Имом иши: Бош прокуратура барча суд қарорларини бекор қилишни сўрамоқда

17:16 05.08.2018 4172

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси имом Ҳикматулла қори Юсупов иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судига протест келтириб, маҳкумнинг турмуш ўртоғи М.Раҳматуллаеванинг мурожаатини қаноатлантирди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган Ҳ.Юсупов 2016 йил 25 январдаги суд ҳукмига кўра, ЎзР Жиноят кодексида назарда тутилган моддалар бўйича, яъни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишда айбдор, деб топилганди.

Кейинчалик, Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2017 йил 14 февраль кунги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилганди.

Айни пайтда Бош прокуратура Раҳматуллаеванинг мурожаатини қаноатлантириб, мазкур масалани чуқур ўрганиб, жиноят иши бўйича барча суд қарорларини бекор қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида протест келтирди.

Бундан аввал Ҳикматулла қорига нисбатан чиқарилган иккита ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича суд ҳукмлари асоссиз бўлиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Унда айтилишича, сохта гувоҳ ва далиллар билан Ҳикматулла Юсуповга жазо тайинланган.

Шундан сўнг, ушбу ишга аралашганликда гумон қилинган айрим МХХ ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганди. Хоразм вилояти Ҳарбий прокуратураси Ҳикматулла қорига 13 йил қамоқ жазоси тайинланиши ортида айрим МХХ ходимининг ноқонуний таъсири борлигини текширмоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!