Ҳижоб кимларга ёқмаяпти?

11:29 13.02.2018 7989

Ёки ўзбек аёллари ўн беш асрдан буён ўраб келаётган рўмолнинг ҳамон ҳал бўлмаётган муаммолари ҳақида

Аёлларимиз нега рўмол ўрашади?

Аёллар нима учун ўранишлари керак? Энг аввало, Аллоҳнинг амр-фармонига бўйсуниб, унга бандалик қилиш, розилигини топиш ва эвазига охират мукофотига сазовор бўлиш учун! Чунки инсоннинг дунёга келиши ва яшашидан асосий мурод ҳам Аллоҳнинг ризосига эришишдир.

Аёлларимизнинг юз ва қўл-оёқ кафтларидан ташқари барча аъзолари яшириш шарт бўлган аврат саналади ва ўраниш муслималарга Қуръони карим ҳукми билан фарз, яъни мажбурий бўлган. Аллоҳ таоло буюради: «Мўминаларга  айтинг: «Кўзларини тийишсин, фаржларини сақлашсин ва зийнатларини кўрсатишмасин, кўриниб қолгани мустасно. Рўмолларини кўксиларига тўсиб юришсин» (Нур, 31); «Эй Пайғамбар, хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг: устларига ёпинчиқларини ташлаб олишсин» (Аҳзоб, 59). Мусулмон аёлларга ўраниш амри ҳижратнинг тўртинчи йилида Мадинаи мунавварада нозил бўлди. Тасаттур ояти тушиши билан Пайғамбар алайҳиссалом уни асҳобга етказдилар. Саҳобалар эса буни аёлларига хабар қилишди. Аёллар дарров матолардан, ҳатто устки кийимларини қирқиб, ёпинчиқ тайёрлаб олишди.

Ўзбек аёл-қизлари Ислом билан шарафланишганидан буён, яъни ҳижрий биринчи аср охирларида Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Шош, Фарғона каби асосий шаҳарлари Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги Ислом фотиҳлари томонидан фатҳ этилганидан бери рўмол ўраб келишади. Ўн тўрт аср мобайнида, то сиёсатини даҳрийлик-худосизлик асосига қурган советлар истибдоди бошлангунга қадар улар бирор марта рўмолларини бошларидан ечишмаган. Шўролар ўз мафкурасидан келиб чиқиб, бошқа миллий ва диний қадриятлар қатори рўмол ўрашга ҳам қарши аёвсиз кураш бошлади. Динсиз шўролар ва уларнинг маҳаллий малайлари ҳаё ва иффатда дунёга ибрат бўлган момоларимиз бошидан рўмолини ечиб, ўтга отишди, йиртиб ташлашди. Рўмол ўраганларга “қолоқ”, “жоҳил”, “мавжуд тузумга қарши” деган ёрлиқлар ёпиштирилди.

Ўша машъум кунлар ортда қолиб, истиқлолга ҳам етиб келдик. “Мана энди миллий урфимизга ҳеч ким хўжайинлик қилмайди, кўксимизга шамол тегади” деб ширин орзулар қилган мусулмонлар яна ўша эски дағдаға, зулм, яна аёллар бошидаги рўмолга осилишларга рўпара бўлишди. Афтидан, эски тузумни унута олмаётган ёки буни истамаётган даҳрийлар ва ҳамтовоқларининг кўзига аёллар бошидаги рўмол яна хунук кўрина бошлади. Улар рўмолга қарши курашда бор куч, маҳорат, имконларини, қўрқитиш-зўравонликларини жон-жаҳд билан ишга сола бошлашди. Вилоят-шаҳарлар орасидаги постларда рўмолли аёлларга тирғила бошлашди, уларни ишхоналардан, мактаб ва ўқув юртларидан, транспортдан, жамоат жойларидан, хуллас одамнинг иши тушиб турадиган ҳамма жойдан қувғин қила бошлашди. Ҳатто рўмолли ўқувчи қизларни мактабидан уйигача қувиб келиб, катта можаролар чиқаришганига, уларни ҳатто ҳайвонот боғи, истироҳат боғи, концерт залларию кинотеатрларга ҳам киритишмаганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Мамлакат тепасига одил раҳбар келганидан кейин, халқ уни кўпчилик овоз билан президентликка сайлаганидан сўнг ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида улкан ўзгаришлар, катта ислоҳотлар бошланиб кетди. Юрт раҳбарининг ўзи ҳар қадамда соф Исломнинг фойдалари, мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида гапиришдан чарчамаяпти. Аммо шўроларнинг нонини еб катта бўлганлар ҳамон отда бўлгани учун президентнинг гапларини қулоққа ҳам олишмаяпти, рўмол муаммосини ижобий ҳал этишга ҳамон шошилишмаяпти. Акс ҳолда, бошқа барча мустақил давлатлар тажрибасида кузатилган йўл билан, парламент муҳокамасига қўйиб ёки умумхалқ сўрови (референдум) орқали аллақачон бу масала узил-кесил ҳал қилинган бўларди. 

