Ҳузур атмосфераси ёки дадалар қаерда?

15:00 27.02.2018 901

Дадалар жуда банд. Аниқроқ қилиб айтганда, болаларидан-да муҳим иш билан шуғулланмоқдалар...

Болалари “Дада менга ҳеч вақт ажратасизми, сизсиз зерикяпман, сизни соғиндим” десалар, “Қизим ёки ўғлим икки ҳафта олдин боққа бордик, ҳар куни боролмаймиз ахир, мени қиладиган ишларим бор” дейди...

Хафа бўлмангу, дадалик, оталик бу шаклда бўлмайди. Боласига икки ҳафта олдин боққа олиб борганини эслатиш билан “суҳбатлашган” дада қўрқиши керак.

Модомики, сиз болангиз билан биргаликда вақт ўтказишга “имконсиз” экансиз, кунларингиз жуда банд экан, унда келажакдаги пушаймонлик “ҳаётингиз” учун ҳам ҳозирлик кўриб қўйинг...

Сиз ҳам қўлида тўртта нон билан икки ҳафтада бир неча дақиқага келиб сизни “зиёрат” қилиб кетувчи фарзандларни кўрасиз у ҳолда.

Шунда “Қизим-ўғлим мен бир ўзим жуда зерикяпман, кел мен билан гаплашгин, менга вақтингдан ажратгин ” дейишга ҳақли бўлармидингиз?..

“Дада ишларимиз жуда кўп, вақт топганимизда келамиз” десалар не ҳолга тушасиз?..

...Бугун деярли аксарият дадалар “чарчаган”.

 Ҳа, улар “Чарчаган”!..

Бу “мода” қаердан чиқди? Бу қаердан модага кирди.

Бола сиз билан кам гаплашади, сизни тонгда бир лаҳзага кўради. Ҳудди бир қариндоши каби... Ҳа, айнан қариндош... Унда сиз дада эмас, қариндошмисиз?..

Оталик фақат боқиш дегани эмас-ку!

Ота бу куч, дўст, қўллаб-қувватловчи, иммунитет, ҳузур атмофераси, хотиржамлик, боланинг худди она каби энг яқин инсони эмасми?

Унутманг, дада ҳеч нарса қилмаса ҳам бола унинг олдида ўзини яхши ҳис этади, маънан қувват олади, кучланади, роҳатланади.

Ноила ХОЛМАТОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!