Исломда иқтисодга давлат аралашуви

17:30 04.12.2017 585

Мен иқтисодчи эмасман. Бу соҳани деярли тушунмайман. Бироқ шуни яхши биламанки, ҳар бир соҳанинг ривожи учун давлат, ҳукумат раҳнамолиги, ҳомийлиги ва аралашуви даркор. Бусиз бирор соҳанинг ниҳоят даражада ривожланиши мушкул иш. Аммо шунга қарамай баъзи ишларда ҳукумат аралашувини бироз чеклаш маълум соҳаларни либераллаштириш шу соҳанинг ривожи ва тараққиёти учун энг асосий омил бўлади. Эътибор беринг, аралашувни ман этиш дейилмади, балки уни чеклаш дейилди.

Масалан, иқтисодни олайлик. Мутахассисларнинг фикрича, бу соҳа катта эркинликни хоҳлайдиган, шунда тўлиқ тарққиётга эришадиган соҳа саналади. Хўш, муқаддас динимизда бу борада нима дейилади? Мазҳаб уламоларининг иқтисодга, аниқроқ айтадиган бўлсак, маҳсулотлар тан нархини белгилашга нима дейишади? Бу борада нималарни биламиз? Қуйида ҳукмингизга иқтисодга, хусусан маҳсулотлар тан нархини белгилашга давлат аралашувининг қай даражада бўлиши борасидаги уламоларнинг қарашларини ҳавола қиламиз.

Ислом фиқҳида ҳам маҳсулот нархларини белгилаш амалиётининг алоҳида номи, истилоҳи бор. У “Тасъир” деб номланади. Тўрт мазҳаб уламолари тасъир аслида ҳаром эканига иттифоқ қилишган. Бироқ фақиҳларнинг наздида тасъирнинг жоизлиги қайдланган. Уларнинг баёни қуйироқда келади. “Бадоиъус саноиъ”нинг соҳиби тасъирнинг ҳаромлигини исботлашга Қуръон ва суннатдан нақл қилинган қуйидагиларни далил қиладилар: 

Қуръондан далил: Аллоҳ таолонинг: “Эй, мўминлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангизлар! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бундан мустасно” , ояти. Мазкур оятда олди-берди ва савдоларда ўзаро розилик шарт қилинмоқда. Тасъир билан эса ўзаро розилик юзага келмайди.
Суннатдан далил: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “То чин кўнгилдан бермагунича мусуллон кишининг моли ҳалол бўлмайди” , деганлар.

“Ал-Муғний” соҳиби бунга Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилиб, бундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замоналарида Мадина бозорида нарх кўтарилиб кетди. Шунда одамлар: “Ё Расулуллоҳ, нарх-наво ошиб кетди. Бизга нарх қўйиб беринг”, дейишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Албатта, Аллоҳ У – нарх белгиловчи, (уни) тутиб турувчи, туширувчи, ризқ берувчидир. Мен Аллоҳга сизлардан ҳеч бирингиз қон ва мол борасидаги зулмни мендан талаб қилмаганингиз ҳолда йўлиқишни умид қиламан” , дедилар.

Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ бунинг далиллик жиҳати иккита:

1. Гарчи инсонлар сўраса-да, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нарх белгилаб бермадилар. Агар бу иш жоиз бўлганида эди, У зот кишиларга ижобат қилар эдилар.
2. У зот бу ишларини зулм эканлиги ила изоҳладилар. Зулм эса ҳаром.

Бу борадаги ақлий далилар: Инсонлар ўз мол-мулкларини эркин тасарруф қилиш ҳуқуқига эга. Тасъир эса уларни бундан тўсиб қўйишдир. Султон эса мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунга риоя этишга буюрилган. Унинг харидорлар фойдасини ўйлаб нархини тушириши сотувчилар манфаатини ўйлаб нархни ўз холига қўйишидан устун эмас. Нарх (ёки пул) ақд тузувчининг ҳақидир. Шундай экан уни белгилаш ҳам унинг изимида бўлиши лозим. Қолаверса, тасъир нархнинг янада ошиши ва кишиларга ўз молларида қийинчилик қилишга сабаб бўлади. Чунки импорт қилувчи тужжорларга маҳсулотларини ўзлари истаган нархда соттирилмаслиги хабари етиб борса, бундай шаҳарларга мол олиб кирмай қўйишади. Маҳсулоти бор кишилар ҳам уларни сотмай, яширишга уринишади. Ҳожатмандлар эса уни қидириб, топа олишмайди ёки жуда оз миқдорда топишади. Шунинг учун топган маҳсулотларини қўлга киритиш учун унинг нархини ошириб юборишади. Натижада нарх кўтарилиб, икки тараф ҳакм зарар кўради. Харидор тараф ўзи истаган маҳсулотни топа олмагани сабабли, сотувчи эса маҳсулотларини сота олмаганлари сабабли зарар кўради. Шунинг учун бу иш ҳаром саналади. Бироқ шунга қарамай уламолар маълум шароитларда тасъир, яъни султон ёки ваколатли шахс тарафидан нарх белгилаб берилиши жоизлигини зикр қилишган.

