Имом Бутийнинг Иордания подшоҳи Абдуллоҳ Иккинчи ҳузурида қилган хутбаси

07:00 28.05.2018 963

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббидан ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси қудсийлар ичида Аллоҳ таолонинг:

«Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман», – деган сўзи ҳам бор.

Одамлар ичида ушбу ҳадисни шубҳали деб билганлари ҳам бор. Улар орасида «тоатларда банда билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўртасида шериклик бўладими?» – деганлари ҳам бўлган.

Тоатлар ичида инсон учун қилингани ва холис Аллоҳ азза ва жалла учун қилингани бор.

Мен ушбу мушкулликка жавоб беришни, балки кўпчилик одамлар бошида айланиб юрган бу муаммони бартараф қилишни хоҳладим.

Ушбу ҳадиси қудсийда Бориъ азза ва жалла айтмоқдаки, инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган намоз, ҳаж, закот, тиловати Қурьон ва зикр каби бошқа ижобий амалларни банда холис Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қилишга ёки ушбу ижобий тоатларни дунёвий манфаатлари учун бажаришга ҳам эгадир. Ўқиётган намозини, адо этаётган ҳажини, ўқиётган Қурьонини дунёвий бойликлари учун ашё қилишга ҳам эга, яъни амалини риё учун қилиши ҳам мумкин.

Аммо рўза қўлга киритиладиган ибодатдир. Унда ҳеч қандай риёкорлик кўриниши кўзга ташланмайди. Рўзадор ўз рўзасида одамлар олдида очиқ-ойдин кўринадиган бирор нарсага таянмайди. Агар рўзадор ҳақиқий рўза тутган бўлса рўзасини дунёвий манфаат учун ҳизмат қилдира олмайди. У ҳақиқий рўзадор бўлса одамлар эътиборидан рўза тутмайди ва рўзани ўзининг мунофиқлик кўринишларидан бирига айлантира олмайди. Бу рўзанинг (улкан ўлжани) қўлга киритадиган ибодат бўлгани учундир.

Агар рўзадор очликни ҳис қилса ва бу очлик уни дастурхони олдига бошласа, сўнг уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кузатиб турганини эсласа ва Аллоҳ таолога у рози бўлган ҳолда йўлиқиши учун очлигига сабр қилса ва агар рўзадор ташналикни ҳис қилса унинг қалби куяди, лекин у рўзадор эканини эсласа ва ундан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло рози бўлиши учун сабри устун келса, шубҳа йўқки унинг рўзаси турли айблардан тоза бўлган ва Аллоҳ таоло учун қилинган холис амалдир.

Бу рўзадор ўз рўзаси билан мунофиқлик қилиши мумкинми ёки рўзасини дунёвий ўлжа учун ҳизматчи қилиши мумкинми, агар шундай бўлса ҳақиқатда у рўзадор саналмайди. Чунки у одамлар олдида рўзадордир, агар ёлғиз қолса еб ичиб олади, шу жиҳатдан у рўзадор ҳисобланмайди.

Бу ушбу ҳадиси қудсийда «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун» – деб айтилган сўзнинг қўрқинчли нозик маъносидир.

Яъни, агар у хоҳласа рўзасини нуқсонлардан холи қилишга ва хоҳласа Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун холис бўлишига эга бўла олади ёки хоҳласа дунёвий манфаатлари учун ҳизмат қилдириши ҳам мумкин. Бу бир нарса. Яна бошқа бир нарса, эй Аллоҳнинг бандалари. Рўзадорни Аллоҳдан ғофил бўлиши мумкин эмас. Рўзадор Аллоҳ азза ва жалладан тўсилган бўлиши мумкин эмас, чунки рўзадорни очқагани ўз ўрнида зикрдир. Рўзадорнинг ташналиги гарчи уни зикр калималари билан тили қимирламасада ҳақиқатни олганда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зикри саналади. Мен ўзимни таомга муҳтож эканимни ҳис қиламан, лекин мен Аллоҳ таолонинг буйруғига жавоб тариқасида рўза тутганимни биламан. Демак мен рўзадорлигимни ҳис қилган вақтимда Аллоҳнинг кузатувида эканимни ҳам ҳис қиламан. Очликни сезганимда Аллоҳнинг назоратида эканимни ҳам сезаман. Қачон ташна бўлиб оғзим қуриса ва сувга муҳтожлик сезсам, мен ушбу ҳолда ҳам Аллоҳ билан биргаман.

