Иймон

Ислом билан шарафланганлар: кореялик Мадина

7755

“Ўз ишим бўлишига қарамасдан қўшимча даромад учун хориждан келиб корейс тилини ўрганмоқчи бўлганларга дарс ўтар, дарсларим онлайн бўлар эди. Ўрганувчиларнинг асосини талабалар ташкил этган. Уларнинг орасида бир ўзбек мусулмон йигити ҳам бор эди. Унга тахминан олти ой дарс ўтдим. 

Ўзбек йигитга дарс ўтишимдан олдин кўплаб китобларда ислом дини ҳақида ўқигандим, чунки мусулмонларнинг яшаш тарзи ва таълим-тарбияси мени қизиқтириб қўйганди. Айнан шу йигит менга ислом таълимоти ҳақида кўплаб нарсаларни чуқур ўргатди. 

Кунларнинг бирида у менга миннатдорчилик сифатида кўришишни таклиф қилиб, Ўзбекистон маданияти ҳақида гапириб бермоқчилигини айтган эди. Бизда, яъни Кореяда йигит ва қизнинг учрашиши, бирга яшаши эркин қарор саналади, бунга нисбатан қаршилик йўқ. Aммо ўзбекларда тамоман бошқача, оила қуриш ҳақида жиддий қарор қабул қилинмагунича учрашишда тарбиявий чегаралар бор экан. 

Биз шунинг учун ҳам дўстона учрашганмиз. Муносабатларимизда мени кўпроқ унинг тарбияси қизиқтирар эди, мен ҳам у каби шундай мусулмон бўла олармикинман деган хаёллар ҳам бўлган. Aммо бунга ўзимнинг ишончим комил эмасди, чунки алкоголсиз ва уларда тақиқланган, аммо бизда доимий истеъмол қилинадиган чўчқа гўштини емасдан яшай оламанми, бунга ота-онам ва дўстларим қандай фикр билдиришаркин, деган саволлар қийнарди. Мен ишлайдиган компания исломга ўтганимдан кейин у ерда намозни адо этишимга рухсат берармикин, деб узоқ ўйлардим. 

Aммо мусулмон йигитнинг қатъийлиги ва берган маслаҳати мени ҳайратда қолдирди. Ўшанда унинг агар Ягона зот – Аллоҳ учун учун ҳаммасига сабр билан ҳаракат қилсанг ва унга ишониб имон келтирсанг, албатта, бунинг учун мукофотланасан, деган сўзлари ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. 

Бу йигит ислом динни қабул қилишимда катта ўрнак бўлган ва менда кучли таассурот қолдирган. Ниҳоят дуч келишим мумкин бўлган қийинчиликларга қарамай, ёлғиз Аллоҳ учун буни енгиб ўтишга қарор қилдим. Исломни қабул қилгач, ўзимга Мадина исмини танладим. Шундан сўнг у оилам билан танишиб, оила қуришга розиликларини олмоқчилигини, уникилар ҳам бунга розилигини айтди. Мен ҳам ота-онамга унга турмушга чиқмоқчилигимни айтдим. 

Менга осон бўлмаган, албатта. Айниқса, ҳижоб кийиш. Мен ундан нега бундай кийиниш керак, деб сўррадим, буни қабул қилиш ва мослашишим қийин бўлган. Aммо у буни жуда гўзал таърифлар, тушунтириб берар эди, бунда мажбурлов йўқлигини, тўғри йўлни инсон ўзи англаши кераклигини айтарди. Мени таъсирлантирган ва ҳақиқий бахтга етиш учун қийинчиликни енгиб ўтишимга ёрдам берган нарса бу исломда оилага нисбатан муқаддас қаралиши, ҳалолликка интилиб яшаш бўлган. Чунки Кореяда ёшларнинг оилага нисбатан қарашлари бундай жиддий эмас, истакларига қараб иш тутишади. Биз оила қурдик. Биласизми, инсоннинг ёнида шундай суянадиган инсони бўлишини ҳамма ҳам истайди, мен шундай бахтга етишдим. Оила аслида қандай неъмат эканлигини англадим. 

Aммо муаммолар бўларди, масалан, ишлайдиган жойимда ҳижобга рухсат этилмас, у ерда намозни адо этишга жуда қийналардим, имкони бўлмай қолган пайтлари ҳам кўп бўлган. Рамазон кунларининг бири эди, биз эрим билан рўза тутгандик, компаниямда эса базм бўлиб қолди, бу менга келган синовлардан бири эди деб биламан. Ўшанда дастурхонда динимга тўғри келмайдиган ичкилик ва егуликлар бор эди, аммо мен рўзамни бузмадим, сабрлилардан, қатъиятлилардан бўлишга ҳаракат қилдим. Баъзи сабабларга кўра тутган рўзамни бузган ва намозни адо қилолмай қолган пайтларим ҳам бўлган, бунга мажбур бўлардим ва уйга келиб қаттиқ йиғлардим. Ўша вақтларда мусулмончилик қандай эканлигини англаганимни ҳали-ҳануз ҳис қилганман. Кореяда у ердаги мусулмонлар каби тартиб билан ҳаёт кечириш жуда қийин, аммо эримнинг менга бундай вақтлардаги ёрдами катта. Исломда аёлнинг эрини ва эрнинг аёлини тушуниши, бир-бирларини борича қабул қилиши бу жуда ажойиб. Ёнимда шундай – мени тушунадиган инсоннинг борлиги катта бахт. Мен ҳалол таомларни пиширишни ўргандим. Кўп мусулмонларни меҳмонга чақираман. Биз турмуш ўртоғим билан бирга ишлаяпмиз, орзуларимиздан бири Мадина шаҳрини кўришдир, исмимни шундай танлаганим бежиз эмас”.

Кореялик Мадина

Шаҳноза Жўрамуродова таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жошуа Эванс: Мен қандай қилиб мусулмон бўлдим? (5-мақола)

565 20:35 15.07.2020

Феминизм Исломда

909 14:40 14.07.2020

Жошуа Эванс: Мен қандай қилиб мусулмон бўлдим? (4-мақола)

1326 21:11 10.07.2020

Истисно ва Пайғамбарлар алайҳимуссалом аёллари ҳақида

933 19:20 07.07.2020

Қабул-2020: ««Ҳидоя (Мулла Қирғиз)» ўрта махсус Ислом билим юрти

794 18:00 06.07.2020

Алҳамдулиллаҳки, сигирга сиғинмаймиз...

1315 19:30 05.07.2020
« Орқага