Саҳобалар ҳаётидан: Ҳазрат Ваҳший ибн Ҳарб

23:00 07.06.2018 2106

Уҳудда Ҳамза ибн Абдулмутталибни ҳалок қилиб, Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қон йиғлатган, Ямомада сохта пайғамбар Мусайламани ўлдириб, мусулмонлар кўнглига таскин берган инсон ким? Бу “Абу Дасама” куняли Ваҳший ибн Ҳарб Ҳабашийдир. У қурайшлик Жубайр ибн Мутъимнинг қули эди. Жубайрнинг амакисини Бадр жангида ҳазрат Ҳамза ўлдирганди. Жубайр бундан қаттиқ хафа бўлиб, амакисининг қасосини олишга қасам ичганди.

Бадрдан кўп ўтмай Уҳуд жанги бўлди. Жанг бошланишидан олдин Жубайр Ваҳшийга: “Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан”, деди. Ўша пайтлар мусулмон бўлмаган Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам Бадрда ўлдирилган отаси ва амакисининг интиқоми учун Ваҳшийга мукофот ваъда қилди.

Ваҳший найзани нишонга бехато уриш борасида тенгсиз эди. Найзасини олиб, қўшин ортидан йўлга чиқди.

Уҳудда бир тошнинг панасига ётиб олиб, Ҳамзани кузата бошлади. Ҳазрат Ҳамза майдонда наъра тортиб жанг қиларди. Ваҳший пайт пойлаб туриб, найзасини отди ва ҳазрат Ҳамзани шаҳид қилди...

Жангдан сўнг Маккага қайтди. Жубайр ибн Мутъим ваъдасининг устидан чиқиб, уни озод қилди. Энди у ҳур одам эди.

Ўша куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қанча мушрикни дуоибад қилдилар. Саҳобалар Ҳамзанинг қотили Ваҳшийни нега баддуо қилмаганларини сўрашганида, у зот: “Мен Меърож кечаси Ҳамза билан Ваҳший бир-бирининг қўлидан тутиб, жаннатга киришаётганини кўрдим”, деб жавоб бердилар.

Мусулмонлар қўшини Уҳудда енгилган бўлса-да, Исломнинг обрўси кундан-кун ортиб, таъсир доираси кенгайиб борарди. Бунга сари Ваҳшийнинг ҳам ташвиши катталашарди. Макка фатҳ қилингач, нажот истаб Тоифга қочди. Бироқ кўп ўтмай тоифликлар ҳам мусулмон бўлишди. Нима қилишни билмай боши қотди. Шунда бир киши: “Эй Ваҳший! Муҳаммаднинг динига кириб, шаҳодат калимасини айтган одамни у ўлдирмайди”, деб маслаҳат берди. Буни эшитиб, Мадинага отланди. Етиб боргач, Расуллоҳни қидирди ва масжиддан топди. Салом берди, у зот алик олдилар. Сўнг Ваҳший: “Ё Расулуллоҳ, бир киши Аллоҳга ва Расулига душман бўлса, энг ёмон гуноҳ қилса, кейин пушаймон бўлиб, имон келтирса, Расулуллоҳни жонидан ҳам яхши кўрадиган кишига айланиб ҳузурингизга келса, унинг жазоси нима бўлади?”деб сўради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имон келтирган, пушаймон бўлган кечирилади, бизнинг оға-инимиз бўлади”, деб жавоб бердилар.

У: “Ё Расулуллоҳ, мен имон келтирдим. Пушаймон бўлдим. Аллоҳ таоло ва Расулини ҳамма нарсадан кўп яхши кўраман. Мен Ваҳшийман”, деди.

“Танбеҳул ғофилин” асарида Ваҳшийнинг мусулмон бўлиши бундай тавсирланган: “Ибн Аббос ривоят қиладики, Ваҳший Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) Маккадан хат ёзди: “Мен мусулмон бўлишни хоҳлайман, лекин сизга тушган бу оятлар мени қайтаряпти: “Улар Аллоҳ билан бирга бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни қилса, гуноҳ (уқубат)га учрар” (Фурқон, 68). Мен оятда айтилган уч гуноҳни ҳам қилганман, тавба қилсам бўладими?”

Кейин Аллоҳ бу оятни туширди:(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир” (Зумар, 53). Буни Ваҳшийга ёздилар. Ваҳший Мадинага келиб, мусулмон бўлди”.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ваҳший деган исмни эшитгач, ҳазрат Ҳамзанинг шаҳид этилгандаги ҳоли кўз ўнгиларига келиб, йиғлай бошладилар.

Ваҳший буни ўзича ўлим фармони деб тушуниб, эшикка қараб юрди. Саҳобалар қўлларида қилич, ишора кутишарди.

Ваҳший охирги нафасини олаётганини ҳис этиб турганида, Жаброил (алайҳиссалом) келиб деди: ”Аллоҳ таоло айтди: “Эй суюкли пайғамбарим! Бутун умрини бутга сиғинишу Менга душманлик қилиш билан ўтказган кофир калимаи шаҳодатни айтса, Мен уни кечираман. Сиз амакингизни ўлдиргани учун нега Ваҳшийни кечирмайсиз? У пушаймон бўлди, Сизга ишонди. Мен уни кечирдим, Сиз ҳам кечиринг!”

Ҳамма “Ўлдиринг!” деган буйруқни кутаётганида, Пайғамбаримиз: “Биродарингизни чақиринг”, дедилар.

Саҳобалар “биродарингиз” деган сўзни эшитгач, Ваҳшийни ҳурмат билан чақиришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ваҳшийга кечирилгани ҳақидаги хушхабарни етказдилар, ортидан: “Бироқ менинг кўзимга кўринма, сени кўрсам, беихтиёр амаким ёдимга тушиб, ғамга тўламан”, дедилар.

Ҳазрат Ваҳший Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хафа қилмаслик учун қайтиб у зотга кўринмади. Суҳбатларда у зот кўрмайдиган жойда ўтирарди. Гарчи олдинги гуноҳлари кечирилганини билса-да, Ислом ва мусулмонларга қай даражада ёмонлик қилиб қўйганини тушуниб турарди. Хижолатдан бошини эгиб яшар, бу қилмишини ювишга арзигулик иш қилишни истарди.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин пайғамбарлик даъвосини қилган Мусайлама ўз қабиласи Бани Ҳанифа билан диндан қайтди. Уларни тўғри йўлга қайтариш учун бўлган жангда Ваҳший ҳазрат Ҳамзани шаҳид қилган найзаси билан ёлғончи Мусайламани ўлдирди.

Ҳазрат Ваҳший ибн Ҳарб ҳазрат Усмон даврида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Шоакмал Исроилов

Манбалар асосида тайёрланди.

 

Манба: irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!