Рўмолнинг нимаси зарарли?

Яқинда Россия телеканалларидан бири мактабда ишлайдиган муаллимнинг суҳбатини эълон қилди ва бу суҳбат ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалди. Ана шу муаллимнинг айтишича, Россия таълим вазири Васильеванинг фармойиши билан мактаб ўқувчиларининг рўмолда дарсга келиши ман этилган эмиш. Вазир дунёвий мамлакат мақоми билан рўмол келиша олмаслигини далил қилиб келтирган эмиш. Муаллим вазирнинг бу қарори ҳуқуқий жиҳатдан шахс эркинлиги тамойилларига зид эканини исботлашдан ташқари рўмолга қарши бу курашларнинг замирида нималар ётганига эътиборни жалб этади. Унинг айтишича, муаллим дарс ўтаётган синфда бор-йўғи тўрт-беш рўмолли қиз бор экан. Улар ахлоқда ҳам, ўзини тутишда ҳам, дарсларни ўзлаштиришда ҳам бошқа тенгдошларидан тубдан фарқ қилар эмиш. Синфдаги ўн  олти ёшли қизларнинг аксарияти аллақачон ахлоқсизликнинг тубанлик чоҳига тушиб бўлган: ароқ ичади, шалоқланиб, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкинади, йўлида учраган ўғил болага суркалади. Кўплари аллақачон жинсий ҳаётни бошлаб юборган, мактаб партасидаёқ туғиб қўйганлари қанча. Дарс ўтишга ҳалақит берувчилар ҳам, муаллимни назарга илмай хорловчилар ҳам айнан ана шу замонавий, “рўмол ўрамайдиган” қизлар. Рўмолга қарши фармойиш чиқарган вазир мактаблардаги мана шу аянчли ҳолатдан хабардормикин, деб ҳақли савол беради жонкуяр муаллим. Унинг айтишича, рўмол гўёки ахлоқсизликлар тўлқинидан ҳимоя қилувчи иммунитет қобиғига ўхшайди, рўмол уни ўраган қизга масъулият, ҳаё ва иффат ҳиссини юклайди. Рўмолли қиз шундан келиб чиқиб, шаънига доғ туширувчи ҳар қандай иллат ва хатодан ўзини олиб қочади. 


Ўзи мусулмон бўлмаган муаллимнинг рўмол ҳимояси йўлидаги исбот талаб қилмайдиган фикрларидан ортиқ маънили ва кучли далил топиш қийин. Ҳақиқатан, “ёшларимиз бузилиб, ахлоқсиз бўлиб кетяпти, қизлар эрсиз туғиб қўймоқда, қўл телефонида фаҳш манзаралари тўлиб ётибди” деб дод соламизу аммо ана шу ахлоқсизликларнинг асл сабабларини ахтаришга уринмаймиз. “Бундай ахлоқсизларга кимни ибрат қилсак бўларкин” деб бош қотирамизу аммо “ойнаи жаҳон”га рўмолли қиз чиқиб қолишининг “олдини оламиз”. Рўмол ўрашнинг зарари ҳақида оғиз тўлдириб вайсайверамизу лекин у фақат фойда келтириши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаймиз.