Кўрдингизми, эй Аллоҳнинг бандалари, рўзанинг қанча-қанча хусусиятлари ва қанчадан-қанча имтиёзлари бор. Бу бошқа ибодатларда кўзга ташланмайди. Шайтонларнинг кишанланиши ҳам ана шундан. Чунки шайтонлар қачон инсонни қўлга туширади, албатта Аллоҳ таолодан ғафлатда бўлганида уни қўлга олади.

Аллоҳ таоло ўз Каломида айтади:

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз», деди» («Тоҳа» сураси, 124-оят)

Ана шу вақтда Аллоҳ таоло унинг устидан шайтонни ҳукмрон қилади. Аммо инсон Аллоҳ билан бирга бўлса ва уни доим эслаб зикр қилиб юрса ҳамда Аллоҳ азза ва жалла билан муроқабада бўлса шайтон унинг муроқабасини парчалаб қалбига кира олмайди. Бу иш мутлақо бўлиши мумкин эмас.

Агар инсон рўзасида Аллоҳнинг йўлидан қочса ва айрим гуноҳларга қадам босса, мана шу бошқалар гоҳида шубҳали деб билган нарсадир. Улар, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шайтонлар кишанланиши ҳақида хабар берган бўлса ҳам нима учун кўплаб рўзадор кишилар айрим гуноҳларни содир этмоқдалар?!» - дейди.

Улар гуноҳ қилаётган бўлсалар, бу гуноҳларга уларни ундаётган нарса ўзларнинг фаҳмсизлиги ва шаҳвоний истакларидир. Аммо шайтоннинг ҳийласи кучсиз, шайтон ҳақиқий рўза тутган рўзадорга ҳеч қачон яқин кела олмайди. Чунки, у модомики рўзадор экан, доимо Аллоҳ азза ва жаллани эслаб туради. Ким Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб, У билан бирга бўлса, Аллоҳ таоло уни инсон ва жин-шайтонларига қарши ҳимоялаб қўяди.

Мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан рўзаларимизни нафсимиз ёмонлигидан ва ҳавойи истакларимиз бефаҳмлигидан бизларни сақлайдиган қалқон қилишини сўрайман.

Эй Аллоҳнинг бандалари, мен кеча айтган гапимни бугун яна такрор айтишни хоҳлайман.

Мен ҳозир хотирамда айланиб юрган қувончни сифатлаб бера олмайман, мен қуйидаги кўринишни, яьни инсонларга имом қилиб қўйган кишининг кўринишини кўрганимда бу қувонч мени буюк чўққига кўтаради. Аллоҳ унга куч қудрат ва бойликларни бошқариш ҳукмини берди, кейин мен уни бу каби ўринда кўриб турибман, у ўзининг куч қуввати ва мансабини бир четга суриб, унга ушбу неьматларни берган зотнинг олдида ожиз бандалик вазифасини бажариб ўтирибди. Бу кўриниш мени ажойиб қувончга чорлайди. Албатта бунинг манбаси Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида содир бўлган кўринишдир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳ куни Маккага кириб келганларида бўлган. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша кунда ўзларини Аллоҳнинг олдида ҳокисор тутганлари каби бошқа кунларда ҳокисор тутмаган эдилар. Қалбидаги бандалик туйғуси билан ўзларини Пайғамбарликларини ҳам унутиб қўйган эдилар. У зот тўхтаб: «Ваъдасига содиқ бўлган ва бандасига ёрдам берган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин» – дер эдилар. Расули ва Набийсига ёрдам берган демадилар. Ўзларини Аллоҳнинг бандаси экани ҳақида гапирдилар. Эҳтимол ўша кўриниш бугунги ушбу кўринишдаги қувончга туртки бўлаётгандир.

Мана у, Аллоҳ таоло мўминларга имом қилиб қўйган Абдуллоҳ Иккинчи ибн Хусайн. Аллоҳ таоло бу кишига куч қудрат берди, мана у руку сажда қилиб турибди, олдида Аллоҳга бўлган бандалигидан бошқа нарсани кўрмаяпти. Бойликлари ва куч қудратларини бир четга суриб, эҳтимол у зикр қилиб қувоняпти ва Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзини эсламоқда:

«Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар.

Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир.

Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар» («Марям» сураси, 93-95-оятлар).

Муборак бўлсин сенга, эй саййидим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сенинг Унга бўлган ожиз бандалигинг сен учун ризқингни, куч ва даражангни зиёда қилишига сабаб бўлишини сўрайман. Бу (ўтиришинг) бобонг раҳматлининг тутган йўли эди. Сен ҳам шу йўлни тутгин, Аллоҳ сени буюк зафарлар билан икром қилади.

Ушбу сўзимни айтиб буюк Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!