҳам юрагим тўлмас...

Сал тоза иймонда кетмасам бўлмас,

Расулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!