Исбот ва унга тегишли ҳукмлар (1-мақола)

15:10 05.09.2017 636

“Исбот” сўзи араб тилидаги أثبت[асбата] – исботламоқ феълининг ўзаги бўлиб, луғатда “бир нарсани доимий барқарор ёки тўғри деб билишдир”.[1] Фиқҳий истилоҳга кўра, исбот, бу – қазо мажлисида қозининг ҳузурида ҳақ нарсага ёки бирор ҳодисага шаръий далил келтириш ҳисобланади.

Исботдан мақсад:

1. Исботдан мақсад даъвогарнинг ўз ҳаққига эга бўлиши ёки унга бўлган эътирозларга барҳам беришдир. Шаръий қоидаларга мувофиқ қозининг ҳузурида ўз даъвосини исбот қила олса ва жавобгар унинг ҳаққини бермаётгани (ёки унга ноҳақ эътироз қилаётгани)ни очиб бера олса, қози жавобгарнинг бировнинг ҳаққи борасидаги бўйин товлашини бартараф қилади ва даъвогарнинг даъвосини қондиради.[2]

Исбот қилишга ким мукаллаф (ваколатли):

2. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Баййина (ҳужжат) даъвогарнинг зиммасида, қасам эса инкор қилувчининг зиммасида”[3] деган сўзларига кўра, исбот қилиш даъвогардан талаб қилинади. Имом Муслим ва Имом Аҳмаднинг ривоятида “Одамларга (қуруқ) даъволари билан сўраганлари берилаверганида, одамлар бир-бирларининг қонлари ва молларини даъво қилишган бўларди. Бироқ даъвогарнинг зиммасида ҳужжат келтириш бор”, дейилади.[4] Чунки даъвогар ўзигагина аён, бошқаларга эса махфий бўлган ишни даъво қиляпти. Уни исбот қилишга аввало унинг ўзи муҳтож. Ҳужжатнинг исбот қилувчи қуввати бор. Чунки у хусуматчи бўлмаган шахснинг сўзидир. Хусуматчи бўлмаганлар эса гувоҳлардир. Шунинг учун улар даъвогарнинг ҳужжати ҳисобланади. Қасам, гарчи у Аллоҳ таолонинг исми зикр қилиниши билан таъкидланган бўлса-да, хусуматчининг сўзидир. Шунинг учун у ҳақни ошкор қила оладиган ҳужжат бўла олмайди, бироқ унга қарши даъво қилинаётганнинг ҳужжати бўла олади. Чунки даъво қилинаётган зоҳирни ушлаган (асос қилиб олаётган) шахс. Яъни, нима бўлишидан қатъи назар, нарса унинг қўлида турибди. У зоҳирнинг ҳукмини барқарор қолдиришга муҳтож. Қасам, гарчи сўз бўлса-да, у давомийликни таъминлаш учун кифоя қилади. Шулар туфайли баййина-ҳужжат даъвогарнинг ҳужжати, қасам эса гумондорнинг ҳужжати қилиб белгиланди. Ҳар нарса ўзига муносиб ўринга қўйилди. Бу эса ғоятда ҳикматлидир.

Муҳаммад ибн Ҳасан “Асл” (Мабсут)да айтади: “Жавобгар – инкор қилувчи, нариги томон эса – даъвогар ҳисобланади. Бироқ иккисининг ўртасини ажратиш фиқҳ ва дақиқ эътиборни талаб қилади. Зеро, эътибор маънога бўлади, суратга эмас. Баъзан даъвогар суратидаги кишидан бир гап чиқиб, у инкор маъносида бўлиши мумкин. Масалан, ҳузурига омонат қўйилган кимса омонатни қайтарганини даъво қилса, у суратан қайтарганликни даъво қилганга ўхшайди. Аслида эса (маънан) зиммасига қайтариш вожиб эканини инкор қилаётган бўлади. Юқорида зикр қилинган қоида бири маънан ва ҳақиқатан даъвогар бўлган икки хусуматчи ҳақида. Бу борадаги ҳукм шуки, даъвогарнинг зиммасига баййина-ҳужжат, гумонланганнинг зиммасига эса қасам вожиб бўлади.[5]

Исбот билан ҳукм чиқариш талабга боғлиқми?

3. Ҳукмнинг саҳиҳ бўлиши ва бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаслиги учун тўғри даъво бўлиши шарт. Бунинг учун эса шаръий хусумат лозим.