Ҳолбуки, ўранишнинг бир қанча фойдалари, аёлларга қулайликлари борки, бу ҳақда батафсилроқ тўхталишга тўғри келади. Тасаттур, ўраниш баъзи «замонавий» кишилар ўйлаганидек, аёлларни асиралик, қулликка солиш воситаси эмас. Ҳеч қандай куч билан уларни рўмол ўрашга мажбурлаб бўлмайди. Ўраниш фақат аёлнинг манфаатига, ҳаққига, ҳуқуқига, ҳурриятига тааллуқли нарса. Ўраниш аёлни эрларнинг ёмон, манфий, шаҳват аралаш назарларидан, ҳайвоний ҳирсларидан ҳимоя қилади. Ўранган аёл ўз жозибасини, иффатини, ҳаёсини ёмон назарлардан асраган бўлади. Бу билан у ёлғиз ўзигагина тегишли ҳуқуқини ҳимоялаган бўлади. Америкалик бир шифокор Ғарб аёллари устида тадқиқот ўтказиб, улар ёш бўлишларига қарамай жозибаларини эрта йўқотганлари, ажинлари барвақт кўпайгани, гўзаллашиш ўрнига чиройлари бузилганини аниқлади ва буларга асосан эрларнинг шахвоний назарлари, яъни уларнинг назар орқали аёлга таъсир ўтказадиган манфий қувватлари сабаб бўлганини тасдиқлади. «Машина чироқларидан таралган нурлар ҳашарот ва қуёнларни қанчалик беҳузур қилса, эркаклар назаридаги электромагнит тўлқинлар (алфа, бетта, гамма нурлари) аёлларнинг баданига ҳам шунчалик салбий таъсир кўрсатади», деб ёзади туркиялик олима Фотима Темур «Тарихда хотин ва жилбоб» деган асрида. 

Булардан ташқари, аёлнинг гавдаси ва авратини яшириб, ўраниб юриши эрининг унга бўлган эҳтироси ва муҳаббатини орттиради. Шунинг учун мусулмон ўлкаларда қўйди-чиқдилар бошқа халқларга қараганда анча кам. Бизда ҳам талоқларнинг кўпайиб кетишида ана шу омил сабабларнинг бири бўлмадимикин, деб ўйлаб қоласан, киши. Дарҳақиқат, аёл ўраниш туфайли ардоқли ва сирли, жозибадор ва мафтункор бир хилқатга айланади. Масалан, ёввойи қабилаларда аёллар қип-яланғоч юрганига қарамай, эрларида эҳтирос ва қизиқиш уйғотмайди. Ўранишни аёллар ҳаққига тажовуз, эркини бўғиш деб дод солаётган Ғарбда оилалар шу боис муҳаббат, шавқ-завқ, эҳтиросга ташна. Уларнинг бузилиб кетаётгани, эр-хотин ўртасидаги илоҳий никоҳ ўрнини ақлга сиғмайдиган муносабатлар – эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан қовушиши тобора кўпроқ эгаллаётгани тасаттур инкор этилганининг аччиқ меваси эмасми? Шундай экан, аёл киши ўраниб-чирманиб, сирли, мафтункор ва суюмли бўлиб юргани маъқул эмасми?


