Ислом ва илм

14:00 30.01.2018 298

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳга ҳамд бўлсин. Инсонларга яхшиликдан таълим берувчи Муҳаммад Мустафо саллалллоҳу алайҳи ва салламга, у зотнинг оила аъзолари, саҳобалари ва у зотга эргашган зотларга саловотлар бўлсин.

Башарият Ислом динидек илмга чақириб, унга тарғиб қилиб, қадрини улуғлаб, унинг аҳлини юксакларга кўтариб, уни талаб қилишга, таълим олишга ва таълим беришга қизиқтириб, одобини баён қилиб, натижасини кўрсатиб, илмдан орқада қолишдан ёки унинг аҳлидан юз ўгиришдан, унинг ҳидоятига қарши боришдан, унинг аҳлини беҳурмат қилишдан қайтариб, илмга катта аҳамият берган бирор динни билмайди.

Ислом динидан олдинги динларни ўрганган ёки муқаддас китобларини ўқиган кимса бу борада Ислом динининг нақадар улуғ эканига ишончи янада ортади.

Сиз Эски аҳд ёки Янги аҳддаги “Муқаддас китоб”нинг жузларини ўқисангиз, “ақл”, “фикр”, “назар”, “ҳужжат”, “илм”, “ҳикмат” ёки уларнинг маънодошларига, улардан келиб чиққан ёки шу маънодаги сўзларга кўзингиз тушади. 

Агар Қуръони Каримни ўқисангиз, худди “Муъжамул муфаҳрис лиалфозил Қуъронил Карим” (“Қуръони Карим сўзларининг алифбо тартибидаги мундарижаси”) китобида айтилганидек, қуйидагиларни кўрасиз:

“Илм” сўзи накира ва маърифа ҳолида саксон маротаба зикр қилинган. Ундан ясалган “билади”, “биладилар”, “билдирди”, “билдиради”, “ўта билувчи”, “ўта билимдон” сўзлари эса… Бу сўзлар юзлаб маротаба такрорланган.

“Ақл” сўзи Қуръони Каримда исм ёки масдар ҳолида келмаган. Унинг ўрнига “албоб – ألباب” сўзи 16 марта, ақллар маъносидаги “нуҳа – نهى ” сўзи эса икки марта такрорланган. Қуръони Каримда “ақл” сўзидан олинган сўзлар қирқ тўққиз марта, “фикр” сўзидан олинган сўзлар ўн саккиз марта, нозик жойларигача тшуниб етиш маъносидаги “фиқҳ” сўзидан олинган сўзлар йигирма бир марта, “ҳикмат” сўзи йигирма марта, “бурҳон” – “ҳужжат” маъносидаги сўз эса бошқа сўзга бириккан ва бирикмаган ҳолда етти марта такрорланган. Булар “назар солинглар”, “назар соладилар” каби илмга алоқаси бор сўзларни ҳисобламаганда шунчани ташкил қилади. 

Агар ҳадиси набавий китобларини мутолаа қилсангиз, мавзу ва бобларга кўра таснифланган китобларнинг барини мавзуси илм билан тўлганини кўрасиз.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларида “Ваҳийнинг бошланиши” ва “Иймон китоби”дан сўнг “Илм“ китобини кўрамиз. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, ушбу боб бир юз иккита марфуъ ҳадисни ўз ичига олган. Улардан ўн олтитаси такроран келтирилган. Саҳобалар ва улардан кейинги зотлар раҳимаҳуллоҳларнинг йигирма иккита мавқуф асарлари – сўзлари ҳам бор. 

“Саҳиҳи Муслим” ва ундан бошқа еттита саҳиҳ китобларда (Муватто, Сунани Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа) илм тўғрисида қисқа ёки кенгайтирилган шаклдаги китоб ва боблар мавжуд. 

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг “Муснад”лари тартибида ёзилган “Ал Фатҳур Раббоний” китоби саксон битта ҳадисни ўз ичига олганини эслашимиз кифоя. Ҳофиз Нуруддин Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳнинг “Мажмауз завоид” китобларидаги “Илм” китоби саксон уч саҳифа бўлиб, ҳар бир саҳифада бир қанча ҳадислар мавжуд. Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳнинг “Мустадрак”ларида илм ҳақидаги ҳадислар қирқ тўрт саҳифани ташкил этади. Ҳофиз Мунзирий раҳимаҳуллоҳнинг “Ат Тарғиб ват Тарҳиб” асарлари бир юз қирқ тўртта ҳадисни ўзида жамлаган. Аллома Ибн Муҳаммад ибн Сулаймон раҳимаҳуллоҳнинг “Жамъул фавоид мин жамиъил усули ва мажмаиз завоид” китобларидаги “Илм” китоби бир юз эллик тўртта ҳадисни ўз ичига олган.

Ушбу китобларнинг барчасидаги кўпгина ҳадислар бошқа китоблардаги ҳадислар билан бирга такрорланиб келган. Ана ўша китобларда келган ҳадисларнинг бари фақатгина илмга тегишли дегани эмас. 

Аслида, илмга таауллуқли бўлган ўнлаб, юзлаб ҳадислар бор. Лекин биргина ҳадис кўп нарсага далолат қилгани ва ундан кўпгина ҳукмлар олингани эътиборидан, бошқа ўринларда ҳам келтирилган. 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмон эркакларнинг сонига эътобор қаратганларини билиб олган ҳадисимиз “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” да келган, аммо “Илм китоби” да келтирилмаган. Тиб ва даволанишга оид ҳамда шу каби ҳадислар илм китобида эмас, балки “Тиб ва даволаниш” китобида келтирилган.

Шундай қилиб, илмга тегишли бўлган ҳадисларни турли хил номлар остидаги ҳадис китобларининг бобларида учратишимиз мумкин. Олим эса уларни ўз ўринларидан топиб, тарқоқларини жамлаб, фикрини ёритиб, мақсадини баён қилиб берадиган бирор китоб ёзиши мумкин, холос. 

Абдуллоҳ ҒОФУРОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!