Ижара ва унинг ҳукмлари

06:03 30.08.2017 1150

Ижара сўзи арабча إِجَارَة [ижа́ротун] лафзидан олинган бўлиб, луғатда ҳақ-улушнинг номи ҳисобланади. У ёлланган ишчининг ҳақидир[1].

Фақиҳлар “Ижара – бирор эваз ҳисобига манфаатни мулк қилиб бериш йўлига кўра бўладиган айирбошлаш битимидир”, деб таъриф беришган[2].

Модомики, ижара айирбошлаш битими экан, ижарага берувчи ижарачи фойдаланишидан олдин ҳам ижара ҳақини тўла-тўкис олиши жоиз бўлади. Бунинг тафсилоти ўз ўрнида келади. Зеро, савдо битимида ҳам сотувчи молини топширишдан олдин пулни тўлай олиши мумкин бўлади. Агар ижара ҳақи олдиндан берилса, тўла манфаат ҳосил бўлишини кутиб ўтирмасдан ижарага берувчи ижара ҳақига эгалик қилаверади. Бунинг баёни қуйида келади.

Ижара битимининг мажбурий ёки мажбурий эмаслиги:

Аслида ижара ақди жумҳур уламолар наздида мажбурийдир. Битим тузган икки кишининг ҳеч бири алоҳида тарзда битимни бузиш ҳуқуқига эга эмас. Икки тарафдан бири фақат айбнинг зоҳир бўлиши ёки тўла манфаат олиш ўрнининг йўққа чиқиши каби мажбурий ақдларни бузадиган сабаблар тақозосига кўрагина бу ҳуқуққа эга бўлишади[3]. Улар бунга Аллоҳ таолонинг “Битимлар (ақдлар)га вафо қилингиз”[4], оятини далил қилишган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг шогирдлари: “Ижарачи тижорат қилиш учун ижарага дўкон олгач, моллари ёниб кетган ёки уларни ўғирлатганга ўхшаш каби тўсатдан вужудга келган узр сабабли ижара ақдини бузиши жоиз”, дейишган. Чунки бундай вазиятда келишилган манфаатни ҳосил қилиш ижарачи учун имконсиз бўлади. Бу ижарага олинган нарсанинг айнан ўзи ҳалокатга учрашига қиёс қилинади[5].

Ижарага алоқадор сўзлар:

А) بَيْعُ [байъун] – байъ.

Ижара байъ қабилидан бўлса-да, у айнни эмас, манфаатни сотиш экани билан фарқланади[6]. Айни пайтда савдо ақдларининг барчасида битимлар айннинг устида бўлади. Шунингдек, ижара тугалланган бўлиши ва қўшимчалар қабул қилиши мумкин. Савдо эса фақат тугалланган ҳолатда бўлади. Ижарада шартлашилган нарса, яъни манфаат бирданига тўла талаб қилинмайди. Аммо савдо ақдларида савдо моли бирданига тўла-тўкис талаб қилинади. Шунингдек, ижараси жоиз бўлган баъзи нарсаларнинг савдоси му мумкин бўлмайди. Масалан, ҳурнинг ижараси жоиз. Чунки ундаги ижара бирор иш эвазига бўлади. Аммо у савдо моли бўлмагани сабабли, савдоси жоиз эмас.

Б) إعَارَةُ [иъа́ротун] – орият.

Ижара иорадан фарқ қилади. Чунки ижара бирор эваз муқобилида манфаатга эга қилишдир. Орият эса, ё эвазсиз манфаатга эга қилиш, ёки манфаатни мубоҳ қилиб беришдир.

В) جِعَالَة [жиъа́латун] – жиола.

7. Ижара жиоладан фарқ қилади. Жиола – бўлиши гумон манфаатнинг ижараси. Жиолага берувчи ишчининг амали охирига етмасдан олдин унинг амалидан қисман фойдалана олмайди[7]. Жиола умумий тарзда лозим эмас.

Г) اِسْتِصْنَاعُ [истисна́ъун] – Буюртма савдо.

(Муштарак ёлланма ишчида) ижара (амал қилиш шарт этилган айннинг савдоси бўлган) буюртма ақдидан фарқ қилади. Ижарада айн ижарага берувчидан ва иш ижарачи томонидан бўлади. Буюртма савдода эса айн ҳам, иш ҳам – ҳар иккиси ҳунарманд (ёлланма ишчи) тарафидан бўлади.

Ижаранинг ҳукми ва далили:

Ижара ақди жоизлик йўлига кўра машруъдир[8].

Бунга Китоб, Суннат, ижмоъ ва ақлий далил далолат қилади.