Тасъирнинг жоиз бўлиш шарти: Юқорида айтиб ўтилганидек, асл қоидага кўра тасъир, раҳбарнинг маҳсулотлар нархига аралашуви мумкин эмас. Илло шундай ҳолатлар бўладики, унинг тақозосига кўра ҳокимда нарх-навога аралашиш ҳуқуқи бўлади. Баъзида эса бунга аралашиши вожибга айланади. Бу борада уламоларнинг қарашлари турлича.

У ҳолатлар қуйидагилар:
1. Озиқ-овқат маҳсулоти эгалари жуда ҳаддан ошиб кетиши:

Ҳанафий фақиҳлари озиқ-овқат маҳсулоти эгалари нарх қўйишда жуда ҳаддан ошиб кетса ва мусулмонларнинг ҳуқуқларини фақат тасъир йўли билангина ҳимоялаш имкони қолган бўлса, ҳоким инсонларга нарх белгилаб бериши жоиз эканини очиқ айтишган. Бироқ бу иш ҳам мутахасис ва уламолар билан маслаҳатлашгандан сўнг амалга оширилади. Бу мухтор қавлдир. Ана шу қавлга фатво берилган. Чунки бу иш орқали мусулмонларнинг ҳуқуқлари зое бўлиб кетишдан ҳимояланади ҳамма оммадан зарар баратараф этилади . Аллома Зайлаъий раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқалар айтганидек, нарх қўйишда жуда ҳаддан ошиб кетиш – маҳсулотни ўз нархидан икки баробар қимматга сотишдир .

2. Кишиларнинг маълум маҳсулотга муҳтож бўлиб қолиши:
Ҳанафийлар мана шу маънода: “Султон кишиларга нарх белгилаб бериши тўғри эмас. Илло оммадан зарарни бартараф этиш мана шу ишга бориб тақалган ҳолат бундан мустасно”, дейишган. Моликийлар ҳам бунинг учун ишда бирор маслаҳат, манфаат бўлишини шарт қилишган. Шу маънодаги қавл имом Шофеъийга ҳам нисбатланади. Шунингдек, жуда катта фойда олиш мақсадида сотувчилар ўзаро келишиб олишса ёки харидорлар ҳам шунга ўхшаш келишувни амалга оширишса ҳам ваколатли шахс тарафидан нархга аралашиш вожибга айланади. Бироқ нарх белгилашда эътибор қаратилиши вожиб бўлган шартлар мавжуд. Яъни, тасъирда нарх адолатли бўлиши лозим. Зеро, бу ишда фақатгина бир тарафнинг манфаати эътиборга олиниб, иккинчи тараф бефарқ қолдирилиши мумкин эмас. Тасъирда сотувчига бироз фойда қоладиган ҳамда харидорга ҳам жуда машаққат бўлиб кетмайдиган ўртача нарх белгилаш лозим . Агар фақат харидорнинг ҳуқуқи ҳимояланиб, сотувчига нисбатан адолатсизлик қилинса, буни амалга оширган киши гуноҳкор бўлишидан ташқари, шу тардаги маҳсулот савдоси ёки касб ҳунар инқирозга учрайди. Бу борада қуйидагича йўл тутилади: ваколатли шахс бозордаги обрў-эътиборли савдогарлар ҳамда ўз адолатини исботлаш учун бошқа кишиларни тўплаб, мутахассислар иштирокида савдогарлар билан кенгашади. Улардан қандай нархга харид қилиб, қандай нархга сотишаётганини сўрайди ва шундан келиб чиқиб ҳаммани рози қилган ҳолда уларга ҳам, оммага ҳам манфаатли нарх белгилайди. Мана шу тарзда тасъир амалга оширилгач, бунга акс иш тутиб, маҳсулотини янада қимматга сотган савдогарга таъзир берилади. Бу ҳанафий, моликий ва шофеъийларнинг қарашидир. Чунки бу иш султонга қарши чиқиш ҳисобланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан бундай иш қилган савдогар ҳақида сўрашганда “Унга таъзир берилади”, деб жавоб қайтарганлар. Таъзирнинг кўриниши султоннинг ихтиёрига топширилади. У ҳибс, калтаклатиш, молиявий жарима ёки  бозордан четлатиш бўлиши мумкин.