Рўмол Исломда бўлмаган аёлларни ҳам ўзига жалб жалб қиляпти, кўплаб бошқа диндаги аёлларнинг Исломни танлашларига турки бўляпти. Биргина мисол: Афғонистонда асир тушиб, Исломни қабул қилган британиялик журналист аёл Ивонка Ридлей «Стар» газетаси мухбири билан суҳбатда бундай дейди: «Ислом менга ҳижоб ўраш, ёвуз ва беҳаё назарлардан ҳимояланиш бахтини берди. Ислом ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Тобора куч тўплаётган «Respect» (Эҳтиром) партиясидан номзодимни Британия парламенти депутатлигига қўймоқчиман. Агар сайлансам, нафақат мамлакат парламентидаги ягона муслима, айни пайтда биринчи ҳижобли аёл бўламан».

Нега рўмолга қарши курашилади?

Ислом душманлари учун ўраниш Исломга қарши курашнинг бир шохобчаси, холос. Улар зарурат туғилганда сайловолди ташвиқотларида ҳижобли аёл суратидан бемалол фойдаланишади, нутқларини «аёл иффати ва назокати» ҳақидаги жимжимадор сўзлар билан безатишади. Аммо асл мақсадга келинганида эса ҳижоб улар учун атом бомбасида ҳам даҳшатли нарсага айланади. Бунинг сабаби оддий: ўраниш мусулмон аёлларни оиласидан, динидан, боласи тарбиясидан, эрига итоатдан узиб олишда энг катта тўсиқ ҳисобланади. Ҳаёли, иффатли аёлни кўчага чиқариш, унинг бегоналар назаридан пинҳон сақланадиган жозибасидан ўтмас молини сотишда реклама сифатида фойдаланиш, бузуқларнинг фаҳшга тўла эҳтиросларини қондиришга сафарбар қилиш каби қабиҳ режалар шу туфайли амалга ошмай қолиши мумкин.

Уларники тушунса бўлар, нима қилсаям, Исломни ёмон кўришади, бу диннинг дунё бўйлаб музаффарона юриши уйқуларини қочиради, жаҳонда мусулмонлар сони тинмай ошиб бораётганидан хавотирга тушишади. Аммо ўзимизнинг мусулмонлик даъвосидаги “рўмол қароқчилари” ҳақида нима дейиш мумкин? Улар ташкилот ва муассасаларда, ўқув юртларида, корхона ва жамоат транспортида, кўнгилочар жойларда рўмоллиларнинг “пайдо бўлиб қолиши”ни ўта ҳушёрлик билан назорат қилиб туришга нима мажбурлаяптийкин?

Биздаги “рўмол мухолифлари” чиркин даҳрийлик замони тарбиялаб вояга етказган диннинг ашаддий ғанимларидир. Улар ўраниш замирида тоза эътиқодни, мусаффо ахлоқни, чиройли хулқни кўриб қолишади-да, аламларидан шўрочасига шартта кампаниябозлик уруши очиб юборишади. Чунки исломий ҳаёт тарзи уларнинг қаричига асло тўғри келмайди. Ўзларининг очиқ-сочиқ юришларига, беҳаёликларига, кўнгиллари тусаган бузуқликни қилишга ана шу “рўмол имммунитети” тўсқинлик қилишини ҳам яхши билишади. Бу худди оғир тузалмас дардга чалинган одамнинг ўз касалини ғанимларига ҳам юқтириш учун уринишига ўхшаб кетади. Шунинг учун улар рўмолга қарши аёвсиз жангга киришади.

Яна бундайлар рўмолнинг “дунёвий давлат” тамойилларига мос келмаслигини уқтирмоқчи бўлишади. Давлат дунёвий бўладими, даҳрий ёки диний бўладими, қандайлигидан қатъи назар, фуқароларнинг ҳақларини ва эркинликларини кафолатлаши, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун имконият яратиб бериши лозим. Акс ҳолда, бунақа давлатни фуқаролар ҳимоячиси деб бўлмайди. Демак, ҳар қандай давлат аҳолининг мутлоқ кўпчилиги мусулмонлардан иборат бўлганида уларнинг манфаати билан келишиши зарур.

