Исломнинг асоси - ақида

01:39 30.08.2017 1329

Албатта, Исломнинг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига иймон келтиришдир. Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришга умид ҳам бўлмайди.

Инсондан нафс мойиллиги, дунёвий мақсадлар ёки инсу жин шайтонларининг васвасаси каби тўсиқлар олиб ташланиб, ақлига қўйиб берилса, ҳеч бир сабаб уни Аллоҳга иймон келтиришдан тўсиб қололмайди. Шунда у бутун борлиқда Унинг борлигини айтиб турувчи далиллар билан тўлиб-тошганини ҳамда Қуръоннинг ўзида иймон-ишончнинг олий даражаларига юксалтирувчи поғоналар борлигини кўради. Бундай пайтда инсон иймон келтириш учун далил-ҳужжатга, баҳс-мунозарага, оддий ёки мураккаб далиллар ахтаришга эҳтиёж сезмайди.

Бироқ Аллоҳ таоло инсонларни синаб, гўзал амал қилганларини ажратиб олишни хоҳлади. Аслида, У уларнинг қилажак амалларини Ўзининг азалий илми билан билади. Шундай бўлса-да, уларни воқеликда бажарганларига мувофиқ жазолаш ёки мукофатлашни истади. Шу боис У тўғри йўлга етакловчи ақл ёнида инсонга шаҳватлар ва адаштирувчи ҳавои нафслар берди. Шунингдек, ботилга ишониб ортидан юришни нафсга осон қилиб, ҳақиқатга инониб эргашиб кетишни унга қийин қилиб қўйди.

Шу сабабли сохта шубҳалар пайдо бўлди, зулмат кучайди, таассуб ақлдан устун келди. Булар бирлашиб, оддий ҳақиқатни булғагани баъзи одамлар фикрида ҳақиқат ғайбий фалсафа, тасаввур ва хаёлотга айланди.

Натижада, ушбу исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатга назарий мураккаб масалалар ўлчови билан қараш керак бўлиб қолди. Бунда баҳс юритувчи киши ақлини топқирлигини, ишонишини четга суриб, ўша ҳақиқат атрофида қўзғалиши мумкин бўлган шак-шубҳа сабабларини тасаввур қилиб, уларни жиддий деб билади ва илмий тадқиқот мезонига қўяди. Кейин тадаббур қилувчи киши бу шубҳаларни ҳур ақл ҳукмига топширади. Агар ақл уларни сохта эканини очиб берса, инсофи бор шубҳа қўзишдан тийилади. Инсофсиз ғаразгўй эса ҳамон йўлида давом этади. Чунки унинг мақсади ҳақиқатни рўёбга чиқариш эмас, балки ўз ғаразини амалга оширишдир.

Аслида, Аллоҳга иймон келтириш далилга эҳтиёжи йўқ исбот талаб қилмайдиган масала. Лекин у баъзи инсонлар хаёлида фикр юритиб баҳс-мунозара қилинадиган мураккаб ишга айланган. Шундай экан, иймон масаласи қоқ кундузи қуёш нур сочиб турганига ишониш бўлган тақдирда ҳам одамлар орасида уни инкор қилиб тортишадиганлар чиқаверади.

Шу боис салаф солиҳларимиз Аллоҳ таолонинг борлигига илмий далил-ҳужжатлар келтириб, мухтасар ёки муфассал китоблар битганлар. Бу билан улар ўша инсонлар савиясига тушишга рози бўлдилар. Шунинг учун Аллоҳнинг борлигини изоҳ талаб қийин назарий далиллар билан исботлаб, уларни шарҳладилар. Бунга ҳам ақл ва ҳам юнон фалсафаси мезон сифатида олинди. Агар ўша ғаразгўй ўзини билимдон кўрсатувчилар бўлмаганида мусулмонларга саҳобалар кифояланган оддий фикр, ақл ҳуррияти, Қуръон ва борлиқ далиллари етарли бўларди.

Замон ўзгариб, бугунлик кунда биз янгича шубҳалар оғушидамиз. Бу шубҳалар олдинроқ пайдо бўлганлари билан чамбарчас боғлиқмас, лекин иккаласининг асоси битта. У ҳам бўлса, таассуб ва фикрлашдан тўхтатувчи истаклардир.

Бу шубҳалар илм мезонига тўғри келмайди. Балки буларнинг бари тахмин, ўй-хаёл ва туйғулардан иборатдир. Нима бўлганда ҳам инсонларга ҳақни кўрсатишни хоҳлайдиган киши унинг йўлини тозалаб қўяди.

Демак, бу борада салаф солиҳларимиз йўлини тутамиз. Янгича шубҳа эгалари эътиборга олган фикрий мезонлардан чиқмаган ҳолда уни илм ва ақл мироскопи остига қўямиз. Шундан сўнг ўша шубҳалар ҳам, уни қўзғаб юрганларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам сохта экани маълум бўлиб қолади.

Ажабланарлиси шуки, баъзилар ўзлари тузиб чиққан йўлни “илм” ва мусулмонларнинг йўлларини “эътиқод” деб атайдилар. Уларнинг наздида диннинг илмий ҳақиқати фикрий сисиладан иборат: дастлаб, у коҳинлик ва мунажжимлик бўлган ва кейинчалик сеҳр даражасига кўтарилиб, охири пайғамбарликкача етиб борган. Пайғамбарлик эса анъана ва расм-русумлардан ташкил топиб, унга алоҳида муқаддаслик руҳи берилган. Пайғамбарлар чақирган дин эса “эътиқод” устига қурилган. Ҳа, улар шундай деб ўйлайдилар.

Шунинг учун Ислом ақидасининг асослари ва далилларини ўрганишдан олдин унинг қонун-қоидасини билидириб ўтиш лозим. Яъни мукаммал дастури ишлаб чиқиш керак. Шунда ишончли ҳақиқатлар гумонли ёки янглишлари билан қоришиб кетмайди.

Абдулҳодий ҒИЁС

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!