Тасъирнинг кайфияти: Тасъирни жоиз деб билган жумҳур фақиҳлар нарх белгилашнинг кайфиятига алоҳида эътибор қаратиб: “Султон тасъир қилинаётган маҳсулот борасида бозорнинг эътиборли кишиларни йиғиши ҳамда ўзининг ҳақлигини исботлашш учун бошқа кишиларни ҳам чақириши ва тажрибали мутахассислар билан келишган ҳолда нарх белгилаши лозим. У тижоратчилардан қанчага сотиб олиб, қанчадан сотишаётганини сўрайди ва шунга кўра нархни тижоратчиларга ҳам, омма халққа ҳам фойда келтирадиган одилона миқдорга туширадики, ҳамма рози бўлсин” , дейишади. Абулвалид Божий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Бунинг сабаби шуки, ана шу йўл билан сотувчи ва харидорларнинг манфаати кўринади ҳамда сотувчиларга эҳтиёжларини қондирадиган фойда ва оммага машаққат туғдирмайдиган ўрта йўл белгиланади”. Ҳеч қайси уламонинг фикрича, сотувчилар маҳсулотни қанчага сотиб олаётганларига қарамай, уларга “Фойда кўрсанг ҳам, кўрасанг ҳам фалон нархдан сотасан”, деб бўлмайди. Шунингдек “Фақат сотиб олган нархингга сотасан”, дейиш ҳам нотўғри .

Нималарга нисбатан тасъир жорий қилинади?
Уламолар тасъир жорий қилиниши мумкин бўлган ашёларни белгилашда ихтилоф қилишган. Бу ихтилоф уларнинг “Тасъирнинг таклифий ҳукми” борасидаги ишоралар қилинган нарсага асосланган. Шофеъийлар наздидаги энг тўғри қарашга кўра, тасъир икки озуқада (яъни, инсон ва ҳайвонларнинг озуқасида) ва бошқаларда жорий қилинаверади. Бирор озиқ-овқат маҳсулоти ёк ҳайвонларнинг бирор махсус емишига чекланиб қолмайди. Ҳанафийлардан Аллома Қўҳистонийнинг қавли ҳам шундай. Аллома Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Зарар туфайли ҳажр қилиш” ва Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ихтикор” борасидаги қавлларига таянган ҳолда омманинг манфаатини ҳимоя қилиш учун икки турдаги озиқ-овқатдан бошқа, гўшт ва ёғга ҳам жорий қилиш жоизлигина тўғри деб ҳисоблаганлар. Бу борада ҳанифийларнинг бошқа қавли ҳам бўлиб, Аллома Аттобий, Ҳассос ва бошқалар уни очиқ айтишган. Унга кўра, тасъир фақат икки турдаги озуқада бўлади. Аллома Ҳарроний раҳматуллоҳи алайҳнинг ихтиёри ҳам шунга кўра бўлган. Яъни, у киши тасъирни фақат озуқага чекламаган. Балки юқоридаги каби ҳукмни зикр қилган. Бу борада Ибн Қаййим ҳам Ҳарроний раҳматуллоҳи алайҳнинг йўлини тутган ва тўғри ҳамда адолатли (мислий) нархда сотилмаётган исталган турдаги товарларга тасъир жорий қилиш жоизлигини айтган.


Шайх Тақиюддин раҳматуллоҳи алайҳ бозор аҳлига мислий нархларда савдо қилишни мажбурий қилиб қўйишни вожиб деб билиб: “Бу борада низо йўқ. Чунки бу Аллоҳ таолонинг ҳаққи учун бўлган омманинг манфаатидир. Инсонларнинг манфаати худди урушга ўхшаб фақат шу билан том бўлади”, деган. “Матолибу улин нуҳо”нинг соҳиби “Бу – инсонлар ўртасида нархи маълум бўлган, ўзаро фарқланмайдиган буғдой ва шу каби нарсалар борасидаги гўзал мажбуриятдир”  деган.

Моликийларда ҳам бу борада икки қараш бор:
1. Озуқа бўлсин ёки бошқаси, тасъир идишлаб ўлчанадиган ва тарозида тортиладиган маҳсулотлардагина бўлади. Идишлаб ва тарозида ўлчанадиган маҳсулотларда ўзаро мислиймийк бўлмагани учун тасъир жоиз эмас. Бу Ибн Ҳабибнинг қавли. Абулвалид Божий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳукм идишлаб ва тарозида ўлчанадиган маҳсулотлар(нинг сифати) бир хил бўлган ҳолатга тегишли. Агар улар фарқланса, сифатли маҳсулот эгаси ўз товарини сифатсиз маҳсулот нархига сотишга буюрилмайди. Чунки худди миқдордаги сингари сифатнинг ҳам муқобилида пулнинг маълум улуши туради”, дейди.

2. Тасъир фақат озуқа маҳсулотларида бўлади. Бу Ибн Арафа раҳматуллоҳи алайҳнинг қавли. Буларнинг ҳаммаси тасъир жоиз бўлган ҳолатларга тегишли. Хулоса шуки, омма манфаати ҳимояланиши ва сотувчилар ҳаддан ошиб кетгандагина давлат тижорий ишларда нарх белгилаш ва бунга давлат аралашуви мумкин. Бироқ бу ҳам адолат ила амалга оишрилиши лозим. Зеро, адолат тараққиётнинг энг асосий устунидир.

Зияуддин БЕКМУҲАММАД тайёрлади.
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!