Рўмол билан террорни бир қолипга солмоқчи бўлганлар ҳам орамизда топилади. Бу ғирт бемаъни, ишониш қийин бўлган гап. Биринчидан, террорни рўмол ўрамайдиган аёллар тоифаси ёрдамида ҳам ташкил этиш мумкин. Иккинчидан, оддий муслима аёл ҳеч қачон террорга қўл урмайди, чунки у Аллоҳдан қўрқади, одам ўлдиришнинг оғир гуноҳ эканини яхши билади. Битта-яримта террорчи аёллар чиққан бўлса, булар махфий хизматларнинг ертўлаларида тайёрланган жоҳил “зомби”лардан бошқаси эмас.

Рўмолга қарши кураш баҳонасида мусулмонларнинг “эркинлашиб” кетмаслигига, ҳамиша уларнинг “танобини тортиб туриш”га уринишлар ҳам кузатилиши мумкин.  Ўқув юртлари, ишхона, бозор ва бошқа жамоат жойларида рўмол ўраган аёлларни ҳақоратлаш, камситиш ва рўмолларини мажбуран ечтириш ҳоллари кўплаб учрамоқда. Рўмолли аёлларни оммавий равишда маҳалла идоралари ва милиция таянч пунктларига чақириб огоҳлантиришмоқда, рўйхатга тиркаб қўйиш ёки катта жарималар тўлатиш билан қўрқитишмоқда. Уларнинг оммавий сайил ёки кўнгилочар муассасаларга киришлари таъқиқлаб қўйилмоқда. Кўп жойларда рўмолли аёлларга иккинчи сортли одамлар сифатида муомала қилинмоқди. Аҳоли орасида “энди рўмол билан метрога тушиш ёки кўчага чиқиш мумкин эмас экан” деган миш-мишлар ҳам тарқалган. Иқтисодий ёки бошқа ижтимоий муаммоларга сабрли бўлган диндор аҳоли ҳамма қийинчиликларга чидаши мумкин, аммо ҳамият ва орият масаласи олдида сабр косаси тўлиб, жамиятдаги норози қатламлар сафини тўлдириши мумкин.  Аҳолининг катта қатламини ташкил қилган мусулмонларни доимо норози кайфиятда тутиш жамият барқарорлигига катта хавф туғдиришини ана шу “рўмол мухолифлари” ўйлаб ҳам кўришмаяпти.

Рўмолга душманлик қилаётганларни рўмол ўраганлар билан солиштирганда кейингиларнинг ҳар жиҳатдан афзаллиги намоён бўлиб қолаётгани ҳам “рўмол мухолифлари”нинг жиғига тегяпти. Айтиб беришларича, бир коллежнинг очиқ-сочиқ юрадиган талабаси гуруҳидаги рўмолли қизларга кун бермаётганини кўрган муаллим ундан бунинг сабабини сўрабди. “Ҳамма потенциал куёвларни улар эгаллаб оляпти-да” деб важ кўрсатган эмиш. Устоз ҳам бўш келмай, “Сан ҳам рўмол ўрайқол, шунда йигитларни ўзингга оғдириб оласан” деган эмиш...

Алам қиладиган жойи шундаки, мусулмонлардан бағрикенглик, ўзгалар билан муроса талаб қилинаверадию, аммо уларга қарши бўлганлардан бу нарса мутлақо сўралмайди. Мусулмон киши қанчалик изтиробга тушмасин, атрофидагиларнинг шариатга хилоф ҳолда очиқ-сочиқ юришига, наша чекишига ва ароқхўрлик қилишига, бузуқлик ва  фоҳишабозлигига кўз юма олади, уларни тергашга ҳам ботинмайди. Аммо ўзи эса ҳатто аёлининг ўранишига ҳам уларнинг тоқат қила олмаслигига кўнишга мажбур. “Қарс икки кўлдан” дегандай, жамиятнинг тинчлиги ва тотувлиги йўлида ҳар икки томон баравар қадам ташласагина, кўзланган мақсадга эришиш мумкин бўлади.

