Хуш келибсан, Рамазон!

16:20 15.05.2018 539

Гуноҳни кетказгани, жаннатга етказгани,

Савоблар биносини, мукаммал битказгани,

Тонг чоғи айтиб азон, хуш келибсан, Рамазон!

 

Гуноҳимиз тўкилсин, шайтон қадди букилсин,

Масжидларда туну кун, Ҳақ каломи ўқилсин.

Касбинг адолат, мезон, хуш келибсан, Рамазон!

 

Роббимга қилиб шукр, айтайлик ҳамду зикр

Рамазоннинг хислати, беадад, бисёр, шукр!

Айтиб ёқимли азон, хуш келибсан, Рамазон!

 

Ҳар ишнинг бор қалови, Сен тинчликнинг ялови,

Сенинг шарофатингдан, ўчар уруш олови.

Юртим кўрмасин «тўзон», Келақолгин, Рамазон!

 

Йилда келасан бир ой, ҳар кунинг хайрга бой,

Мўминларинг ҳимматда, бўладилар ҳотамтой.

Кўнгиллар дарё – ўзан, хуш келибсан, Рамазон!

 

Закотда беллашарлар, йўқсилни қўллашарлар,

Тун кечалар Роббимга, дуолар йўллашарлар.

Келавер айтиб азон, раҳмат ойи Рамазон!

 

Гуноҳга афв сўрайлик, балога даф сўрайлик,

Яратгандан қалбларга, умид ва хавф сўрайлик,

Шайтонни айла хазон, тезроқ келиб Рамазон!

 

Сени интизор кутай, бир кун хатосиз тутай,

Илоҳим бу дунёдан, рўза ҳолимда кетай.

Эй дил иймонла безан, элга келди Рамазон!

 

Балою нафсни ўлдир, қалбларни нурга тўлдир,

Хар мўминнинг тилаги — муддаоси хам шулдир.

Дил уйин айлаб ларзон, хуш келибсан, Рамазон!

 

Дилларни обод этгин, кўнгилларни шод этгин,

Балою нафсимизни, ўлдириб барбод этгин.

Дам олсин ошу қозон, хуш келибсан, Рамазон!

 

Дуолар қабул бўлсин, юртимиз нурга тўлсин,

Қилган амалларимиз, жаннатларга йўл бўлсин.

Бозорлар тўкин-арзон, келганинг чун, Рамазон!

Муҳаррамхон ҚОСИМОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!