Китобдан далил: “Бас, агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар, у ҳолда уларнинг ҳақларини берингиз!”[9].

Суннатдан далил: Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёлланма ишчини ишлатса, унинг ҳақини ўзига билдириб қўйсин”[10], деганлар. Яна бир сўзларида: “Ёлланма ишчига ҳақини тери қуримасдан беринглар”, деганлар. Бошқа бир сўзларида: “Мен қиёмат куни уч кишининг хусуматчиси бўламан”[11], деб ўшалар ичида “Ёлланма ишчини ишлатиб, ундан тўлиқ фойдаланиб, ҳақини бермаган киши”[12] дея санаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари ҳам, тақрирлари ҳам ана шундай бўлган.

Ижмоъдан далил: Уммат ушбу ишнинг жоизлигига саҳобийлар давридан бошлаб, то ҳозирги кунимизгача ижмоъ қилган[13].

Ақлий далил: Ижара инсонларга енгиллик туғдириш учун жорий этилган. У туфайли киши ўзиники бўлмаган айний нарсалардан фойда-манфаат олади. Манфаатларга бўлган эҳтиёж айний нарсаларга бўлган эҳтиёж кабидир. Камбағал одам бойнинг мол-мулкига муҳтождир. Бой эса камбағалнинг ишига муҳтож. Инсонларнинг эҳтиёжига риоя қилиш ақдларнинг шариатга киритилишига асосдир. Шу сабабдан у эҳтиёжни кўтарадиган кўринишда жорий қилинади ҳамда шариатнинг асосига мувофиқ келади[14]. Ижаранинг шариатга киритилишидаги ҳикмат ҳам шудир.

 


[1]Ал-Муғриб фи тартибил муъриб. Мақойисул луға.

[2]Кашфул ҳақоиқ 2-жилд. 151-бет. Мабсут. 15-жилд. 74-бет. Ал-Умм 3-жилд. 250-бет. Ал-Муғний 6-жилд. 3-бет. Аш-Шарҳус сағир. 4-жилд. 5-бет.

[3]Ал-Муғний маъаш шарҳил кабир. Манор нашри, 1348 ҳ.й. 6-жилд. 20-бет. Бидоятул мужтаҳид. 2-жилд. 251-бет.

[4]Моида сураси, 1-оят.

[5]Ал-Муғний 6-жилд. 20-21-бетлар. Бидоятул мужтаҳид. 2-жилд. 251-бет. Фатавои ҳиндия. 4-жилд. 410-бет.

[6]Зеро, унинг устидаги битим манфаатлардир. Кўпчилик аҳли илм шундай деган. Улар Молик ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳлар ва Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг аксар шогирдлари. Баъзи Шофеъий уламолари, унинг устида битим қилинган нарса вақтдир, чунки у мавжуддир, битим мавжуд нарсага изофа қилинади, дейишган. Устида битим қилинган нарса айн эмас, манфаат эканига далил, ижарада қўлга киритиладиган нарса битим сабабли бўлади, айн нарсалар сабабли эмас. Иш ҳақи бирор нарса муқобилида бўлади. Ал-Муғний. 6-жилд. 4-5-бетлар. Кашшофул қиноъ. 3457-бет.

[7]Бидоятул мужтаҳид. 2-жилд. 257-бет.

[8]Мабсут. 15-жилд. 74-75-бетлар. Бадоиъус саноиъ. 4-жилд. 974-бет. Бидоятул мужтаҳид. 2-жилд. 240-бет.

[9]Талоқ сураси, 6-оят.

[10]Имом Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[11]Ибн Можа “Сунан”ларида “Гаровлар” бобида ривоят қилган.

[12]Ибн Можа “Сунан”ларида “Гаровлар” бобида, Имом Бухорий “Савдолар” ва “Ижара” бобларида ривоят қилганлар.

[13]Бадоиъус саноиъ. 4-жилд. 173-174-бетлар. Мабсут. 15-жилд. 74 бет. Натоижул афкор. 7-жилд. 146-147-бетлар Аш-Шарҳус сағир. 4-жилд. 5-6-бетлар. Бидоятул мужтаҳид. 2-жилд. 240-бет. Ниҳоятул муҳтож ила шарҳил Минҳож. 5-жилд. 259-бет Ал-Муғний маъаш шарҳил кабир. Манор нашри, 1348 ҳ.й. 6-жилд. 2-бет.

[14]Мабсут. 15-жилд. 74-75-бетлар. Бадоиъус саноиъ. 4-жилд. 174-бет. Бидоятул мужтаҳид. 1386 ҳ.й. 2-жилд. 240-бет.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!