Хайрулло Ҳамидов шеъри: Иккига бўлиниш

11:30 10.05.2018 1059

Ҳаммаси қолмайди боқий диёрга,

Оғир Соатни-да кутиш шарт эмас,

Пайғамбарнинг номин ўртага қўйиб,

Дуолар илкига тутиш шарт эмас,

 

Шарт эмас, қаҳрнинг сўнгсиз кунини

Сўнгсиз у дунёда кўрмоқ илинжи,

Шарт эмас киймаклик дарвеш тўнини,

Саҳрода Мажнуннинг телба ўтинчи...

 

Ўйлари ғариб ва ўйлари кўшкли

Оломон чопади, мақсади мубҳам.

Бундоқ ўйлаб кўрсак, ахир, тегишли

Кофирун сураси бу дунёга ҳам.

 

Баъзан кифоядир жорий кунлар-да,

Таралса инсоннинг биргина оҳи,

Явмиддиндан олдин келар даврда

Иккига бўлинар одамлар гоҳи,

 

Иккига бўлинар, ҳа, шарт иккига,

Феъли шараф топган ҳамда заифа:

Ерга кирмасданоқ ер бўлганлар ва

Осмонга кўк каби учган тоифа...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!