Хайрулло Ҳамидов шеъри: Ўзгачалик

21:05 07.05.2018 1125

Ўзимнинг йўлимга ундамаяпман,
Уқтирмаяпман-ку фалсафамни кўп.
Мени тушунмайсан, индамаяпман,
Сени тушунмасам, хафа бўлма, хўп?!

Сенинг ишинг менга хатодир, хато,
Кулгингга сабабчи мен тушунган ғам.
Йўлларимиз терсдир шу қадар, ҳатто
Кесишиб қолмайди рўёларда ҳам.

Пойингга тиллодан сочқи сочсалар,
Ишга тушмас ҳатто кўз қирим менинг.
Ўнгимда учраган соф мўъжизалар
Ҳатто тушларингга кирмайди сенинг.

Буткул бўлак олам! Шунақамиз биз,
Таассуфки, дилда ўзгача ният:
Сен менинг бахтимни этолмассан ҳис,
Сенинг бахтинг менга саналар уят.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!