Рўмол душманларининг курашига йўл очиб берган бир ҳолат ҳам борки, бу Виждон эркинлиги ҳақидаги Қонунда тилга олинган “ибодат либоси” деган атамадир. Бошқа динларда ибодат либоси деган тушунча бор, масалан, насронийларда узун ридо кийиб, бўйнига хоч осиб олинади. Аммо Исломда эркаклар киядиган салладан бошқа алоҳида ибодат либоси кўрсатилмаган, ҳар ким хоҳлаган кийимида ибодат қилаверади, у фақат тоза бўлса бас. Хорижий давлатларнинг қонунларидан кўчириб олинган бу атама билан биздаги шоввозлар рўмолга қарши тиш-тирноқлари билан кураш бошлаб юборишгани тушунарсиз. Аслида ҳозир араб дунёсида урф бўлган бошдан-оёқ қора кийим (абая) ҳам, ўтмишда момоларимиз кийган паражи-чачвон ҳам ибодат кийими ҳисобланмайди.
 
                                                                      Масаланинг ечими қаерда?

Рўмол масаласи анчадан буён мамлакатимиз халқини ташвишга, аламга солиб келаётган, тезда ечими топилиши катта заруриятга айланган энг долзарб масалалардандир. Буни унга қарши кураш кампанияси ёрдамида эмас, ҳукуматга ҳам, халққа ҳам манфаатли бўлган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали ҳал этиш лозим. Чунки рўмол муаммоси мамлакатимиз хавфсизлиги ва жамият осойишталиги учун қайғуришда, ўзаро тотувлик ва жипслик, ҳамжиҳатлик руҳини қарор топтиришда, миллат ахлоқини ҳимоялашда энг муҳим омил саналади. Бу ишга бепарволик билан муносабатда бўлиш, олдинлари кузатилганидай “рапортбозлик” қилиш умумий ишга фақат зарар беради. 

Чунки ўраниш Аллоҳнинг амри бўлгани учун буни инкор қилган мусулмоннинг иймонига путур етади, ҳатто у кофир бўлиши, бепарволик кўрсатса, гуноҳкор бўлиши мумкин. Рўмол муаммосини ҳал этишни ортга суриш, унга қарши кураш олиб бориш мамлакатда кескин норозиликларни, тушунмовчилик орқасидан юзага келадиган тартибсизликларни  чиқариши мумкин. Ҳозирги муваққат тинчлик замонида рўмол муаммоси ташқи кучларнинг тегирмонига сув қуйиши, мамлакат хавфсизлигига таҳдид қилаётган, халқни гиж-гижлаб, ўзининг ғаразли мақсади йўлида фойдаланмоқчи бўлаётганлар фойдасига яхшигина замин тайёрлаб бериши мумкин. Ҳукуматнинг бу борадаги сиёсатидан норози бўлган қатлам ғаразли томонларнинг  ноғорасига ўйнайдиган қўғирчоқларга айланиши мумкин.

    
Қолаверса, рўмол жамиятда кўпроқ диний атрибут эмас, балки миллий ва ахлоқий норма белгиси ўлароқ тарқаган. Шунинг учун бу муаммони чуқурлаштирмай, ўртача йўл танланиши мақбул бўларди. Бу билан ҳукумат ва фуқаролар ўртасида тотувлик, хайрихоҳлик, ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамланган бўлар эди. Табиийки, бу ҳолат мамлакат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, бошига рўмол ўрагани учун ҳар қадамда тазйиқ ва маломатга учраётган мусулмон аёлларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқлари қаттиқ поймол қилинишининг олди олинган, мунтазам тазйиқлардан ранжиган аёлларнинг “ҳамманинг хоҳлаган кийимини кийиш ҳуқуқи нега бизларга жорий қилинмайди?” деган ўринли таъналарига барҳам берилган бўлур эди. 

