Инсоннинг ўз фитратига мос ҳолда таомланиши

15:30 12.01.2018 401

"Эй иймон келтирганлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз" (Бақара сураси, 172-оят).

Биз мусулмонлар ҳалол ва пок неъматлардан ейишга буюрилганмиз. Аллоҳ таоло бизнинг фитратимизни ҳалол ва пок нарсаларга мослаб яратган. Биз мусулмонлар ҳалол нарсаларни еб-ичишга жуда қаттиқ эътибор берамиз. Одатда харид қиладиган маҳсулотимизни ҳалоллигини суриштирамиз. Лекин кўпимиз ҳозирги замонда Қуръони каримда келган «ҳалол» сўзининг ёнидаги пок калимасига эътибор бермаймиз. Қуръони Каримда еб-ичадиган маҳсулотлар ҳақида гап кетганда Аллоҳ таоло бизга доимо ҳалол ва пок маҳсулотларни еб-ичишимизни буюради. Ҳалол сўзи доимо пок («тоййиб») сўзи билан ёнма-ён келади. Доимо пок калимаси билан бирга!

Бизни онгимизда фақат ҳалол сўзи ўрнашганидан бу ҳақида ўйлаганимизда хаёлимизга маст қилувчи ичимликлар, қон, ўлимтик, ҳаром йўлдан келмаган моллар келади.

Аслида ҳозирги кунда Қуръонда келган ҳалол ва пок калимасини кенгроқ ўрганишимиз керак. Кўп тафсир китобларимизда ҳалол ва пок калимаси келган оятларни тафсирида пок калимасига урғу берилиб, пок калимаси соғлиғимиз учун зарарли бўлмаган маҳсулотлар ҳам деб юритилади. Масалан, ҳозирги кунларда дўконларимизда сотилаётган кўп маҳсулотлар бор. Бу маҳсулотлар ичида биз хоҳламасак ҳам соғлиғимиз учун зарарли бўлган ёки ичида зарарли моддалар бўлган маҳсулотлар, ҳаттоки хориждан келтирилган, гени ўзгартирилган маҳсулотлар бор. Гени ўзгартирилган маҳсулотларни соғлиғимиз учун зарарли эканлиги бир неча илмий тажрибаларда аниқланган. Ҳатто Европа мамлакатларида гени ўзгартирилмаган маҳсулотлар алоҳида ёрлиқ билан ажратилиб қадри кўтариляпти. 

Яқинда Европадаги баъзи олимлар томонидан мева ва сабзавотларни етиштиришда зарарли ҳашаротларга қарши қўлланадиган дориларда катта зарарлар борлиги аниқланди. АҚШ, Германия каби ривожланган давлатларда дори-дармон ишлатилмасдан етиштирилган мева-сабзавотлар дўконлари очилган. Мен Германияда гувоҳи бўлганимдек, кўп немислар шунақа дўконлардаги маҳсулотларни харид қилиб истеъмол қилишади. Чунки улар соғлиқларига жуда қайғурганлари учун ҳам маҳсулотларнинг табиий шароитларда етиштирилганига ишонч ҳосил қилгач истеъмол қилишади. 

Биз мусулмонларчи? Дўконга кириб, «ҳалолми?» деб сўраш билан кифояланамиз. Лекин харид қилган маҳсулотларимизнинг ичида соғлиғимизга зарарли маҳсулотлар борлиги ҳақида фикр юритмаймиз. Аллоҳ таоло 1400 йил олдин ҳалол ва пок маҳсулотлардан тановул қилишимизни бизга амр қилган. Маҳсулотлар таркибини суриштирмасдан таомланишимиз оқибатида биз ўз соғлиғимизга зарар етказамиз. Гўзал Ислом динимиз эса инсоннинг ўз-ўзига зарар келтиришига изн бермайди, инсон бунга бепарволик қилганда гуноҳ содир қилган бўлади. 

Мана зарар ҳақида билиб олдикки, энди маҳсулотларни харид қилишда бизда ўрнашиб қолган «ҳалол бўлса бўлди» деган тушунча билан чекланиб қолмасдан, маҳсулот таркибида сунъий моддалар йўқлигига эътибор қаратайлик ва бу соғлиғимизга зарарли бўлган моддалар ҳақида ўрганайлик. Аллоҳ ҳаммамизга яратган фитратига мос таомланишни осон қилсин.
 

Абдулазиз АЗАМАТ ўғли

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!