Искандар Зулқарнайн Сурхондарёда кўприк қурганми?

21:00 06.02.2018 877

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги катта сой устида қадимги ғиштдан қурилган кўприк сақланиб қолган. Уни маҳаллий аҳоли Македон (Александр Македонский) кўприги, деб атайди.

Йўловчи, транспорт ва сув ўтиши учун мўлжалланган бу иншоат ўтмишдаги аждодларимиз меъморчилик санъатининг ноёб дурдонаси сифатида нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келади. Кенг ва баланд кўприк пишиқ ғиштдан юксак маҳорат ва дид билан барпо этилган.

Ана шундай ҳайратомуз йирик иншоатни ҳақиқатан ҳам Александр Македонский қурганми?

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Искандар (Александр Македонский) эрамиздан аввалги 327 йилда Термиз шаҳрини босиб олади ва унга Александрия номини беради. Хуллас, ёдгорликнинг қисқача тарихи битилган лавҳага ёзиб қўйилганидек, уни Александр Македонский номи билан атасалар-да, лекин кўприкнинг Искандар Зулқарнайнга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аниқроғи, ноёб ва мустаҳкам ушбу иншоот ХVI асрда Абдуллахон даврида барпо этилган. Катта сув оқимига эга бўлган Бандихонсойда қад ростлаган бу иншоат бир пайтлар қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этган. Уни бунёд этишда пишган ғишт, алебастр, оҳак, қум каби қурилиш материалларидан фойдаланилган.

Жорий йилда кўприк тўлиқ реставрация қилиниб, асл қиёфасини қайта тиклайди. Юртимиздаги бундай ноёб иншоатлар таъриф-тавсифини кўп эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал. Мабодо, Сурхондарё тарафларга йўлингиз тушиб қолса, бир неча аср аввал аждодларимиз барпо этган тарихий обидани албатта бориб кўринг. Уларнинг ақл-заковатидан завқ олиб, юксак меъморчилик санъатига ўзингиз баҳо беринг.

Манба: ЎзА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!