Ушбу муҳим масалани ижобий ҳал этишда қуйидаги тадбирлар муҳим аҳамиятга эгадир: 
1. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўқ қўйилмайди” дейилган 14-моддасига мамлакат Конституциясига мувофиқ равишда шарҳ бериш керак. 
2. Шарҳга мувофиқ равишда дин уламолари, либос дизайнерлари ва алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида ўзбек аёли миллий либосининг намунавий шаклини ишлаб чиқиш лозим ва уни тавсия шаклида оммага ҳавола этиш керак. 
3. Рўмолли аёллар томонидан аниқ-ошкор хавф юзага келганда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳўлу қуруқни баробар ёндирмай, айнан гумондорлар билан ишлаш амалиётини йўлга қўйишлари керак. 
4. Рўмолга қарши кураш кампаниясини халқимизнинг азалий урф-одатлари ва менталитетига ёт бўлган очиқ, калта ва беҳаёларча кийинишга, ахлоқсиз ғарбдан кириб келаётган оммавий маданият кўринишларига қарши кураш кампаниясига айлантириш даркор. Мактаб, ишхона ва бошқа жамоат жойларида миллий ахлоқ нормаларимизга мувофиқ равишда кийиниш одобини кенг тарғиб қилиш лозим.

Бузуқлик жинини ўз кўзасидан чиқариб юбориб, жойига қандай киритишни билолмай боши қотган Ғарб дунёси энди мусулмон оламини ҳам бу балога гирифтор қилиш учун бор ҳийла-найрангини ишга солмоқда. Бугунга келиб, Ғарбда аёл бир кўнгил хушига, бир ҳовуч пулдор бузуқларнинг эрмагига, ўтмас молни харидоргир қилиш воситасига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу Ғарб бугун «гендер», «аёллар ҳуррияти», «оилани режалаш», «феминизм», «оммавий маданият» деган сохта шиорлар, бузуқ мафкуралар ёрдамида ҳали булғанмаган, хорлик ва разолат ботқоғига ботмаган Шарқ аёлини ҳижобидан, хонадонидан, оиласидан тортиб олишга уринмоқда. Бу йўлда барча имконларини ишга солмоқда. Асрлар бўйи эрларига итоат ва вафодорликни, ҳаё ва оилапарварликни ибодат даражасига кўтарган аёлларимиз – оналар, опа-сингиллар ва қизларимизни умр йўлдошларига бўйсунмасликка, фарзанд тарбияси, оила, рўзғор деган «ортиқча даҳмазалар» билан ўралашиб қолмасликка, ҳамма соҳада эрлар билан тенг ҳуқуқли бўлишга тобора қаттиқроқ даъват қилмоқда. Улар ҳатто аёлларимизнинг қанча туғишларигача аралашмоқда. Оилани режалаш баҳонасида туғишни кескин камайтиришга чорламоқда, ҳаттоки ҳомиладорликни тўхтатишга керакли сунъий воситаларни текинга тарқатмоқда. Чунки дунёда мусулмон нуфусининг ортиб бораётгани, айни пайтда Ғарбнинг ўзида туғилиш тобора камайиб, кучлар нисбати Ислом фойдасига ўзгараётгани уларнинг пайтавасига қурт тушириб қўйган.

Ана шу фитна ва разилликларни аниқ кўра-била туриб туриб ҳам Ғарбнинг ноғорасига ўйнашимиз, уларнинг «аёллар хуррияти» ниқоби остида аёлларимизни очиқ-сочиқ қилишларига томошабин бўлиб туришимиз мумкинми? Уларнинг “маслаҳат”ларига кириб, минг йиллардан буён аёлларимизни иффат ва ҳаёсига парда бўлиб турган рўмолларини ечишларига йўл қўйишимиз динимиз талабларига, ўзбекнинг ор-номуси ва ҳамиятига тўғри келармикин? Маънавий хасталикка чалинган Ғарбнинг андозаларига ўзимизни мослашимиз улардаги каби жамиятнинг оғир  инқирозига сабабчи бўлиб қолмасмикин?

Аҳмад МУҲАММАД,
Azon.uz таҳлилчиси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!