Хайрулло Ҳамидов шеъри: Яқинлар

09:30 05.01.2018 699

Қадрига етинг-е, бўлса акангиз,
Қўлини тутинг-е, бўлса укангиз.
Бир куни қуриса мадор, тинкангиз,
Бегоналар томон чопа олмайсиз,
Улардан бошқани топа олмайсиз.

Бошингизда тутинг мушфиқ синглингиз —
Кўтарар шу қизча бир кун кўнглингиз!
Ғамли кун келганда, шуни билингиз –
Ташвишлар эшигин ёпа олмайсиз,
Улардан бошқани топа олмайсиз.

Агар ёнингизда бўлса опангиз,
Пойини эмаклаб, суйиб ўпингиз!
Мусибат чоғида ҳар ён чопингиз,
Бозордан бошқа бир опа олмайсиз,
Улардан бошқани топа олмайсиз.

Яхши кунда қадрин билинг ёрингиз,
Дард келса шу бўлар ҳамбеморингиз.
Тарқалиб кетганда йўғу-борингиз,
Кўз ёшни бировга сепа олмайсиз,
Шу ёрдан бошқани топа олмайсиз.

Бугун шўх югурган жажжи болангиз
Артади бир куни кўзда жолангиз.
Суйкалиб келса гар, бошин силангиз,
Бировнинг боласин ўпа олмайсиз,
Улардан бошқани топа олмайсиз.

Оҳ, қаттиқ авайланг бўлса онангиз,
Дуосини олинг бўлса отангиз!
Тузатинг шу бугун айбу хатонгиз,
Кейин кеч бўлади, хафа бўлмайсиз,
Улардан бошқани топа олмайсиз!!!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!