Иймон чироғи

09:40 04.10.2017 876

Дунё аслида қоронғуликдан иборатдир. Бугунги замонавий илм-фан ҳам шуни исботладики, дунёнинг 98 фоизи зулматдан иборат экан. Унинг ёруғлиги учун қуёш галактикасининг мукаммал низом остидаги муайян ҳаракатланиб туриши лозим бўлади. Шу сабабли кундузи ва кечаси дунё ёруғлик зиёсидан баҳраманд бўлиб туради. Агар ёруғликнинг ушбу низоми бўлмаганда эди, бутун ер юзи совий-совий музлаб қоларди. Зулмат ва совуқ таъсирида бутун мавжудотлар ҳалок бўлишарди. Зулмат аро ҳарорат йўқолгани сингари ҳаёт асари ҳам сўнган бўлар эди. Ёруғлик ҳароратдан пайдо бўлади. Коинотни кўриш учун инсонга икки нурафшонлик, ички ва ташқи ёруғлик даркор бўлади. Ички ёруғлик бу кўз нуридир. Ташқи ёруғлик эса қуёш нуридир. Агар қуёш бўлмаса кўз нури бекор, агар кўз нури бўлмаса қуёшнинг ёруғлиги бефойда бўлиб қолади. Икки нур жамлансагина инсон бутун оламни кўра олади.

Коинот сингари инсон қалбининг асли ҳам зулматдан иборат. Қалбга ҳам ҳарорат пайдо бўлиши, тўғри йўлни кўра олиши учун ёруғлик даркор. Қалбнинг қоронғулиги жаҳолат, бошқа инсоний камчилик нуқсонлар ва гуноҳлар туфайли ҳосил бўлади. Қачонки дилда бир қанча қораликлар пайдо бўлса, уларни кетказиш учун инсон ички ва ташқи нурга муҳтож бўлади. Ички нур бу – иймондир, ташқи нур эса бу Қуръондир. Инсоннинг ичидаги иймон чироғи Қуръон илмлари ҳарорати туфайли шула сочади. Дил фонусида нур сочаётган иймон чироғи худди фонус шишаси ичида жилваланаётган нурга ўхшайди. Фонус шишаси қанчалик соф ва тоза бўлса, унинг ичидаги шуъла шунчалик ёрқин нур сочганидек қалб фонуси ичра ёнаётган иймон чироғи ҳам қалб ойнаси қанчалик зоҳирий ва ботиний гуноҳ кирларидан пок бўлса, шунчалик порлоқ нур сочади. Натижада бу нурнинг ёруғлиги нафақат инсон қалби ичра, балки бутун вужуди узра ҳам ўз аксини топади. Иймон нурлари ёрқин шуъла сочувчи инсонларнинг юз кўзлари ва аъзолари ҳам нурли бўлиб, ички нури зоҳирида кўриниб туради.

Инсон ушбу нур туфайли зулмат ичра сиротим мустақим бўлган ҳидоят йўлини топиб олади. Ҳар тарафидан шайтонлар ва гумроҳликлар ўраб, уни ҳар қадамда адаштириш ва йўлдан оздириш пайида бўлганига қарамай инсон ўз йўлида собит одимлайверади.

Камолиддин РАВШАН

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!