Даъво дуруст бўлганидан сўнг қози жавобгардан у ҳақда сўрайди. Тан олса олди. Агар у инкор қилса-ю, даъвогар далил (гувоҳ) келтирса, бундай ҳолда даъвогарнинг талабисиз ҳам қози ҳукм чиқараверади. Чунки ҳолат даъвогар айни шуни хоҳлаётганига далолат қилади.[6]

Даъвони исботлаш йўллари:

4. Фақиҳлар иттифоқига кўра, кайфият ёки натижасидаги айрим тафсилотлари билан иқрор, гувоҳлик, қасам, қасамдан бош тортиш, қасамлашиш шаръий ҳужжат ҳисобланиб, ҳукм чиқаришда қози шуларга таянади.[7]

Имом Абу Ҳанифа, Саврий, Авзоий ва Ироқ аҳлининг жумҳури бир гувоҳ ва қасам билан ҳеч қандай низо юзасидан ҳукм чиқармайди, деганлар. [8]

Баъзи фақиҳлар исбот йўлларини муайян турлар билан чеклаб қўймаганлар. Балки даъвони исбот қиладиган ҳар бир нарса далил бўлаверади ҳамда қози у асосида ҳукм чиқариши мумкин, дейишган.

“Ат-туруқул ҳукмийя”да қуйидагилар келган: “Баййина” – бу шариатда ҳақни баён қилиб, ошкор этиб берадиган нарсанинг номи. Гоҳида у тўртта гувоҳ, баъзан муфлис (касод бўлган)нинг гувоҳлари каби учта, баъзан икки гувоҳ, битта гувоҳ, бир аёл киши, қасамдан бош тортиш, қасам ичиш, элликтанинг қасам ичиши, тўртта қасам ичиш, кўп ҳолларда ҳолатнинг ўзи ҳам гувоҳ бўлиши мумкин. Шунга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “даъвогарнинг зиммасига баййина-ҳужжат вожиб”[9] деган сўзларининг маъноси “даъвосининг тўғри эканини исботлаб берувчи нарсани кўрсатиши”, деган маънода бўлади. Қай йўл билан бўлса ҳам даъвонинг тўғрилиги зоҳир бўлса, унинг фойдасига ҳукм қилинади[10].

 


[1] Лисонул араб. Мисбаҳул мунир фи ғариби шарҳил Кабир. “ثبت” калимаси.

[2] Мажаллатул аҳкамул адлийя. 1785-модда.

[3] “Ҳужжат даъвогарнинг зиммасида...” ҳадиси Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиснинг бир бўлаги. Унинг асли саҳиҳайнда. Лафзи қуйидагича: “қасам даъво қилинмишнинг зиммасида”. Ад-Дироя фи тахрижи аҳодисил ҳидоя. 2-жилд. 175-бет. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 4-жилд. 95-96-бетлар.

[4] “Инсонларга даъволарига кўра берилаверганида...” ҳадиси. Уни Байҳақий ўзининг Сунанида Ибн Аббосдан қуйидаги лафз билан ривоят қилган: “Инсонларга даъволарига кўра берилаверганида бир қанча кишилар баъзи қавмларнинг моллари ва қонларини даъво қилан бўлардилар. Бироқ даъвогарнинг зиммасида ҳужжат келтириш, инкор қилганнинг зиммасида қасам ичиш бор”. Икки шайх Ибн Аби Мулайкадан, у Ибн Аббосдан ривоят қилган. Насбур роя ли аҳодисил Ҳидоя. 4-жилд. 95-96-бетлар.

[5] Ихтиёр литаълилил мухтор. 2-жилд. 109-бет. Ал-Муғний. 4-жилд. 461-бет. Ал-Муғний маъаш шарҳил кабир. Манор нашри, 1348 ҳ.й. 11-жилд. 451-бет. Ҳошиятуд Дусуқий алаш шарҳил кабир. Ийсо Ҳалабий нашри, 4-жилд. 146-бет.

[6] Шарҳуд дур. 4-жилд. 423-бет. Табсиратул ҳукком. 1-жилд. 39 ва 85-бетлар.

[7] Бидоятул мужтаҳид. 2-жилд. 501-бет. Ҳошияту ибн Обидин. 4-жилд. 462 ва 653-бетлар. Ниҳоятул муҳтож ила шарҳил Минҳож. 8-жилд. 314-бет. Ар-Равзун надий. 521-бет.

[8] Бидоятул мужтаҳид. 2-жилд. 507-бет.

[9] “Даъвогарнинг зиммасига...” ҳадисининг тахрижи юқорида ўтди.

[10] Туруқул ҳукмийя. 24-бет. Ҳошияту фатҳил алиййил молик ала табсиратул ҳукком. Мустафо Ҳалабий нашри, 2-жилд. 111-бет.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!